“Ўзбеккино” Миллий агентлиги 2021 йил фильмлари учун кинолойиҳалар танловини эълон қилади!

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги 2021 йил фильмлари учун кинолойиҳалар танловини эълон қилади!


“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3176-сон ҳамда  2018 йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ёш киноижодкорларни янада қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида ижодий рақобат муҳитини шакллантириш, Янги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар, янгича ғоялар ва қарашларни акс эттириш мақсадида  2021 йилда давлат ижтимоий гранти асосида бадиий, ҳужжатли, мультипликацион, қисқа метражли ва юмористик киножурналлар, ижтимоий роликлар ҳамда телесериаллар тайёрлаш бўйича  устувор мавзулар рўйхатини эълон қилади.

Талабгор соҳа бўйича тегишли маълумот ва кўникмаларга эга бўлиши ва қуйидаги ғоялар асосида кинолойиҳаларни  тақдим этиши талаб этилади:

 “Янги Ўзбекистон” устувор ғояси асосида ёшлар ҳаёти, орзу ва интилишлари, амалга ошираётган ишлари ва натижалари акс этган бадиий, ҳужжатли, қисқа метражли ва мультипликацион фильмлар учун кинолойиҳалар;

Ҳамкорликда молиялаштириладиган кинолойиҳалар;

Ёш киноижодкорларнинг “Дебют” қисқа метражли фильмлар йўналиши  учун кинолойиҳалар;

“Дебют” тўлиқ метражли фильмлар йўналиши учун кинолойиҳалар;

“Зумраша” болалар ҳажвий киножурнали учун лойиҳалар.

I. МАВЗУЛАР РЎЙХАТИ

Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг  буюк даҳолари ҳаёти ва фаолияти ҳақида;

Ёш ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни, меҳнати, уларнинг обрў-эътиборини юксалтириш мавзусида;

Ёш шифокорларнинг бугунги кундаги ҳаёти, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдаги вазифалари  ҳақида;

Математиклар ҳаёти ва фаолияти, математика фанининг жамият ривожидаги аҳамияти ҳақида;

Сардоба фожиаси, халқнинг, ҳарбий хизматчиларнинг аҳолини техноген талофатлардан қутқариш жараёнидаги қаҳрамонликлари ва жасорати ҳақида;

Ички ишлар, Миллий гвардия, чегара қўшинлари, фавқулодда вазиятлар тузилмаларида фаолият юритаётган ёшлар ҳаёти ҳақида;

Ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий соҳаларда хизмат кўрсатаётган фидоий ёшлар ҳаёти ҳақида;

Ўзбек миллий кураши, ёш полвонларнинг ҳаёти, орзу ва интилишлари ҳақида;

Республикамизда кейинги йилларда амалга оширилаётган  бунёдкорлик ишлари ва  ёш қурувчиларнинг ҳаёти ҳақида;

Қишлоқ ёшларини фермерлик ва кластр методикаси асосида ишлашга кенг жалб этиш, ташаббускорликни қўллаб-қувватлаш  ҳақида;

Юртимизда фаолият юритаётган ишбилармонлар, тадбиркор ёшлар ҳаёти ҳақида;

Болалар учун эртак ва саргузашт фильмлар;

Инсоннинг маънавий-маърифий етуклиги ҳақида ҳикоя қилувчи эркин мавзудаги сценарийлар.

Танловга тақдим этиладиган кинолойиҳаларнинг мавзуси “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг 2021 йил иш режаси учун эълон қилинган устувор мавзуларига мос келиши шарт.

(Изоҳ: мазкур мавзулар рўйхатига Агентлик Бадиий кенгаши қарорига биноан ўзгартириш ва қўшимчалар  киритиш мумкин.)

Мазкур танловда иштирок этишни хоҳловчи талабгорлар танлов комиссияси йиғилишида кинолойиҳаларни тақдимот (питчинг) шаклида ҳимоя қилишади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 августдаги 695-сон қарори 1-ИЛОВАси билан тасдиқланган “Давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотлари учун танлов ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМ”ига кўра, танловда қатнашиш учун иштирокчиларга қуйидаги малака талаблари қўйилади:

белгиланган шакл бўйича танловда иштирок этиш учун ариза;

адабий сценарийнинг босма ва электрон вариантлари;

фильм аннотациясининг босма ҳамда электрон вариантлари;

белгиланган шакл бўйича фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган дастлабки маблағ ҳисоб-китоблари;

белгиланган шаклда фильмни ишлаб чиқариш бўйича дастлабки календарь-саҳналаштириш режаси;

кинолойиҳанинг декорацияси ва либослари эскизлари;

кинолойиҳа бўйича тайёрланган тақдимот (электрон ахборот ташувчида).

Тақдимотда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

кинолойиҳанинг концептуал ғоясини тасвирий ифода этувчи постер;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг асосий персонажлари роллари учун тахминий мўлжалдаги актёрлар ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари;

кинолойиҳанинг тижорат самарадорлиги;

кинолойиҳа ижодкорлари томонидан қўшимча маълумотлар (синопсис, фотоальбом, халқаро доирадаги таклифлар ва бошқалар) тақдим этилишига ижозат берилади;

кинолойиҳанинг тақдимот (питчинг)ига бадиий фильмлар учун 10 дақиқа, қисқа метражли ва бошқа лойиҳалар учун 7 дақиқа вақт ажратилади;

Тақдимотни бир киши ёки гуруҳ бўлиб амалга ошириш мумкин.

Танловга юбориладиган бадиий, бадиий-публицистик, киносериаллар, қисқа метражли ва ҳужжатли фильм сценарийларида қуйидаги ғоялар ишонарли ва юқори бадиий савияда акс эттирилиши лозим:

- юртимизда мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, ижтимоий-маърифий жабҳаларда рўй бераётган улуғвор ўзгаришлар ва бу янгиланишларда ёшларнинг ўрни;

- миллатимизга хос эзгу фазилатлар, шунингдек, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган қадриятларимиз улуғворлиги;

- ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишлари, маънавий-маърифий эҳтиёжлари, ватанпарварлик ва халқпарварлик тушунчалари, умумбашарий ва миллий қадриятлар мазмун-моҳиятини теран англаб етиши учун хизмат қиладиган ибратли ҳаётий сабоқлар;

- азалдан халқимиз учун муқаддас бўлмиш оиланинг ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини эканлиги;

- Ватан ва халқ манфаати йўлида адолат ва эзгуликни ҳимоя қилаётган, ёвузлик ва хиёнатга қарши муросасиз курашаётган, эътиқоди мустаҳкам, қатъиятли ва ғурури баланд замондошлар образи ўз ифодасини топиши лозим.

Муваффақиятли тақдимот асосида ижобий қабул қилинган кинолойиҳалар Агентлик Бадиий кенгаши қарори асосида ишлаб чиқаришга тавсия этилади.

Танловга тақдим этилган сценарийларга  тақриз ёзилмайди, топширилган сценарий ва ҳужжатлар муаллифларга қайтарилмайди.

Танлов бўйича ҳужжатлар фақат давлат тилида расмийлаштирилиб, 2021 йил 15 март куни соат 18-00 гача “Ўзбеккино” Миллий агентлиги биносида қабул қилинади.

 

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор кўчаси 1-а уй. Индекс: 100115.

www.uzbekkino.uz

Қўшимча маълумот учун телефонлар: 71-277-81-49, 71-277-82-09, 71-277-81-05.

 

 

 

 



Report Page