Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази директори нуфузли халқаро ташкилот аъзосига айланди!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази директори нуфузли халқаро ташкилот аъзосига айланди!

https://t.me/diniysavollar

Жорий йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Халқаро мусулмон уламолар кенгаши аъзоси сифатида қабул қилинганлари идора ҳузуридаги Фатво маркази мутахассислари томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Чунки Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси бўлиш билан бирга Фатво маркази директори ҳисобланадилар. Марказ у кишининг бевосита раҳбарлиги остида очилган ва Муфтий ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари билан доимий равишда ривожлантириб борилмоқда. Бугунга келиб Муфтий ҳазратлари бошчилигида Фатво маркази таркибида бир гуруҳ уламолар жамоаси хизмат қилмоқда ва юртимиз мусулмонлари ҳаётида ўз ўрнини топиб бормоқда. 

Албатта, бу воқеа Муфтий ҳазратларининг 35 йиллик дин йўлидаги хизматлари ва фидокорликлари, илмий чиқишлари, халқаро анжуманлардаги иштироклари эътирофидир.

Муфтий ҳазратларининг нуфузли халқаро ташкилотга қабул қилинишлари у киши бош бўлиб турган Фатво маркази фаолиятига ҳам катта масъулият юклайди. Маълумки, марказ фаолияти анъанавий ҳанафий мазҳаби ва Мотуридийлик ақидасига асосланади. Фатво маркази мана шу анъанага содиқ қолиб, халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжларини қондириш, халқимизни оғирини енгил қилиб қийин масалаларга ечим топиш, динни мўътадил тутиш, оила мутаҳкамлиги, солиҳ фарзандлар тарбиясига қўл келадиган тарғибот ишларини олиб бориш, динимиз ривожига раҳна бўлиб келган ботил оқимлар ва нотўғри тушунчаларга қарши туриш, бир сўз билан айтганда жамият ичига яхшилик уруғларини сочиш, ҳамкорлик ва дўстлик-биродарлик руҳини тарқатиш билан шуғулланади.

Муфтий ҳазратларининг ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлишлари Фатво марказининг ҳам халқаро алоқалари кенгайиши, ўзаро тажриба алмашиш ишларига ижобий таъсир кўрсатади деган умиддамиз. 

Фурсатдан фойдаланиб идора ҳузуридаги Фатво маркази мутахассислари муфтий ҳазратларини чин дилдан муборакбод этади!

Аллоҳ таоло бу аъзоликни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига хайрли баракали қилсин, барча яхшиликларга дебоча бўлишини насиб айласин! Омин!    

Маълумот ўрнида, Халқаро мусулмон уламолар кенгаши 2004 йилда 50 нафар уламо томонидан тузилган мустақил, нуфузли ташкилот саналади. Бош қароргоҳи Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган.

Ташкилот мақсадлари: уламоларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, уммат олдидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий саъй-ҳаракатларни амалга оширишдан иборатдир.

Ташкилот вазифалари: Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, замонавий ахборот воситалари ва тарғибот-ташвиқот орқали Ислом дини таълимотларини оммага етказиш, шунингдек, ҳар бир фаолиятда илм-фан ва мўътадилликка асосланиш ҳамда мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги муҳим масалалар билан шуғулланишдир.

Ҳозирги кунда Кенгашга мусулмон дунёсидаги энг кўзга кўринган 46 нафар нуфузли уламо аъзо сифатида қабул қилинган. Раҳбари Шайх Али Муҳйиддин Қорадоғий. 

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳаётлик даврларида ушбу ташкилотга аъзо бўлган эдилар.

Report Page