Ўзбекистонда ис газидан заҳарланишнинг умумий статистикаси ва ушбу муаммони ҳал этиш борасидаги ишлар

Ўзбекистонда ис газидан заҳарланишнинг умумий статистикаси ва ушбу муаммони ҳал этиш борасидаги ишлар

https://t.me/aoka_uz

Маълумот учун эслатиб ўтиш жоиз, ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги, чала ёниши оқибатида вужудга келади. Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Ушбу газ кислородга нисбатан 300 маротаба тез ва кўпроқ гемоглобинга бирикиш хусусиятига эга. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кисларод ташиш хусусияти жуда пасайиб, гипоксияга, оғир заҳарланганда аноксияга олиб келиши мумкин.

2021-2022 йил куз-қиш мавсуми давомида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жами 665 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, уларга тааллуқли идоралар вакилларидан 9 минг 203 нафар ходим жалб этилди.

Булардан ташқари, “Hududgazta’minot” АЖ, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва бошқа ташкилотларнинг мутахассис усталаридан иборат 204 та таъмирлаш-тиклаш отряди ташкил этилиб, бугунги кунга қадар жами 8 млн. 109 минг 162 та якка тартибдаги аҳоли турар жойлари, 41 минг 835 та кўп қаватли уйларда ўрганишлар ўтказилди.

Шунга қарамасдан Республикамиз ҳудудида 2021 йилда ис гази билан боғлиқ жами 74 та холат аниқланиб, ушбу холатларда 67 нафар фуқаро захарланган ва 128 нафар фуқаро вафот этган бўлса, жорий йилнинг 25 январь ҳолатига кўра, 16 ҳолатда  9 нафар фуқаро захарланган ва 28 нафар фуқаро вафот этган.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;

ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;

иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;

газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;

ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;

ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш шулар жумласидан.

Шунингдек, иситиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатлардан яна бири бу газ-ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш, портлаш ҳамда ёнғинларнинг содир бўлишидир. Афсуски, бугунги кунда фуқароларимиз томонидан ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик оқибатида бундай ҳолатлар тез-тез учраб турибди. Бунга куни кеча Тошкент вилояти Янгийўл туманида содир бўлган вазият яққол мисол бўла олади.

Мутахассислар томонидан таҳлиллар олиб борилганда, ёнғинларнинг

30 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 23 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 20 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 9 фоизи болалар шўхлиги оқибатида, 8 фоизи чекишдаги эҳтиётсизлик, 3 фоизи газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, шунингдек, 16 таси ҳаво ва газ аралашмасининг чақнашидан содир бўлган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, айнан қиш мавсумида ўртача ҳар                  3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан бўлиб, аянчли оқибатларга олиб келган. 

Мавсумни беталофат ўтказиш, шунингдек, куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилишингизни сўраб қоламиз:

- ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим

ва кабеллардан фойдаланманг;

- электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга бўлган ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланинг;

- иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларни қоида талаблари асосида ўрнатиш бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг;

- иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;

- газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг;

- газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этинг;

- газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилинг;

- ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритманг;

- газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланинг ва уларнинг доимий созлигига эътибор беринг.    

Шу муносабат билан ватандошларимиздан юқорида санаб ўтилган ҳолатларга йўл қўймасликларини сўраб қоламиз.

Агар хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг. Бу ҳақда “104” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “101” телефон рақамига хабар беринг.

 


Report Page