Ўзбекистонда маймун чечаги касаллиги қайд этилгани йўқ
Расмий хабарларАйни дақиқаларда АОКАда маймун чечаги касаллигига қарши кўрилаётган эпидемиологик чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилмоқда.
Анжуманда Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековнинг қайд этишича, Ўзбекистонда маймун чечаги касаллиги қайд этилгани йўқ.
Касаллик 99 фоиз ҳолатда енгил кечади. Касаллик чалинганларнинг барчасини стационар шароитда даволашга эҳтиёж йўқ.
Маймун чечаги вирусининг табиий резервуарлари ва манбалари кемирувчилар ҳамда маймунлар ҳисобланади. Маймун чечаги одамга асосан мулоқот ёки трансмиссив йўллар билан (қон, тишланиш, чечак тошмаси суюқлиги, чечак пуфаги орқали) юқиши мумкин.
Чин чечакка қарши одамларни эмлаш уларни маймун чечаги касаллигидан ҳам асрайди. Маймун чечаги касаллигининг клиник кечиши худди чин чечакдагидек намоён бўлади.
Касалликнинг клиник белгилари: эти увишиш, қалтираш, тана ҳароратининг кўтарилиши, лимфа безларининг катталашиши ва худди чин чечагидек терида тошмалар тошади.
Маймун чечаги касаллигида махсус даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган. Даволаш симптоматик олиб борилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ижтимоий тармоқлар орқали берган маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёнинг бир қатор давлатлари, жумладан, Америка Қўшма Штатлари, Канада, Австралия, Испания, Португалия, Буюк Британия ва бошқа давлатларда маймун чечаги касаллигига чалиниш ҳолатлари давом этмоқда. Жорий йилнинг 31 май куни дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида жами 550 нафар фуқарода маймун чечаги касаллиги рўйхатга олинган.
Касаллик асосан Африка, Жанубий Америка, қисман Осиё ва Европа давлатларида маймунлар ўртасида учраб туради. Тиббиёт тарихида маймун чечаги касаллигининг одамга юққанлиги 1970 йилда аниқланган.
Ҳозирги кунда халқаро терроризм илдиз отаётган бир даврда айрим давлатлар ёки бўлмаса террористик гуруҳлар томонидан чин чечак ва маймун чечаги вируслари культураларининг биологик қурол сифатида ҳам ишлатиши эҳтимолдан холи эмас. Шундай экан, маймун чечаги эпидемияси пайтида беморлар билан яқин алоқада бўлиш маймун чечаги вирусини юқтириш учун энг муҳим хавф омили ҳисобланади.
Касаллик бўйича кузатув чораларни ва янги ҳолатларни тезда аниқлаш эпидемияни назорат қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Маймун чечагини олдини олишда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда:
2022 йилнинг 23-26 май кунлари Россия Федерациясининг Роспотребнадзор ташкилоти томонидан бир қатор МДҲ давлатлари жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачлари ва санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари иштирокида “Маймун чечаги касаллигининг олдини олишда кечиктириб бўлмайдиган профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида” ва “Маймун чечаги касаллигининг келиб чиқиши, географик тарқалиши, этиологияси, эпидемиологияси, клиникаси, лабораторияси, даволаш усуллари ва профилактикаси” мавзуларида семинар тарзида видеоселектор ўтказилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вилоят бошқармалари, шаҳар ва туман бўлимлари бошлиқлари, шифокорлари ва лаборатория ходимлари ўртасида “Маймун чечаги касаллигининг келиб чиқиш тарихи, дунё бўйлаб тарқалиши, этиологияси, эпидемиологияси, клиникаси, ташҳисоти, қиёсий ташҳисоти, даволаш усуллари ва профилактикаси” мавзуларида семинар тарзида видоселектор бўлиб ўтказилди.
Шунингдек, касалликнинг республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, касаллик бўйича шифокор ва тиббиёт ходимларига замонавий билим, халқаро миқёсида эришилган илғор тажриба. кўникмаларни ва тадқиқот натижаларини етказиш ҳамда шу йўл билан қарши кураш чоралари, унинг эпидемиологик назорати, ташхисоти, даволаш усуллари, профилактикаси сифатини яхшилаш ҳамда ушбу инфекциянинг одамларга бўлган хавфини камайтириш мақсадида “Маймун чечаги услубий қўлланмаси” лойиҳаси тайёрланди.
Соғлиқни сақлаш тизимининг барча маъмурий ҳудудларида маймун чечаги касаллигининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўқув тактик машғулотлари ўтказилмоқда.
Касалликларни четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида республика бўйича бугунги кунда давлат чегараларини кесишиш жойларида 54 та санитария-карантин пунктлари фаолият кўрсатиб келмоқда, шулардан 36 таси автомагистрал йўлларида, 11 таси Халқаро аэропортларида, 6 таси темир йўл ва 1 таси дарё портида ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чегарадан кириб келаётган йўловчиларни тиббий-санитария кўригини яхшилаш мақсадида барча Халқаро аэропортлар ва автомагистрал йўлларда жойлашган йўловчи ўтиш оқими юқори бўлган санитария-карантин пунктлари замонавий тепловизорлар ва контактсиз термометр (пирометр)лар билан етарлича таъминланган.
Республика чегара-божхона постларида санитария-карантин пунктларининг иш фаолияти кучайтирилди. Постларда санитария-карантин пунктлари ходимлари ва бошқа чегара-божхона постлари ходимлари ҳушёрлиги ошириб борилмоқда.