Ўзбекистонда илк бор лаванда ўсимлигидан дунёда энг машҳур эфир мойлари олинади

Ўзбекистонда илк бор лаванда ўсимлигидан дунёда энг машҳур эфир мойлари олинади


Навоий вилояти Нурота тумани Чуя МФЙ ҳудудида 500 гектар ер майдонида умумий қиймати 2,5 млн $ бўлган лаванда ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш бўйича инновацион лойиҳа ишга туширилмоқда.

Sputnik мухбири янги инновацион лойиҳани ўрганиб чиқиб, қизиқарли материалларни тўплади.

“Лаванда бу ярим бута, куп йиллик ўсимлик бўлиб, баландлиги бир метргача ўсади, иқтисодий жиҳатдан ишлатиладиган қисми-унинг гуллари ҳисобланади. Ўсимликнинг гул ва гул поясидан олинган эфир мойи дунёда энг машҳур бўлиб, жаҳонда энг кўп сотиладиган 15 та эфир мойларидан биридир. Келгусида ана шу технология ишга туширилади”,— дейди Нурота тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари - матбуот котиби Лутфиёр Мансуров.

Лаванданинг ўзига хос бир қатор хусусиятлари мавжуд. Энг аввало у сувсизликка чидамли булиб, йил давомида суғориш шарт эмас. Энг муҳими эса бир марта экилган кўчатлар, 30-50 йил давомида ҳосил беради. Лаванда атир-упа (парфюмерия), озиқ-овқат саноати ва кенг тиббиётда қўлланилади.


Лаванда ўсимлиги асосан Европа, Россия ва Осиё мамлакатларида етиштирилади. Шу билан бирга бу давлатларда ҳар йили июль, август ойларида лаванда гуллар фестиваллари бўлиб ўтади.


Нуротада икки босқичдан иборат мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи ишлари қизғин олиб борилиб, бурғулаш, қурилиш ҳамда ёмғирлатиб суғориш, пивот ускунасини ўрнатиш ишлари амалга оширилган.

Пивот ускунаси сувни 40-50 % гача тежайди. Сув дала майдонига бир текис тақсимланади, экинга сувни меъёрида етказиб беради, ўғитлардан самарали фойдаланиш ҳисобига 35 % гача, ёқилги сарфи 30% га тежалади, қўл меҳнати 90% га қисқаради.


Пивот ускунасини бошқа сув тежовчи ускуналардан афзаллиги ер майдонида техника ишлашига ҳалал бермайди.

Ушбу лойиҳада мавсумий 200 га яқин иш ўринлари яратилади. Ҳозирда ер майдони ўсимликни экиш учун 2 йил давомида тайёрланади. Ўсимликни етиштиришда Россия, Туркия ва Болгария тажрибаси ўрганилди. Уруғлар ҳам ушбу мамлакатлардан олиб келиб экилади.

 Келгусида лаванда ўсимлигидан олинган эфир мойлари Россия, Франция ва Туркияга экспорт қилиниши режалаштирилган.

Report Page