Ўзбекистондаги энг оммабоп миллий телевизион манба ва форматларни аниқлаш бўйича ўтказилган сўров натижалари

Ўзбекистондаги энг оммабоп миллий телевизион манба ва форматларни аниқлаш бўйича ўтказилган сўров натижалари


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан жорий йилнинг 5—15 март кунлари Ўзбекистонда энг оммабоп миллий телевизион манба ва форматларни аниқлаш мақсадида фуқаролар ўртасида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Унда республика бўйича жами 6 467 нафар фуқаролар иштирок этди. Сўровда шаҳар ва қишлоқ жойларидаги турли ёш ва касб эгалари қамраб олинди.

Сўров давомида фуқароларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ҳамда ахборот дастурларига бўлган эҳтиёжи, хабар ва янгиликларни кенгроқ аудиторияга етказиш кўрсаткичи, давлат ва хусусий телеканаллар томонидан эфирга узатилаётган теледастурларга нисбатан аҳолининг муносабати каби қатор масалалар ўрганилди.

Сўралганларнинг демографик таркиби: респондентларнинг 3 254 нафари (50,3%) эркак, 3 213 нафари (49,7%) аёллар.

Ёш таркиби: респондентларнинг 1 639 нафари (25,3%) 18-25 ёшгача, 2 020 нафари (31,2%) 26-35 ёшгача, 1 814 нафари (28,1%) 36-50 ёшгача, 650 нафари (10,1%) 51-60 ёшгача, 344 нафари (5,3%) 60 ёшдан юқори.

Яшаш жойи: респондентларнинг 3 140 нафари (48,6%) шаҳарларда, 3 327 нафари (51,4%) қишлоқларда истиқомат қилади.

Машғулот тури бўйича: респондентларнинг 1 446 нафари (22,4%) давлат хизматчилари (вазирлик, давлат муассасалари, ҳокимият ва б.), 1 340 нафари (20,7%) вақтинча ишсиз, уй бекаси, нафақадаги фуқаролар, 1 289 нафари (19,9%) банк, таълим, соғлиқни сақлаш тизими ва бошқа шу каби муассасалар ходимлари, 1 116 нафари (17,3%) ўқувчи ва талабалар, 878 нафари (13,6%) тадбиркорлар, 398 нафари (6,1%) бошқалардан иборат. 

Сўров фуқаролар билан жойларда (таълим муассасалари, ташкилотлар, бозорлар, маҳаллаларда ва аҳоли гавжум жойларда) учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилди.

Жамоатчилик фикри сўрови аввалида респондентларнинг ҳафта давомида неча маротаба ва айнан қайси вақтлар оралиғида телевизор кўришлари ўрганилди. Маълум бўлишича, сўралганларнинг 2 449 нафари (37.9%) ҳар куни, 1 421 нафари (22%) ҳафтада 3-5 кун, 1 263 нафари (19.5%) ҳафтада 1-2 кун кўрадилар. Қолган натижалар билан қўйидаги инфографика орқали танишишингиз мумкин.

Шунингдек, сўралганларнинг аксарияти телевизорни одатда соат 18:00дан кейин, хусусан 1 961 нафари (30,3%) 18:00дан 21:00гача ҳамда 1 925 нафари (29,8%) 21:00дан кейин кўришлари маълум бўлди. Бундан ташқари, 874 нафар респондентлар одатда тонгда, яъни 6:00дан 8:00гача телевизор кўришларини билдирганлар. Қолган натижалар билан қўйидаги инфографика орқали танишишингиз мумкин.

Тадқиқот давомида фуқароларнинг миллий телеканалларга бўлган муносабати билан қизиқилди. Хусусан, уларнинг охирги пайтларда миллий телеканалларга нисбатан муносабати қай тарзда ўзгаргани ўрганилди. Яъни, сўралганларнинг 2 236 нафарининг (34,6%) муносабати ўзгармаган, 2 155 нафари (33,3%) кўпроқ кўришни бошлаган, 2 076 нафари (32,1%) камроқ кўра бошлаган.

Сўров давомида телевизорни камроқ кўришни бошлаганлардан бунинг сабаби нимада эканлиги сўралди. Сўровда иштирок этганларнинг деярли ярми ушбу саволга телевизор кўришга вақтлари йўқлиги (24,7%) ҳамда маълумот олишда телефондан фойдаланишларини (24,5%) билдирганлар. Қолганлар эса телевидениенинг қизиқ эмаслиги, ёлғон маълумот, тарғиботнинг ва рекламаларнинг кўплиги каби сабабларни билдирганлар. Қолган натижалар билан қўйидаги инфографика орқали танишишингиз мумкин.

Бундан ташқари, сўралганларнинг аксарияти 44,5% (2 881 нафар) миллий телеканалларни доим кўришини, 40,3% (2 605 нафари) баъзида кўринишини ҳамда 15,2% (981 нафар) миллий телеканалларни умуман кўрмаслигини билдирганлар.

Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижасида фуқаролар одатда қайси миллий телеканалларни кўпроқ кўришлари билан қизиқиб, шу орқали телеканалларнинг қамров бўйича рейтинги тузилди. Мазкур саволда респодентларга 18 та давлат ва хусусий телеканаллар рўйхати, шунингдек ҳудудий телеканаллар ва “мен миллий телеканалларни умуман кўрмайман” каби жавоб вариантлари тақдим этилди.

Республика бўйича ўтказилган, 6 400 дан зиёд фуқаролар иштирок этган сўров натижаларига кўра, миллий телеканалларнинг кучли бешлиги шакллантирилди. Эътиборлиси, унинг барча ўринларини хусусий телеканаллар эгаллади. Жойлашув тартиби қуйидагича: 󠄀 1-ўрин — Zo‘r TV (11,8%), 2-ўрин — Sevimli (9,6%), 3-ўрин — My5 (9,4%), 4-ўрин — Milliy TV (6,9%), 5-ўрин — Futbol TV (6,8%). Қолган натижалар билан қўйидаги инфографика орқали танишишингиз мумкин.

Шунингдек, фуқароларнинг миллий телеканаллар орқали эфирга узатиладиган кўрсатув ва дастурлар ҳақидаги фикрлари ҳам ўрганилди. Маълум бўлишича, фуқаролар бугунги кунда кўпроқ телевидение орқали янгиликлар, ахборот дастурларини кўрадилар (12,1%), шунингдек телесериаллар (11,4%) ҳамда “Zo‘r TV” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Hafa bo‘lish yo‘q” кўрсатувини кўпроқ кўришлари маълум бўлди.

Ҳудудингиздаги ёки мамлакатдаги охирги янгиликларни одатда қаердан эшитасиз, деган навбатдаги саволга респондентлар асосан “My5” (19,4%) ва “Sevimli” (17,6%) телеканалларини кўрсатганлар. Шунингдек, уларнинг 16,4 фоизи сўнгги янгиликлар ҳақида телевидение орқали эмас, балки бошқа манбалар орқали билиб олишларини кўрсатганлар. Эътиборли жиҳати, фуқаролар аввалги саволда миллий телеканаллар орқали асосан янгилик, ахборот дастурларини кўришларини билдирган бўлсалар, мазкур бандда улар бу мақсадда хусусий ТВ ва бошқа манбаларни авфзал кўришлари маълум бўлди. Ушбу рўйхатнинг кейинги ўринларида “O‘zbekiston 24” телеканали, ҳудудий телеканаллар ва бошқалар қайд этилган.

Шунингдек, сўров давомида фуқаролар орасида турли телеканалларнинг ахборот дастурлари машҳурлиги ўрганилди. Унга кўра, 1-ўрин — «Markaziy studiya» (My5); 2-ўрин — «Zamon» (Sevimli); 3-ўрин — «Ахборот 24» (O‘zbekiston 24), 4-ўрин — «UzReport news» (Uzreport TV); 5-ўрин — «Davr» (Yoshlar).

Бундан ташқари, фуқароларнинг миллий телеканалларда қандай телевизион лойиҳа ва дастурлар етишмаслиги бўйича таклифлари ҳам ўрганилди. Сўровда иштирок этган кўпчиликнинг фикрича, жойлардаги ҳақиқий муаммолар юзасидан репортажлар (18,4%), ижтимоий-сиёсий телекўрсатувлар (12,6%) ҳамда кўнгилочар теледастурлар (12,5%) ва реалити-шоуларни (12,4%) миллий телеканаллар эфирларида кўпайтириш лозим. Қолган натижалар билан қўйидаги инфографика орқали танишишингиз мумкин.

Сўров якунида фуқаролардан қачондир бошқа бир ахборот манбасини ёки қизиқишни афзал кўриб телевидениедан воз кечиши эҳтимоли ҳақида сўралганда, респондентларнинг 42 фоизи бундай бўлиши мумкин эмаслигини, яъни ахборот манбаси сифатида телевидениенинг ўрни катта эканлигини, 36,7 фоизи эса бундай бўлиши мумкинлигини билдирганлар.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати


Report Page