Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, газ тақсимлаш тизимини кенг кўламли модернизация ва реконструкция қилиш режалаштирилмоқда
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизматиМазкур масала Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика истеъмолчиларининг табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган. Ҳужжатга мувофиқ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан 2022-2024 йилларда мамлакатдаги барча газ таъминоти тизимини модернизация ва реконструкция қилиш инвестиция лойиҳасини амалга оширилиши белгилаб берилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ 2022-йилниг октябр ойига қадар республика ҳудудларида ер участкаларида жойлашган ҳамда марказий иссиқлик таъминотига уланмаган кўп қаватли уйларда "ақлли" газ ҳисоблаш ускунларини ўрнатишни якунлаши керак. Шунингдек, Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминотига уланган ҳамда табиий газ истеъмоли юқори бўлмаган 11,5 мингта кўп қаватли уйларда электрон газ ҳисоблагичларни ушбу уйларнинг кириш қисмидаги умумий газ қувурларига ўрнатилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ечим хонадонларга ҳисобдонларнинг ўрнатилиши ноқулайлиги ва уларнинг табиий газдан кам истеъмол қилинишини қайд этган фуқароларнинг мурожаатлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда қабул қилинди. Хусусан, ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб 396 мингдан ортиқ хонадонда биттадан газ плитаси ўрнатилган бўлиб, уларнинг газ истеъмол ҳажми ойига 5 кубометрдан 27 кубометргача ташкил этмоқда. Шунга асосланиб, кўп қаватли уйларнинг умумий истеъмол ҳажмини мониторинг қилиш учун газ ҳисоблагичлар уйларнинг кириш қисмидаги умумий газ қувурларига ёки истеъмолчи илтимосига биноан хонадон ичига ўрнатиб берилади. Янги ҳисоблагични ўрнатишни истамаган тақдирда эса, истеъмолчи эски турдаги ҳисоблагични текширувдан ўтказиб фойдаланиши ёки хонадонда яшовчи фуқаролар сонига қараб табиий газ учун тўловни амалга ошириши мумкин.
Қарорда истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришни “газ тақсимлаш станцияси – туман (шаҳар) чегараси – йирик участкаларнинг кириш қисми – истеъмолчи” технологик занжири асосида туман (шаҳар)лар чегарасидаги қувурларга 1,8 мингта электрон ҳисоблагичларни ўрнатилиши ва “онлайн” мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимни ишга тушириш вазифаси қўйилган.
Қарорда белгиланган вазифаларга мувофиқ, кейинги уч йил давомида 706,5 мингта хонадонда икки босқичли газ таъминоти тизимини жорий этилиши ва истеъмолчиларга етказиб бериладиган табиий газ ҳажмларининг балансини автоматик равишда шакллантирувчи дастурий таъминотни жорий этилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, 381,3 км янги газ қувурларини қурилади ва 452,4 км газ қувурларини мукаммал таъмирланади ва реконструкция қилинади. Шу билан бирга, 5,4 мингта газ тақсимлаш пунктларини модернизация қилиш, шундан 2,8 мингта юқори босимли объектларда телеметрия тизимини жорий этиш ҳамда газ тақсимлаш тармоқларининг бўлиниш чегарасига юқори аниқликдаги улътратовушли газ ҳисоблагичларини ўрнатиш кўзда тутилган.
Мазкур кенг кўламли янгиланиш жараёнлари газ таъминоти тизимида 30 йилдан ортиқ фойдаланишда бўлган ҳамда маънан эскирган газ тармоқлари ва тақсимлаш пунктларини модернизация қилиш орқали истеъмолчиларга табиий газни барқарор ва бир меъёрда етказиб бериш, табиий газ ҳисоб-китобини юритишда ноаниқликларни бартараф этиш ҳамда ускуналарнинг технологик жараёнларини реал вақт режимида, онлайн назорат қилиш имкониятини яратади.
Ҳукумат қарори “Ҳудудгазтаъминот” АЖ учун соҳани рақамлаштиришни давом эттирилишида ҳамда тизимга замонавий технологияларни жорий этиш йўлида кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Таъкидлаш лозимки, техник сабабларга кўра назорат қилиш имконияти чекланган газ тармоқларини хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 2 дона учувчисиз учиш аппарати (дрон), георадар ва масофавий газ детекторлар, ер ости ва ер усти газ қувурларининг техник жараёнларини таҳлил қилиш ҳамда газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқловчи 5 дона мобиль лаборатория харид қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш энг устувор вазифа этиб белгиланган.
Соҳани технологик модернизация қилиш билан бирга, газ тармоқлари ва тақсимлаш пунктларини техник кўрикдан ўтказиш, носозликларни оператив равишда бартараф этиш учун масъул бўлган чилангарлар фаолиятини янги босқичга кўтариш режалаштирилган. Яқин келажакда уларни замонавий электроскутерлар билан таъминлаш режалаштирилган ва бу уларнинг иш самарадорлигини уч-тўрт баравар оширишга хизмат қилади.
Мамлакатдаги газ тармоқларининг реконструкцияси ва модернизациясига қаратилган инвестиция лойиҳаси бутун газ таъминоти соҳасини янгилаш жараёнини якунлайди ва истеъмолчиларга табиий газни ўз вақтида, юқори сифатда ва узлуксиз етказиб беришни таъминлайди.