"Ўзбеккўмир" АЖ - ҳафта ичида

"Ўзбеккўмир" АЖ - ҳафта ичида

Воқеалар. Янгиликлар. Хабарлар

 

6 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги томонидан миллий захирага киритилган номзодларнинг касбий билим ва бошқарув кўникмаларини янада ривожлантириш юзасидан онлайн йиғилиш ўтказилди.

Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари К.Куранбаев раҳбарлигида Zoom ҳаволаси орқали ташкил этилган йиғилишда «Ўзбеккўмир» АЖ бош муҳандиси З.Ў.Иномходжаев ҳамда Персоналларни бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Н.М.Юлдашева қатнашди.

Маълумот учун, бугунги кунда Қоракалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)ларда миллий кадрлар захираси яратилган бўлиб, ушбу захира давлат секторида раҳбар кадрлар таркибини барқарор таъминлаш, унинг сифатини яхшилаш, давлат хизматчисининг касбий билимини ошириш ҳамда хизматда лавозими бўйича кўтариш мақсадида шакллантирилган.

  ***

6-9 сентябрь кунлари «Ангрен кўмир кони» филиалининг марказий диспетчерлик пункти фаоллар залида ишлаб чиқаришга ISO5000:2018 стандартини кенг жорий этиш масалаларига бағишланган ўқув семинари ўтказилди.

Cert international компанияси етакчи аудитори Владимир Береснев олиб борган машғулотларда ишлаб чиқариш энаргетика тизимига халқаро стандартни жорий этиш масалалари бўйича билим ва кўникмалар мустаҳкамланди.

Ўқув семинари якунида тингловчиларга сифат тизими менежменти сертификатлари тақдим қилинди.

***

Маълумки, Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб:

 ‒ ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий этилади.

Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сонли қарори қабул қилинган.

Ушбу қарорнинг 1-иловаси билан “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган.

Айни кунларда “Ўзбеккўмир” АЖда бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Ўзбеккўмир” АЖ ахборот ресусларида маълумотлар лотин алифбосида ҳам бериб борилмоқда.

***

Кўмир саноати республикамиз ёқилғи-энергетика мажмуининг муҳим таркибий қисми бўлиб, соҳани ривожлантириш, истеъмолчиларни етарли ва сифатли кўмир маҳсулоти билан таъминлаш долзарб бўлиб турибди. Ҳўш, соҳани ривожлантириш учун қайси масалаларга кўпроқ эътибор бериш керак?

 

“Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати 9 сентябрь куни ижтимоий тармоқлар орқали ана шу мавзу бўйича сўровнома ўтказди. Мазкур сўровномада ўтган бир ҳафта давомида 337 киши иштирок эди. 

Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 36 фоизини, иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя масалалари ҳамда маданий-маърифий тадбирлар масаласи кўпроқ қизиқтиради.

Иккинчи ўринда, яъни 26 фоиз иштирокчи ишлаб чиқаришни модернизациялаш, конларни техник қайта жиҳозлаш тарафдори.

Сўровномада иштирок этганларнинг 11 фоизи ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни кенг жорий этиш, 8 фоизи ишчи-ходимлар меҳнат шароитини яхшилаш, 4 фоизи иш юритишни, итехник адабитлар ва йўриқномаларни давлат тилига ўтказишни ёқлаб овоз берган.   

Биз кўмир саноати корхоналарининг ривожланиш йўналишларини белгилаш жараёнида кўпиликнинг фикри инобатга олинишига умид қиламиз.

***

Яқинда ижтимоий тармоқда Навоий вилояти Хатирчи туманида бюджет ташкилотларига кўмир бериш билан боғлиқ тарқалган танқидий мазмундаги видеолавҳа тарқалган эди.

Фуқаро Ф.Ҳамдамовнинг мурожаати асосида блогер томонидан тасвирга туширилган видеолавҳада бюджет ташкилотларига мўлжалланган кўмир талон-тарож қилинаётгани, хусусан тумандаги 28-сонли мактаб учун юк хатида кўрсатилганидан кам кўмир ортилгани ва камомадни қоплаш мақсадида кўмирга сув қўшилгани, шунингдек, сохта юк хати расмийлаштирилгани ҳақида гап боради.

  Ушбу лавҳа юзасидан “Кўмир таъминот” МЧЖ Навоий вилояти филиали бошлиғи Ф.Неъматов имзоси билан муносабат хати олинди ва ушбу жавоб “Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот ресурсларида жойлаштирилди (https://t.me/Uzbekkumir_uz/8462, https://t.me/Uzbekkumir_uz/8468).

***

13 сентябрь куни “Ўзбеккўмир” АЖ ижро аппарати биносида қабул комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Бош директор В.В.Кузнецов раислигидаги комиссия ишида жамиятнинг Пресоналларни бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бошқармаси, бош мутахассислар, филиаллар раҳбарлари ва кадрлар бўлимлари бошлиқлари, шунингдек Ёшлар иттифоқи етакчилар кенгаши, Бирлашган касаба уюшма қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда “Ўзбеккўмир” АЖ корхоналарига ишга киришни истовчи фуқаролар кўп. Шу масаладаги мурожаатлар юздан ортади. Мурожаатчилар билан суҳбатда уларнинг муаяйн мутахассислик бўйича касбий билим ва шахсий масъулиятига эътибор қаратилмоқда. Ишга қабул суҳбат натижаларига қараб, қабул комиссияси қарори билан амалга оширилади.

***

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида жорий 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун аҳоли истеъмолчиларига 882 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Айни кунларда “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли республика кўмир омборларида мавсумга тайёргарлик юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, галдаги долзарб вазифалар белгилаб олинмоқда.

 

“Ўзбеккўмир” АЖ бош директорининг режим ва кадрлар масалалари бўйича ўринбосари Нурали Талабаев раислигида “Кўмир таъминот” МЧЖ Наманган вилояти филиали раҳбари ҳузурида ташкил этилган йиғилишда филиал ходимлари ва кўмир омборлари мудирлари иштирок этди.

Филиал бошлиғи Ж.Хожиматов масала юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берди.

Йиғилишда кўмир омборларида меҳнат интизомини кучайтириш ва ходимлар масъулиятини ошириш, аҳолига ажратилган кўмир маҳсулотлари талон-тарожига йўл қўймаслик билан боғлиқ долзарб вазифалар белгилаб олинди.

***

Андижон вилояти истеъмолчиларига жорий куз-қиш мавсуми учун жами 316 минг 838 тонна кўмир маҳсулоти етказиб бериш режалаштирилган. Шунинг 213 минг тоннаси аҳоли (маҳаллий 158 минг тонна, тадбиркорлар томонидан келтириладиган импорт кўмир – 55 000 тонна), 103 минг 838 тоннасини бюджет ташкилотлари улуши ташкил этади.

Айни кунларда вилоятда бюджет ташкилотларини қаттиқ ёқилғи билан таъминлаш ишлари якунланмоқда. 

«Кўмир таъминот» МЧЖнинг Андижон вилоят филиали бошлиғи Баҳодир Султановнинг берган маълумотларга кўра, вилоятда жорий куз-қиш мавсумида жами 398 минг 145 та хонадон кўмирдан фойдаланади. Ҳадемай ушбу хонадонларга кўмир тарқатиш бошланади. Олис ва чекка ҳудудларига 14 минг тонна кўмир маҳсулотларини филиал тасарруфидаги юк автоуловлари ёрдамида етказилади.

***

16 сентябрь куни "Қурилиш-монтаж ишлари" филиалида "Оила" маркази вилоят бўлими маслаҳатчиси Бахтинисо Тангирова иштирокида ёшларни ҳаётга тайёрлаш ва ажралишларининг олдини олиш тўғрисида маънавият соати бўлиб ўтди. 

Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси А.Қаюмов қисқача кириш сўзи билан очиб берган тадбирда "Меҳр" театри ва "Ўзбекнаво" давлат муассасаси хонандалари бадиий чиқишлар намойиш қилинди.


Абдунодир Носиров тайёрлади

"Ўзбеккўмир" АЖ Ахборот хизмати






Report Page