Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 миллиондан ошди, болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 1,5 миллиондан кўпроқ

Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 миллиондан ошди, болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 1,5 миллиондан кўпроқ

Расмий хабарлар

Бу ҳақда АОКАда Пенсия жамғармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

 

Бугунги кунда Пенсия жамғармаси томонидан ҳар ойда 4 млн. нафардан ортиқ пенсия ва нафақа олувчилар ҳамда 1,5 млн. нафардан ортиқ кам таъминланган оилаларга ёки 6,4 млн. нафар фуқарога болалар нафақаси ва моддий ёрдам таъминоти амалга оширилмоқда. Яъни, Жамғарма томонидан республика аҳолисининг 29 фоизига ҳар ойда хизмат кўрсатиб келинмоқда.

 

Пенсия жамғармаси томонидан 2021 йилда 391,9 минг нафар фуқарога пенсия ва нафақалар тайинланди (шундан, 314,5 минг нафарига пенсия ва 77,4 минг нафарига нафақа) ҳамда 2022 йил 1 январ ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 039,2 минг нафарга етди (шундан, 3 588,4 минг нафари пенсия ва 450,8 минг нафари нафақа олувчилар).

 

Жамғарманинг 2021 йилги даромадлари прогноз кўрсаткичлари 26 569,0 млрд.сўм ёки 105,0% га бажарилди.

 

2021 йилда пенсия тўловлари учун 36 621,3 млрд. сўм ҳамда нафақа ва компенсация тўловлари 4 199,7 млрд. сўм ажратилди. Ҳар ойда пенсия ва нафақа тўловлари учун талаб этилган маблағлар белгиланган муддатларда молиялаштирилиши ҳамда тўланиши таъминланди. Тўловларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида давлат бюджетидан 10 744,2 млрд.сўм трансферт ажратилди.

 

Республика раҳбарияти томонидан пенсия ва нафақа миқдорларини мунтазам равишда ошириб бориш ишлари амалга оширилмоқда.

 

2021 йилнинг декабр ойида пенсияларнинг ўртача миқдори 922,9 минг сўмни ташкил қилиб, йил бошига ойига нисбатан 111,0 минг сўмга ёки 14 фоизга кўпайган. Нафақаларнинг бир ойлик ўртача миқдори 576,9 минг сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 115,1 минг сўмга ёки 25 фоизга кўпайди.

 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 декабрдаги ПҚ-4938-сон қарорига асосан, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига сазовор бўлган шахсларнинг пенсиясига тўланадиган устамалар миқдорлари 10 фоизга оширилди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги ПФ–6224-сон Фармонига асосан 2021 йил 10 майдан бошлаб 1941-1945-йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларининг энг кам пенсия миқдори 2,5 млн.сўм этиб белгиланди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 июндаги ПФ-6241-сон Фармонга асосан 2021 йил 1 июлдан энг кам пенсия ва нафақа миқдорлари 400 000 сўмга етказилди. Ушбу миқдор 2021 йил сентябр ойидан 440 000 сўмга оширилди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 августдаги 6279-сон Фармонга асосан 2021 йил 1 сентябрдан пенсия ва нафақалар миқдори 10 фоизга оширилди ҳамда янги миқдорларда тўлаш учун Жамғарма ҳисобидан 1,1 трлн.сўм ва республика бюджетидан 197,5 млрд.сўм қўшимча маблағ ажратилди.

Жамғарманинг ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритилиб, фуқароларнинг оворагарчилигига сабаб бўлувчи жараёнлар бартараф этилиб, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати оширилди. Бунда, биринчи ўринда аҳолига интерактив, электрон ва масофавий хизматларни жорий этишга эътибор қаратилди. Жумаладан, нафақаларни тайинлаш ёки турли маълумотномаларни олиш учун Пенсия жамғармаси келиш мажбурияти бартараф этилди;

Пенсия ва нафақа олувчиларга хисобланган пенсия (нафақа) тўғрисидаги маълумотларни телеграм ижтимоий тармоғи орқали билиш учун “pensiyabotuz” боти амалиётга жорий этилди.

Натижада, Пенсия жамғармаси томонидан 2021 йил давомида 2,2 млн. нафар фуқароларга интерактив ва масофадан хизматлар кўрсатилди. Бу айниқса пандемия шароитида фуқароларга қулайлик яратди.

Пандемия даврида фуқароларни қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида:

2021 йил 1 феврал ҳолатига 4,9 минг нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа ишларидан аниқланган ортиқча тўлов суммасининг жами 12 млрд. сўмлик қарздорлик суммалари ҳисобдан чиқарилди;

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июлдаги ПҚ-5204-сон қарорига асосан, 2021 йил август ойида 280,8 минг боқувчисини йўқотган ва ногирон фарзанди бор оилаларга бир марталик (500 минг сўмдан) моддий ёрдам тўланиб, Жамғарма ҳисобидан 181,1 млрд. сўм маблағ ажратилди;

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги ПҚ-56-сон қарорига асосан 2021 йил декабр ойида 283,9 минг боқувчисини йўқотган ва ногирон фарзанди бор оилаларга бир марталик (800 минг сўмдан) моддий ёрдам тўланиб, Республика бюджети ҳисобидан 221,4 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Президентимиз топшириқларига мувофиқ Пенсия жамғармасининг ҳар бир бўғини раҳбарлари ва ходимлари томонидан фуқаролар билан ишлаши асосий вазифа этиб белгиланган.

Жамғарманинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида пенсия таъминотига оид масалалар юзасидан фуқаролар билан 26 621 маротаба сайёр учрашувлар ўтказилди (шундан, ижро этувчи аппарат томонидан 34 маротаба);

 

2022 йилдаги асосий вазифалар:

 

Эришилган натижалар билан биргаликда тизимда бир қатор камчилик ва муаммолар мавжуд. Буни 2021 йилда Пенсия жамғармасига келган 237 мингдан ортиқ фуқароларнинг мурожаатларидан билиш мумкин. 

Ушбу мурожаатлар таҳлили ва таклифларга мувофиқ Жамғарма 2022 йилда ўз олдига қуйидаги вазифаларни белгилаб олган.

 

1. 2022 йил март ойидан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилани аниқлашда минимал истеъмол харажатларидан фойдаланишни жорий этиш.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-58-сон Фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 мартдан бошлаб:

 

ишламайдиган ва пенсия олмайдиган Афғонистондаги урушда ўз байналмилал бурчларини бажарганларга уй-жой коммунал тўловлари учун компенсация тўловини жорий этиш;

 

ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов тўлаш.

 

3. “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида давлат хизматлари қамрови ва тезкорлигини ошириш, уларнинг кўрсатилишида аҳолининг барча қатламлари манфаатларини инобатга олинишини таъминлаш мақсадида:

 

2022 йил 1 июлдан бошлаб пенсияларни биргина паспорт асосида тайинлаш тизимини йўлга қўйиш;

 

2022 йил 1 октябрдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга нафақаларни ариза талаб этилмаган ҳолда "проактив" тарзда тайинлаш хизматини амалиётини йўлга қўйиш.

 

4.“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими томонидан ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни электрон кўринишда онлайн режимида қабул қилиш тизимини йўлга қўйиш.

 

5. Пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик иш ҳақининг максимал чегарасини базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаридан 12 баробарга ошириш бўйича Қонун лойиҳасини Олий Мажлисга киритиш;

 

6. Пенсия қонунчилигининг моҳияти ҳамда тизимдаги ўзгаришлар ҳақида фуқаролар ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишларини фаол давом эттириш, жойларда сайёр учрашувлар ўтказиш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш ишларини ташкил этиш ишларини давом эттириш.


Report Page