Ўзбекистонда илк бор ўсмирларнинг руҳий саломатлиги бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди

Ўзбекистонда илк бор ўсмирларнинг руҳий саломатлиги бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бугун АОКАда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар ишлари, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раис ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мухамедзаде, Халқ таълим вазирлиги қошидаги Республика ўқувчиларни касбга йўналтириш ва психологик-педагогик диагностика маркази директори Лилия Гайнутдинова, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг узлуксиз, олий ва ўрта махсус таълимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Гулнора Юсупалиева иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир тафсилотлари:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Ўзбекистонда ўсмирларнинг руҳий саломатлиги бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ўқувчиларнинг 15,4 фоизи — ўртача ва ўта оғир хавотир ҳолатида экани ҳамда 9,8 фоизи — депрессияга дуч келгани аниқланган.

ЮНИСЕФ ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этган ушбу тадқиқотда республикадаги барча 14 та ҳудуддаги 299 та мактабнинг 22854 нафар ўқувчиси иштирок этди. Тадқиқот орқали ўспиринларнинг эҳтиёжларини, уларнинг руҳий саломатлиги ва руҳий-ижтимоий фаровонлигига таъсир қилувчи мактаб билан боғлиқ омилларни ўрганиш мақсад қилинган.

  «Ўсмирлик жуда катта имкониятларни тақдим этади, шунингдек, руҳий саломатликка зиён етказувчи омиллар сабабли алоҳида эътиборни ҳам талаб қилади. Бу ўсмирларнинг ўрганиш, қарорлар қабул қилиш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишларига таъсир қилади», — деди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. «ЮНИCEФ ва ҳамкорлар бу борада профилактика ҳамда эрта аралашув саъй-ҳаракатларини кучайтиришга алоҳида эътибор берган ҳолда, Сенат ва барча тегишли вазирлик-идоралар билан иш олиб боради», — дея таъкидлади у.

Тадқиқот ўсмирларнинг руҳий саломатлигига таъсир қилувчи асосий ҳимоя ва хавф омилларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Натижаларга кўра, ўқувчилар ҳамда ота-оналар энг кўп дуч келадиган тўсиқлар сифатида стигма ва хижолат бўлиш масаласида, мактаб психологи ва руҳий саломатлик борасида бошқа жамоат ресурслари ҳақида маълумотга эга эмас.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, 10 фоиздан ошиқ ўқувчилар ижтимоий боғлиқликни ҳис этмайди ва ажратишни бошдан кечиради: ҳар ўнта ўқувчидан биттаси ўзини мактаб билан боғламайди (8,7 фоиз), ундан ҳам кўпроғи ўзини мактабнинг бир қисми деб ҳисобламайди (13,1 фоиз) ёки ўзини синфда ёлғиз ҳис қилади (16,7 фоиз).

«Мактаблар академик таълим тузилмалари бўлибгина қолмай, талайгина ўспиринлар кўп вақтини ўтказадиган жойдир. Шунинг учун мактаблар ҳимояни таъминлаши мумкин, бироқ ўспиринларнинг руҳий саломатлигига таъсир қилиши мумкин бўлган хавф омиллари ҳам мавжуд», — деди Халқ таълими вазирлиги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказининг директори Лилия Гайнутдинова.

Тадқиқот бўйича ҳисоботда мактабларда руҳий саломатлик бўйича ўтказиладиган тадбирлар, бошқа секторлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича тавсиялар, жумладан қуйидагилар келтирилган:

-       ўсмирлар ва ота-оналар учун огоҳ бўлишга ундайдиган ҳолатлар, хавф ва ҳимоя омиллари тўғрисида билимларни ошириш учун мактабларда руҳий саломатлик тўғрисида хабардорликни ошириш;

-       руҳий саломатлик саводхонлиги бўйича ўқув дастурини ишлаб чиқиш;

-       мактаб психологларининг салоҳиятни ошириш ва маслаҳат бериш усулларини янгилаш бўйича уларнинг малакасини ошириш;

-       руҳий саломатлик учун далилларга асосланган мақсадли хизмат кўрсатиш дастурларига инвестициялар ажратиш;

-       қўллаб-қувватловчи оилавий муҳитни яратишга кўмаклашиш;

-       мактаблар билан маҳаллаларнинг ҳамкорлигини кенгайтириш.

Бирламчи бўғин тиббиёт ходимларининг руҳий саломатлиги ҳам анча вақтдан бери давом этиб келаётган ва зарур эътибор берилмаётган масаладир. Далиллар шуни кўрсатадики, бирламчи бўғин соғлиқни сақлаш ходимларининг учдан икки қисмидан кўпи стресс, ўткир безовталик, умидсизлик, чарчоқ, руҳий тушкунлик ва депрессияни бошдан кечиради.

  Шу боис ЮНИСЕФ бирламчи бўғин тиббиёт ходимлари учун рақамли платформани ҳам тақдим этди. У иш ҳажми ва стресснинг кўпайиши натижасидаги чарчашнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун муҳим бўлган психологик ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Платформа Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

  «Тиббиёт ходимларига кризис вақтида ғамхўрлик қилиш мақсадида ишга туширилган ушбу платформа тиббиёт ходимларига руҳий саломатлик ва соғломлаштириш бўйича индивидуал виртуал ёрдам имконини беради ҳамда соғлиқни сақлаш ходимларининг руҳий саломатлигини қўллаб-қувватлаш воситаларини таклиф қилади», — деди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари, узлуксиз, олий ва ўрта таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи Гулнора Юсупалиева.

Report Page