"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги "Ишчи гуруҳ" "Сомонтепа" конидаги ҳолатни ўрганди (Фото)

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги "Ишчи гуруҳ" "Сомонтепа" конидаги ҳолатни ўрганди (Фото)


"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги "Ишчи гуруҳ" аъзолари ижтимоий-иқтисодий аҳвол, ходимларнинг иш ва яшаш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш мақсадида ҳар ҳафта якунида тизимдаги корхоналарга ташриф буюрмоқда.

Бошқарув раиси ва Ишчи гуруҳ ҳафта якунида Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли "Сомонтепа" конида бўлиб, у ердаги қурилиш ишлари ҳолатини ўрганди.

"Сомонтепа" конида янги монтаж қилинаётган 33 км узунликдаги d=1020мм.лик газ коллектор лойиҳаси 2017-2021 йилларда углеводород хом ашёсини қазиб чиқаришни ошириш дастурига асосан қурилаётган бўлиб, ушбу газ қувуридан йиллик 4 млрд. метр куб газ хом ашёси ўтказиш қувватига эришилиши, қўшимча кунлик 1 млн. метр куб газ қазиб олиш кераклиги бўйича топшириқлар берилди.  

Шунингдек, "Ишчи гуруҳ" аъзолари томонидан "Сомонтепа" газ йиғув пунктида корхона ички имкониятидан келиб чиққан ҳолда қурилаётган газни бирламчи тайёрлаш қурилмасидаги қурилиш ишларининг қандай бажарилаётгани ҳам ўрганилди.

Ушбу газ коллекторида 2020 йилнинг 25 май кунига қадар синов ишлари тугатилиб, жорий йил июнь ойининг бошида ишга туширилиши бўйича вазифалар белгилаб берилди. 

Бошқарув раиси ушбу қурилишда ишлаётган ишчи ходимларнинг ойлик маошларини ўз вақтида олаётгани ёки йўқлиги, ойлик маош миқдорининг оширилгани, оиладаги иқтисодий аҳволга ижобий таъсир қила бошлагани ёки йўқлиги билан ҳам қизиқди. 

Улар билан дилдан суҳбатлашиб суҳбатлашиб, муаммолар ва таклифлари борасидаги фикрларини ўрганди. 

Эслатиб ўтамиз, "Сомонтепа" кони Бухоро вилоятининг Олот туманида жойлашган бўлиб, ҳозирги кунда кондаги 43 та қудуқдан табиий газ ва газ кондесант маҳсулотлари қазиб чиқарилмоқда. 

Газ коллекторларида гидравлик қаршилиги юқори бўлганлиги сабабли айрим қудуқларнинг даврий ишлатилишига олиб келмоқда. Ушбу кондан ҳозирда 7,0 миллион м3 газ ва 8 тонна конденсант қазиб олинмоқда.

Конда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг амалга ошиши эвазига эса қўшимча тарзда кунлик 1 миллион метр куб газ ва 2 тонна конденсат қазиб олишга эришилади.


"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

Report Page