“Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар таҳлили

“Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар таҳлили

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official

“Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилда “Ўзбекистон почтаси” фаолиятини трансформация қилиш, моддий-техник базасини такомиллаштириш ва иш фаолиятини “рақамлаштириш”, шунингдек, почта ва курьерлик хизматларини кўрсатиш кўламини кенгайтириш, электрон тижорат, банк ва давлат хизматларини кўрсатишни жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан:

 “Ўзбекистон почтаси”нинг мавжуд ахборот тизимлари янгиланди, Тўловларни қабул қилиш ва пул ўтказмалари бўйича автоматлаштирилган тизим янгиланиб, “AVVAL” бренди остида ишга туширилиб унинг мобил иловаси ҳам яратилди.

Мазкур тизимда 60 дан ортиқ тўловларни қабул қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, почтальонлар 1 000 та мобил қурилмалар билан таъминланди. Эндиликда почтальонлар хизмат кўрсатиш ҳудудида аҳолидан турли тўловларни онлайн режимда қабул қилиши мумкин бўлса, аҳоли эса уйидан чиқмасдан тўловларни онлайн равишда амалга ошириши мумкин.

 Почта алоқасининг анъанавий хизматларини такомиллаштириш, уларни рақамлаштириш, жўнатмаларни қабул қилиш, саралаш, онлайн режимда кузатиб бориш ва етказиш жараёнларига ахборот технологиялари ва тизимларини жорий этиш мақсадида “Почта хизматларини кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш тизими” ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.

 Чекка ҳудудлардаги 750 га яқин почта алоқаси объектларида банк хизматларини, жумладан банк карталарини пул маблағлари билан тўлдириш ва нақд пул ечиш бўйича хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига банк хизматларидан фойдаланишларига қулайликлар яратилди.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, бугун республикамизнинг чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун 930 га яқин почта алоқа объектида 30 турдан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Оддий тилда айтганда энди аҳоли давлат ва банк хизматларидан фойдаланиш учун туман марказига бориши шарт эмас. Энг яқин почта бўлимига бориб, бундай хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Маълумки, ахборот технологиялари ривожланиши билан электрон тижорат бозори ҳам ривожланди. Бу жараёнда онлайн савдо майдонларининг аҳамияти жуда ҳам юқори. Ана шундай эҳтиёжларни қондириш, бу жараёнда фаол иштирок этиш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш имкониятини берувчи “UNISAVDO” онлайн савдо майдончаси яратилди. Ҳозиргача 300 дан ортиқ тадбиркорнинг 15 000 га яқин маҳсулотлари майдончага жойлаштирилди.

Ушбу майдонча тадбиркорларнинг маҳсулотларини республикамизнинг барча вилоятларида сотиш ҳамда аҳолининг ушбу маҳсулотларни онлайн сотиб олиш имкониятини яратди.

 Электрон тижорат билан шуғулланувчи тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида, Андижон вилоятининг Асака туманида, Бухоро вилоятининг Вобкент туманида ва Хоразм вилоятининг Ургенч шаҳрида 4 та логистика маркази қурилиши бошланди. Қурилиш ишларини йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган. 

Мазкур логистика марказлари энг аввало интернет-савдо майдончалари эгаларига ўз маҳсулотларини сақлаш, яъни омборхона муаммосини ҳал этади ҳамда интернет-савдо майдонча орқали харид қилинган маҳсулотларни шу ернинг ўзида қисқа муддат ичида қадоқланиб, мижозларга етказиб бериш имкониятини беради.

Шунингдек, “Гибрид почта” тизими такомиллаштирилиб, Ягона миллий тизим жорий этилди. Гибрид почта хизматнинг афзаллиги шундаки, давлат органлари ва ташкилотлари почта жўнатмаларини конвертга солиш, унга марка ёпиштириш, олувчининг манзилларини ёзиш ва почтага олиб келиш вазифаларидан ҳоли бўлишади.

Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари иш жойларидан хатни электрон шаклда юборади, олувчининг манзилига хизмат кўрсатадиган туман ва шаҳардаги почта алоқаси боғламаси уни қоғоз кўринишда чоп этиб, манзилга етказиб беради. Бунинг натижасида почта жўнатмасини етказиб беришдаги назорат муддатлари қисқаришига эришилди, яъни аввал почта жўнатмалар энг чекка ҳудудда яшовчи аҳолига 6-8 кун ичида етказиб берилган бўлса, эндиликда  1-2 кун ичида етказиб берилмоқда.

Бугунги кунда, 100 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари ушбу хизматдан фойдаланмоқда. Гибрид почта жўнатмаларининг ҳажми 2020 йилга нисбатан 2021 йилда 2 баробар кўпайди.

 Почта алмашинувларини амалга оширишда фойдаланилаётган автотранспорт парки янгиланди, бунинг учун 110 дан ортиқ катта ва кичик ҳажмдаги юк ташувчи автотранспорт воситалари харид қилинди.

Бунинг натижасида, магистрал ва вилоят ички почта алмашинувларининг сони кўпайишига эришилди, жумладан аввал почта алмашинувлари ҳафтасига

5 маротаба ўтказилган бўлса, эндиликда ҳафтасига 6 маротаба ўтказилмоқда.

Туманларда жойлашган почта алоқаси боғламалари ҳам қўшимча автотранспорт воситалари билан таъминланди, баъзи ички маршрутлар қайта тикланди. 

 Почта жўнатмаларни етказиб беришдаги логистика тизими қайта кўриб чиқилди. Бунда почтальонлар электроскутердан фойдаланган ҳолда почта жўнатмаларни марказдаги почта саралаш бўлимидан “боғлама-мижоз” схемаси асосида, олувчиларга етказиб бериш механизми йўлга қўйилди, бунинг учун 500 га яқин электроскутерлар билан таъминланди.

Натижада мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланди ҳамда почта жўнатмаларни етказиб бериш вақтини қисқартиришга эришилди, яъни аввал почтальонлар томонидан почта жўнатмалар олувчиларга 2-3 кун ичида етказиб берилган бўлса, ҳозирги кунда электроскутер орқали 1 кун ичида етказиб берилмоқда.

 Аҳолига почта алоқаси хизматларидан контактсиз ва куну-тун фойдаланиш имкониятини берадиган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган почтаматлар хизмати йўлга қўйилди. Бунинг учун 30 та почтаматлар билан таъминланди. Ушбу почтаматлар аҳоли гавжум жойларга, йирик савдо марказларига, олий ўқув юртларига ва почта алоқаси объектларига ўрнатилган.

Эндиликда, жўнатувчи почта жўнатмаларини адресатнинг уй манзилига жўнатмасдан почтаматнинг манзили бўйича жўнатиш, шунингдек адресатлар номига келган почта жўнатмаларини уларнинг хоҳишларига кўра уй манзилларига етказиб берилмасдан, хавфсизлиги таъминланган ҳолда исталган вақтларида почта жўнатмаларини почтаматлардан олиш, бунда почта алоқаси хизматларидан контаксиз фойдаланиш имконияти яратилди.

Яна 150 та почтамат 2022 йил февраль якунига қадар ўрнатиш кўзда тутилган.

Барча почта алоқаси объектлари замонавий компьютер техникалари билан таъминланди.

Аҳолига почта алоқаси хизматларидан фойдаланишлари учун қулайлик яратиш ҳамда кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида 3 та туман почта алоқаси боғламаси ва 54 та почта алоқаси бўлимлари фаолияти қайта йўлга қўйилди ҳамда 600 га яқин янги иш ўринлари яратилди.

Почта алоқаси объектларида янги хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилганлиги муносабати билан почта алоқаси ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилиб, 3 500 нафарга яқин почта ходимнинг малакаси оширилди.

 Бундан ташқари, ҳар бир вилоятдан 3 тадан жами 42 та туманлар намуна сифатида танлаб олиниб, ўша туманларда почта алоқаси хизматларини ривожлантириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини яхшилаш юзасидан ишлар олиб борилди амалга оширилди, жумладан:

- почта алоқаси хизматларини кўрсатишни аҳолига яқинлаштириш мақсадида 14 та Мобил алоқа бўлимлари ташкил этилди;

Ушбу мобил алоқа бўлимлари аҳолининг яшаш манзилларига бориб, ўша ернинг ўзида почта алоқаси хизматларини кўрсатиш имкониятини яратди;

250 дан ортиқ почта алоқа бўлимлари ягона корпоратив дизайн асосида жиҳозланди;

140 дан ортиқ почта алоқаси объектларининг биносини таъмирлаб, замонавий кўринишга келтирилди;

20 дан ортиқ енгил конструкцияли биноларда почта алоқаси хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди;

- 310 дан ортиқ почта алоқаси бўлимигача 640,0 км.дан ортиқ оптик толали алоқа линиялари тортилди.

 Кейинги йилларда ҳам “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, кўрсатилаётган почта алоқаси хизматларининг сифатини яхшилаш ва янги хизматларни жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилади.

Биринчи навбатда, қишлоқ ҳудудида жойлашган почта бўлимлари фаолияти самарадорлигини ошириш, у ерда яшовчи аҳоли учун давлат хизматлари, банк хизматлари ва бошқа хизматларни кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади.

Иккинчидан, Почта ва курьерлик хизматлари сифатини яхшилаш ва турлари кўпайтирилади.

Учинчидан, Электрон тижорат ривожланиши учун зарур логистик инфраструктура такомиллаштирилади.


Report Page