Ўзбекистонда ниҳоят ЭКУ (сунъий муҳитда уруғлантириш)га руҳсат берадиган қонун тасдиқланадиган бўлди
@ginekologimОлий Мажлиснинг қуйи палатасига биринчи ўқишда қабул қилиш учун аёлларнинг сунъий йўл билан ҳомиладор бўлишига рухсат берилиши назарда тутилган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдим этилди. Бунда ушбу қонуннинг асосий тушунчалари ва ижро қилиш тартиби муҳокама қилинади.
Маҳаллий нашрларнинг 23 январь куни хабар беришларича, қонун бепушт аёлларнинг фарзанд кўриш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Хабарда айтилишича, жаҳон миқёсида оила қурганларнинг 10-15 фоизи бепушт экани аниқланган. Ўзбекистонда ўтказилган қатор тадқиқотлар эса турмушга чиққан аёлларнинг 4,9 фоизидан 5,3 фоизигача бўлган қисми табиий йўл билан фарзандли бўлиш имконидан маҳрум кўрсатган.
“Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистонда хориж мамлакатларида кенг қўлланилаётган ва замонавий бўлган сунъий йўл билан уруғлантириш орқали фарзандли бўлиш ва а соғлом генофондни шакллантириш учун соғлом туҳум хужайраларини танлаб олиш амалиётидан фойдаланишга имконият яратиб беради”, деб айтган Олий Мажлис қуйи палатасининг саломатликни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Нурия Айтжонова.
Қонун лойиҳасида бу йўналишда давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш муаммоларига ҳам эътибор қаратилган.
Расмий маълумотда таъкидланишича, қонун лойиҳасини мукаммаллаштириш жараёнида бўлиб ўтган муҳокамаларда экспертлар Ўзбекистонда суррогат оналик ва эмбрионлар донорлиги каби замонавий ва қўшимча репродуктив амалиётни жорий этишга ҳали эрта, деган якдил фикрга келганлар.
Шу билан бирга ЭКУ амалиётида қўлланиладиган дори воситалари (Гонал Ф, Овитрель каби) ҳам ЎзР Соғлиқни Сақлаш Вазирлигдан расмий рўйҳатдан ўтгани ва сертификатлангани маълум бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларига сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказишга рухсат берилмаган. Шунинг учун бепушт аёллар сунъий йўл билан ҳомиладор бўлиш учун Туркия, Россия, Исроил каби давлатларга боришга мажбур бўлмоқдалар.
2018 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг расмий сайтида сунъий уруғлантириш масаласи шу кунларда долзарб мавзулардан бирига айланиб бораётгани қайд этилган ва "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатво эълон қилинган эди.
Фатво матни билан тўлиқ таниши учун босинг
"...Айримлар етти ёт бегона инсоннинг уруғидан ҳомиладор бўлиб, қилган иши жоиз эмаслигини билгач, энди нима қиламан, деб бош қотираётгани кўпчилигимизга маълум. Шу нуқтаи назардан, сунъий уруғлантириш борасида динимиз таълимотида нима дейилади, қандай усули жоиз-у, қайсиниси ҳаром? Мўмин-мусулмонлар ҳам бу усуллардан фойдаланса бўладими? Шу каби саволларга батафсил жавоб берувчи, ушбу масалаларга аниқлик киритувчи барча ҳукм ва кўрсатмаларни ўз ичига олган фатво ишлаб чиқиш ва халқимизга етказиш бўйича уламолар қатор изланишларни олиб боришди", дейилади расмий хабарда.
Диний идоранинг "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатвосида билдирилишича, “Сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий ақди никоҳлари бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга ошириш мубоҳдир”.
Бу ҳолатда “эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўриш ва албатта, уни ишончли табиб амалга ошириши шарт” бўлади.
“Ўрталарида никоҳ бўлмаган эркак ва аёл ўртасида сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказиш шаръан манъ этилади. Дину диёнатига беэътибор бўлмаган, наслу насабининг пок бўлишини муҳим деб билган мўмин-мусулмонлар сунъий уруғлантиришнинг манъ этилган усулидан фойдаланишдан ҳазарда бўлсинлар”, дейилади яна фатвода.
Манба: https://podrobno.uz/
Каналга уланинг:👇
https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ