Ўзбекистонда тотализатор ва букмекерлик фаолиятини реклама қилаётган 10дан ортиқ сайтга кириш чекланди

Ўзбекистонда тотализатор ва букмекерлик фаолиятини реклама қилаётган 10дан ортиқ сайтга кириш чекланди

Расмий хабарлар

Реклама муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонун ва бошқа 10 га яқин қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ва нотўғри рекламанинг олдини олиш мақсадида Агентлик томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 19  мингдан зиёд ўрганишлар ўтказилган бўлиб, шундан 10 минг ҳолатда турли камчиликлар аниқланган ва уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилди.

Агентлик томонидан дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа даволаш препаратлари, рағбатлантирувчи тадбирлар, нодавлат таълим ва хорижда ўқиш хизматларини кўрсатиш, даволаш, тиббий хизмат ва диагностика хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ рекламалар бўйича ҳам ўрганишлар ўтказилди.

Шуниндек, реклама қилиниши қонун билан тақиқланган ёки чекланган маҳсулотлар, хусусан тамаки, электрон сигареталар, энергетик ичимликлар, алкогол, пиво, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламаси бўйича аниқланган ҳолатлар бартараф этилиши таъминланди.

Мисол учун, оммалашиб бораётган тотализатор ва букмекерлик фаолияти рекламаси.

Маълумки, бугунги кунда республикамизда тотализатор ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш ва албатта, бундай хизматларни реклама қилиш ноқонуний ҳисобланади. Шу мақсадда ўтказилган 385 та ўрганишларда 168 та ҳолатда бундай хизматлар рекламаси аниқланган ва уларнинг барчаси бартараф этилган.

Натижада Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда 10 дан ортиқ тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи сайтларга кириш чеклаб қўйилди. Бу соҳадаги ишлар давом этмоқда.

Атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар муҳитини ва ташқи кўринишини озода сақлаш барчамизнинг бурчимиздир. Лекин, айрим шахслар томонидан ўзбошимчалик билан ўз рекламаларини дарахтларга осиб қўйиш ҳолатлари бўйича аниқланган 2700 дан ортиқ рекламалар зудлик билан олиб ташланди.

Бундан ташқари, моддий маданий мероснинг 1 минг 50 та кўчмас мулк объектларида ўтказилган ўрганишларда 131 та ҳолатда жойлаштирилган турли рекламалар ҳам тартибга келтирилди.

Ўтказилган ўрганишларда аниқланган камчиликлар юзасидан 76 та иш қўзғатилди ва тегишли кўрсатмалар берилди.

Шу билан биргаликда нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига 104 млн сўм миқдорда етказилган зиён тўлиқ ҳажмда қопланиб берилди.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда оммалашиб бораётган ахборот алмашиш ва тарқатиш манбаи ҳисобланган ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган рекламаларнинг 2 750 тасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва бартараф этилиши таъминланган.

Товар (маҳсулот), иш ва хизматларнинг реклама ахборотларида “ҳақиқий чегирма”, “VIP чегирма”, “супер чегирмалар”, “MEGA чегирма”, “энг қайноқ чегирма” ва бошқа шу каби бўрттирувчи ва ноаниқ иборалардан кенг фойдаланилмоқда.

Бунда, реклама ахборотларида чегирмалар миқдори тўғрисида аниқ, тўғри ва тушунарли бўлган маълумотларни тақдим этилмаслиги/яшириб кетилиши натижасида истеъмолчиларни товар (иш, хизмат) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олишга доир ҳуқуқлари чеклаб қўйиши мумкин.

Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, Агентлик томонидан ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар, оммавий ахборот воситалари, телеграм каналлари ва ташқи реклама бозори субъектларига истеъмолчиларни чалғитувчи, аниқ маълумотга эга бўлмаган реклама тарқатмасликлари бўйича огоҳлантириш хатлари юборилди.

Умуман, бундай мазмундаги 20 га яқин огохлантириш ва тавсиявий хатлар берилган бўлиб, улар Агентликнинг расмий веб-сайтида ҳам жойлаштириб келинмоқда.

Агентлик ўз ваколатлари доирасида юқоридаги чора-тадбирларни давом эттирмоқда.


Report Page