Ўзбекистоннинг барча ҳудудида йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниш мумкин — аҳоли рационида йод танқислиги мавжуд

Ўзбекистоннинг барча ҳудудида йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниш мумкин — аҳоли рационида йод танқислиги мавжуд

Расмий хабарлар

Йод танқислиги касалликлари - патологик ҳолат бўлиб, қалқонсимон безнинг дисфункцияси билан боғлиқ ҳолда организмда йоднинг етарли даражада истеъмол қилинмаслиги билан боғлиқ жараён ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) йод танқислигини ўткир глобал тиббий-ижтимоий ва демографик муаммо деб ҳисоблайди, чунки, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудини ўз ичига олган эндемик ҳудудларнинг (130 дан ортиқ мамлакатларда) барча аҳолиси ЙТК ривожланиш хавфи остида яшайди.

Мазкур ташкилотнинг хулосасига кўра, дунё аҳолисининг 1/3 қисмидан кўпроғида ЙТК ривожланиш хавфи юқори, шу билан бирга 740 миллион аҳолида ЙТК (бўқоқ) кўринишлари мавжуд бўлса, 50 миллион аҳоли мия дисфункцияси ва ақлий заифликка эга.

Бироқ, йод танқислигига қарши кўп йиллик кураш олиб борилаётганига қарамасдан, ҳанузгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам йод танқислиги муаммоси тўлиқ ҳал этилмаган.

Ҳозирга келиб, Ўзбекистон шароитида аҳолиси йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниш хавфи бўлмаган ҳудуд йўқ, негаки республиканинг шу кунгача ўрганилган барча ҳудудларида аҳоли рационида йод танқислиги мавжудлиги кузатилган.

Aкадемик, Я.Х.Тўрақулов номидаги Эндокринология РИИАТМ томонидан республиканинг барча ҳудудларида олиб борилган тадқиқотларга кўра, фуқаролар томонидан кунлик ўртача йод истеъмоли сезиларли даражада камайган бўлиб, бор-йўғи 32-64 мкг ни ташкил этади. Зарур бўлган минимал миқдори эса – 150-200 мкг га тенгдир.

ЖССТ фикрига кўра эндемик буқоқнинг спорадик шакллари 5%га камайишига эришилса, у ҳолда ЙТК тўлиқ бартараф қилинган ҳисоблансада, Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда йод танқислиги оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда.

Аслида йодга бўлган эҳтиёж чақалоқларда кунига 50 мкг,                           1 ёшдан 6 ёшгача бўлганларда 90 мкг, 7 ёшдан 10 ёшгача бўлганларда 120 мкг, ўсмирлар ва катталарда 150 мкг ни ташкил қилади. Ҳомиладорлик ва лактация даврида йодга бўлган эҳтиёж кунига 200-300 мкг гача ортади, чунки она организми йодни ҳомила ёки эмизикли бола билан бўлишади. Танадаги йодни истеъмол қилишнинг мўътадил камайиши ва қонда қалқонсимон гормонлар концентрациясининг пасайиши шароитида ҳам боланинг мияси ривожланишининг бузилиши содир бўлиши, яъни йод танқислиги билан боғлиқ оғир клиник касалликлар,  хусусан эндемик буқоқ ва кретинизм, ақлий заифлик, перинатал ва чақалоқлар ўлимининг кўпайиши  кабилар кузатилиши мумкин.

Йод танқислиги туғма гипотиреоз билан касалланиш даражасини оширади, ҳомила ва янги туғилган чақалоқларда миянинг қайтарилмас шикастланишига, ақлий заифликка олиб келади. ЖССТ экспертларининг фикрича, йод танқислиги ақлий заифликнинг энг кенг тарқалган сабаби бўлиб, фақат оқилона ёндашиш орқали унинг олдини олиш мумкин. Aммо унутмаслик керакки, йод танқислиги мавжуд бўлган ҳудудларда яшовчи барча аҳолининг интеллектуал салоҳияти пасайиши бу муқаррар хисобланади.

Жаҳонда йод танқислигини бартараф этиш билан шуғулланадиган нодавлат, нотижорат ташкилоти маълумотига кўра дунёнинг 96 дан ортиқ мамлакатларида тузни мажбурий йодлаш стратегияси мавжудлиги ва унинг қонунчиликда белгилаб қўйилгани, ҳозирги пайтда ушбу муаммони ҳал қилиш йўлларидан бири бўлиши мумкин. Туз каби маҳсулотни йодлаш тасодифан танланмаган.

Йодланган ош тузини ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилиш соҳасида самарали ҳуқуқий ва ташкилий асосларни қабул қилиш, аҳолини фақат йодланган ош тузи билан таъминлаш борасида таъсирчан чора-тадбирларни кўриш, аҳолида ўз соғлиғи учун масъулиятни шакллантириш, йодланган ош тузини истеъмол қилишнинг афзалликлари, инсон саломатлигини тўлиқ ҳимоя қилиш имконияти мавжудлиги, қўл остимиздаги маълумотларга таянган ҳолда йод танқислиги билан касалланишни камайтириш чораларини кўриш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштирибгина қолмасдан, пировардида, мамлакат аҳолиси фаровонлигини оширишга ёрдам беради.

Ўзбекистон Республикасининг “Йод танқислиги касалликларининг профилактикаси тўғрисида”ги 2007 йилда қабул қилинган қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январдаги “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-102-сон қарорларининг ижросини таъминлаш борасида Санэпидхизмати томонидан қатор чора тадбирлар амалга оширилиб келмоқда.

Республика бўйича бугунги кунга 102 та йодланган ош тузини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш корхона, цехлари фаолият юритиб, ваколатли органни хабардор қилган холда ўтказилган текширишлар давомида лаборатория текширувлари учун олинган ош тузи намуналаридан улар таркибида йодланганлик даражаси белгиланган меъёрларга жавоб бермаган ҳолатларда уларни қайта йодлаш учун худудий санэпидхизматларининг тақиқлаш тўғрисидаги қарори билан уларнинг реализацияси тўхтатилди.

Жумладан Андижон вилояти, Андижон тумани, “CAMARA SALT GROUP” ОКдан 4,8 тонна, Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар, "Марғилон Элит туз" МЧЖдан 2,0 тонна, Тошкент вилояти, Зангиота тумани “Покиза Туз Савдо”  МЧЖдан 2,0 тонна, Сурхондарё вилояти, Шеробод туманидаги “Чорбоғ Баракали Туз” МЧЖдан 15,5 тонна, “Улуғбек Жовлиев” оилавий корхонасидан 10,0 тонна, “Эмин Оға” хусусий корхонасидан 10,0 тонна, "Муштарийбону Нилуфар Файз" х/к 2,0 тонна, "Оқтош Хуршид Файз" о/к 2,5 тонна, "Чарбоғ Шеработ туз" МЧЖ 2,6 тонна Тошкент шаҳар, Олмазор туманларидаги “TATLI TUZ” МЧЖдан 2 тонна ва “EKO CRISTAL” МЧЖдан 7,0 тонна, Юнусобод туманидаги “TIGER TRADE” МЧЖдан 4,1 тонна ош тузи реализацияси тақиқланиб, жаъми 70,0 тонна туз қайта йодлаш бўйича корхона раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди.