Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қишлоқ хўжалиги бўйича ҳамкорлик кучайтирилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қишлоқ хўжалиги бўйича ҳамкорлик кучайтирилади



Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлари музокаралари якунида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинди.




Ҳужжатда 2019-2024 йилларда қишлоқ хўжалиги фани, ишлаб чиқариш, сертификатлаш, савдо, рақамлаштириш, ветеринария ва чорвачилик, ўсимликлар карантини соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш чоралари белгиланган. 

Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. 

Бош вазир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. 

Жорий йилнинг 9 ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг товар айланмаси қарийб 770 миллион долларни ташкил қилди. Қозоғистоннинг Ўзбекистонга асосий экспорти буғдой ва меслин, буғдой уни, кунгабоқар, шакар, қорамолдан иборат. Ўзбекистон асосан Қозоғистонга гилос ва олча, янги узилган узум, ўрик, помидор, шафтоли, ҳурмо, сабзавотларни экспорт қилади. 

Манба: “Ўздавкарантин” инспекцияси Ахборот хизмати




Report Page