Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида янги автобус қатновлари йўлга қўйилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида янги автобус қатновлари йўлга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати

Ўзбекистон ва Қозоғистон барқарор тараққиёт йўлига тушиб олган ва жадаллик билан ривожланиб бораётган қардош мамлакатлардир. Бугун икки давлат орасида интеграциялашув, савдо алоқалари, таълим, фан, маданият, саноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланиши икки мамлакат ривожи, икки миллат равнақига хизмат қилмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари ўртасида барча соҳада бўлганидек, транспорт йўналишидаги ҳамкорлик муносабатлари ҳам ривожланиб бормоқда. Халқаро автобус қатновларининг йўлга қўйилиши эса давлатлар ўртасида аҳоли қатнови кўпайиши ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.

Хорижий давлатларга чиқаётган фуқароларга ва юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш уларни манзилларига ўз вақтида ва хавфсиз етказиб қўйишни ташкил этиш борасида Транспорт вазирлиги томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳусусан, 25 сентябрь кунидан эътиборан қўшни Қозоғистон Республикасининг Хоргос ва Петропавлск шаҳарларига мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилди. Мазкур йўналишларда “Uzautotrans Service” корхонаси замонавий Yutong автобусларида хизмат кўрсатади.

“Тошкент-Хоргос” йўналишида қатновлар ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади. Автобуслар “Тошкент” автовокзалидан соат 10:00 да йўлга чиқади. Чипта нархи эса 200 000 сўм этиб белгиланган.

“Тошкент-Петропавлск” йўналишида эса қатновлар кун ора амалга оширилади. Автобус “Тошкент” автовокзалидан соат 19:00 да жўнаб кетади. Мазкур қатнов йўналишида чипта нархи 337 000 сўмни ташкил этади.

Шунингдек, бугунги кунда Тошкент-Олмаота, Тошкент-Ушкунур, Тошкент-Қизилўрда, Тошкент-Нурсултон, Чирчиқ-Ушкунур, Чирчиқ-Олмаота, Чирчиқ-Чимкент, Ангрен-Олмаота йўналишларида ҳам мунтазам автобус қатновлари амалга оширилмоқда.