Ўзбекистонлик ҳунармандлар Ҳиндистондаги энг йирик ҳунармандчилик фестивалида иштирок этмоқда

Ўзбекистонлик ҳунармандлар Ҳиндистондаги энг йирик ҳунармандчилик фестивалида иштирок этмоқда

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси

Жорий йилнинг 19 март куни Ҳиндистоннинг Харьяна штати, Фаридабад шаҳрида анъанавий “Surajkund International Crafts Mela-2022” халқаро ҳунармандчилик фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Туризм вазирлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси ва мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда мазкур фестивалда Ўзбекистон “ҳамкор давлат” сифатида иштирок этмоқда.

Қарийб 35 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган фестиваль анъаналарига кўра, кўргазма майдонининг марказий қисми “ҳамкор давлат” – Ўзбекистон павильони учун ажратилди. Мазкур павильон миллий маданий қадриятларимиз руҳида безатилиб, Ўзбекистон миллий ҳунармандчилигининг турли йўналишдаги маҳсулотлари жойлаштирилди. 

Шунингдек, павильон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Туризм вазирлиги томонидан “Tourism & Travel Information” бурчаги ташкил қилинди, мамлакатимиз туризм салоҳияти ва ҳунармандчилик анъаналарини акс эттирувчи баннерлар жойлаштирилди. 

Фестиваль Харьяна штати губернатори Бандару Даттатрая, ушбу штат бош вазири Маноҳар Лал, Ҳиндистон саноат давлат вазири Кришан Пал, Ҳиндистон Туризм вазири ўринбосари Арвинд Сингх, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов ва бошқа расмийлар иштирокида очиқ деб эълон қилингач, анъанага кўра фестивалдаги асосий павильон – Ўзбекистон майдонига ташриф буюриб, ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналари, туризм ва маданий салоҳияти билан танишилди.

Шундан сўнг фестиваль майдонида жойлашган амфитеатр саҳнасида расмий-маданий тадбир бўлиб ўтди.

Маросимда сўзга чиққан Ҳиндистон расмийлари Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларига юқори баҳо бериб, фестивалдаги фаол иштироки учун миннатдорчилик билдирдилар.  

Хусусан, Харьяна штати бош вазири Манохар Лал Суражкунд ҳунармандчилик фестивали 1987 йилдан ҳозирга қадар ўтказиб келинаётгани, бугунги кунга келиб тадбирда дунёнинг турли бурчакларидан ҳунармандлар, маданият ва санъат усталари иштирок этиши Харьяна штати учун алоҳида фахрли эканлигини билдирди. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик ва маданий алоқаларни қадимий, бой, ўзаро яқин ва мустаҳкам эканлигини таъкидлаб, “биз Ўзбекистон ва Харьяна ўртасида нафақат “G2G” ва “B2B” алоқаларни ривожлантириш, балки H2H (heart to heart) – “ўзаро қалбларни боғловчи” ришталарни мустаҳкамлашга тайёрмиз”, - дея қайд этди у. Шунингдек, Харьяна штати раҳбари мазкур фестивалда Ўзбекистоннинг “ҳамкор-мамлакат” сифатида иштирок этиши унинг бой маданияти ва анъанавий ҳунармандчилик, санъат, мусиқа меросини, шунингдек туризм салоҳиятини икки ҳафта давомида Ҳиндистон халқига намойиш қилиш учун ажойиб имконият тақдим этишини таъкидлади.

Очилиш маросимида сўзга чиққан мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов ўз нутқида тадбирда “ҳамкор мамлакат” мақомида иштирок этиш учун берилган таклиф учун Ҳиндистон ва Харьяна штати хукуматига миннатдорчилик билдирди. Мазкур фестивалнинг Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги, баҳор байрами Наврўз ҳамда Ҳиндистон халқларининг миллий байрами Холи фестивали нишонланиши доирасида ташкил этилаётганлиги ўзига ҳос рамзий маънога эга эканлиги таъкидланди.

2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон ва Ҳиндистон раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган “виртуал саммит” давомида эришилган келишувлар, хусусан, Фарғона вилояти ва Харьяна штати ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантиришда мазкур фестиваль муҳим аҳамиятга эга эканлиги эътироф этилди. Шунингдек, тадбир қатнашчиларига жорий йилнинг май ойида Бухорода ўтказиладиган биринчи Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда Хоразм вилоятидан ташриф буюрган миллий рақс ва мусиқа дастаси ижросидаги қўшиқ ва рақслар очилиш маросимида бевосита иштирок этган мингдан ортиқ томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. 

“Surajkund International Crafts Mela-2022” фестивали 19 мартдан 4 апрелга қадар давом этади ва унга икки ҳафта давомида 1 миллиондан ортиқ меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда. Бу йилги фестивалда 30 дан ортиқ хорижий мамлакатлар ва Ҳиндистоннинг деярли барча штатлари вакиллари ўз ҳунармандчилик маҳсулотлари билан иштирок этади.

Фестиваль тафсилотлари, хусусан унда Ўзбекистон вакилларининг фаол иштироки Ҳиндистоннинг деярли барча етакчи ОАВларида, жумладан, “The Times of India”, “The Tribune”, “The Indian Express”, “The Print”, “The Statesman” ва бошқа қатор газеталарда, телевидение ва радиода кенг ёритилмоқда.

Report Page