Ўзбекистонда ОИВ инфекцияли аёллардан ҳар йили ўртача 550-600 нафар чақалоқ туғилмоқда

Ўзбекистонда ОИВ инфекцияли аёллардан ҳар йили ўртача 550-600 нафар чақалоқ туғилмоқда

Расмий хабарлар

 ОИВ инфекцияси ҳозирги кунда барча мамлакатлар учун глобал муаммога айланган. ОИВ эпидемияси бошлангандан буён 75 миллиондан ортиқ киши ОИВ инфекцияси билан касалланган. Бу эса ўз навбатида инсон саломатлигига, мамлакатларнинг ижтимоий –иқтисодий ривожланишига ҳамда хавфсизлигига раҳна солаётир. Ўзбекистонни ҳам бу хавф четлаб ўтмаган.

ОИВ инфекциясининг тарқалиши асосан бирмунча фаол ёшда, яъни 25-49 ёшлар ўртасида кўпроқ учрамоқда, бу 75,6%ни ташкил этади

Мамлакатимизда ОИТСга қарши кураш тизими охирги йилларда ўз фаолиятининг барча йўналишларида жиддий ютуқларга эришиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1023-сонли, 2018 йилда тасдиқланган ПҚ-3493 ва ПҚ-3800 Қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган тадбирлар натижасида ОИВ диагностикаси соҳасида янги сифат даражасига эришиш, инфекцияни эрта аниқлаш, ўз вақтида профилактика чораларини амалга ошириш ва ОИВ инфекцияси билан яшаётган одамларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлигининг ошиши сабабли, Республикада ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлашиши кузатилмоқда.

2019-2020 йилларда Республикамизнинг 2 та йирик шаҳарлари Тошкент ва Самарқанд ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва аҳоли соғлиғини яхшилаш тўғрисидаги “Париж декларацияси” деб номланадиган бутунжаҳон ташаббусига қўшилди. Ташаббус йирик шаҳарларда ОИВ инфекциясини олдини олиш, аҳолини ОИВга текшириш билан қамраб олиш даражасини ошириш, шунингдек ОИВ мусбат фуқароларни ретровирусга қарши терапия билан таъминлаш ва вирус юкламасини “ноль” кўрсатгичга қадар камайтириш ва шунга мос равишда ОИВ тарқалишини кескин пасайишига қаратилган.

Ҳеч кимга сир эмаски, кўпгина мамлакатларда тиббиёт ва иқтисодиётнинг юқори даражада ривожланганлигига қарамасдан, бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси ўзининг турли айёрона тўсиқлари орқали инсониятнинг оддий турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборди.

Карантин туфайли ўз яшаш жойларига бориши чекланган беморларга ретровирусга қарши дорилар 3 ойлик захира билан автоуловлар ташкил этилиб, беморлар хонадонларига етказиб берилди.

Пандемия даврида ўз ватанига қайтиб келган 261394 нафар меҳнат мухожирларининг 80% га яқини ОИВ инфекциясига текширувлар билан қамраб олинди ва ОИВ аниқланган ҳолатларда диспансер назоратига олинди.

2006 йилдан бошлаб ЖССТнинг тавсияларига мувофиқ, ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишини олдини олиш дастури жорий этилган. Унга кўра ҳар йили ўртача 600 минг ҳомиладор ОИВ инфекциясига текширилади. ОИВ инфекцияли аёллардан ҳар йили ўртача 550-600 нафар чақалоқ туғилади ва уларга ОИВ инфекциясини онадан болага ўтишини олдини олиш мақсадида, ретровирусга қарши дорилар ўз вақтида бериб борилади. ОИВ инфекциясининг онадан болага ўтишини олдини олиш мақсадида туғилган чақалоқлар (6 ойликкача) сунъий озиқлантириш (қуруқ сут) билан таъминланади.

2020 йилда бутун дунё ҳамжамияти бор эътиборини COVID-19 пандемиясини одамлар ҳаёти ва фаровонлигига қандай таъсир кўрсатаётганлигига қаратди. Пандемия бизга яна бир бор соғлиқни сақлаш инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий ўсиш каби бошқа муҳим масалалар билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатди. Шу сабабли бу йил Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни дунё миқёсида "Тенгсизликни йўқ қилиш. ОИТСни тугатиш. Пандемияни тўхтатиш" шиори остида ўтказилмоқда.

Aгар биз 2030 йилгача ОИТСга барҳам беришни истасак, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва ҳуқуқий тенгсизликларни имкон қадар тезроқ бартараф этишга эришишимиз керак. Дунёда инқироз ҳолатлари кузатилаётган бир пайтда ижтимоий тенгсизлик муаммоларини ҳал қилишнинг вақти эмас деган фикр мавжуд бўлсада, бусиз инқирозни енгиб бўлмайди дейилади Бирлашган Миллатлар ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича қўшма дастури баёнотида.


Report Page