Ўзбекистонда аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси янгича тизимда баҳоланади

Ўзбекистонда аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси янгича тизимда баҳоланади


янгича тизимда баҳоланади

Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, уни оммавий ҳаракатга айлантириш, аҳолининг жисмоний қобилиятини аниқлаш ва рағбатлантириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори эълон қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 августдан бошлаб Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади ва қуйидагилар унинг асосий мақсади этиб белгиланди:

аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш ҳамда зарарли одатлар ва турли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш;

ёшларда ирода, ўз кучи ва имкониятларига ишонч каби фазилатларни мустаҳкамлаш, уларда жасорат, ватанпарварлик ва садоқат хислатларини ривожлантириш, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган, жисмонан бақувват ва интеллектуал салоҳиятли Ватан мудофаасига муносиб захира кадрларни тайёрлаш;

республика ҳудудида, шу жумладан олис ҳудудларда жойлашган қишлоқлар, овуллар, маҳаллаларда соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш;

аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг халқаро стандартлари ва илғор хорижий тажрибасини татбиқ этиш.

 

Шунингдек, қарор билан қуйидагилар белгилаб қўйилди:

баҳолаш тизими бўйича спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталарнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлайди;

спорт синовлари поғона ва мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, 15 турдаги, шу жумладан узоқ ва қисқа масофаларга югуриш ҳамда сузиш, турникда тортилиш, анжомларни улоқтириш ва бошқа машқлардан иборат бўлади;

спорт синовлари иштирокчиларига 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилади ҳамда улар моддий ва бошқа совғалар билан рағбатлантирилади.




Report Page