«Ўзбекистон флораси» тўпламининг янги нашрлари тайёрланди ва чоп этилди

«Ўзбекистон флораси» тўпламининг янги нашрлари тайёрланди ва чоп этилди

@Rasmiy_xabarlar_Official

“Ўзбекистон флораси” тўпламининг янги нашрлари тайёрланди ва чоп этилди

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Моҳира Жуманова маълум қилди.

Мамлакатимизда табиат муҳофазаси, экологик барқарорлик ва биохилма-хилликни сақлаш, қайта тиклашга катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги брифинг Фанлар академияси томонидан республикамиз флора ва фаунаси хилма-хиллигини сақлаш борасида амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишларига бағишланади.

Фанлар академияси Ботаника институтидаги Ўзбекистон Миллий гербарийси Марказий Осиёдаги энг йирик ботаник коллекция. Дунёнинг 4 мингга яқин гербарийлари орасида 30 талик таркибига кирувчи ноёб илмий объект саналади.

1830-1835 йиллардан бошлаб тўпланган бу Гербарий ҳозирги кунга келиб 1.5 млн. дан ортиқ намуналарни ўз ичига олган ва Осиё минтақасидаги йирик 4 та гербарийлар қаторига киради.

Ўзбекистон ҳудудидан терилган дастлабки намуналар 1900-1905 йилларга тўғри келади. Бугунги кунда эса Миллий гербарийнинг асосий қисмини мамлакатимиз ҳудудидан тўпланган гербарий намуналари ташкил этади.

Гербарийнинг Типлар коллекцияси 3000 дан ортиқ намуналарни ўз ичига олади ва улар фан учун янги деб топилган ўсимлик турларининг илк намуналари, яъни, шу ўсимлик турининг “паспорти” ҳисобланади. Ҳозирда Тип намуналари коллекцияси тўлиқ рақамли форматга ўтказилган.

Ўзбекистон Миллий гербарийси мамлакатимиздаги ботаник тадқиқотларнинг асоси бўлиб ўсимликлар систематикаси ва географияси, қоплами, ресурсшунослик борасида олиб бориладиган барча тадқиқотлар айнан гербарий фондига таянади. Бундан ташқари, ботаника фанига ёндош бўлган бир қатор фан йўналишлари, жумладан, биокимё, фармацевтика, генетика борасидаги тадқиқотларда ҳам гербарий коллекциясининг ўрни ортиб бормоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон миллий гербарийсидан кенг фойдаланган ҳолда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан:

“Ўзбекистон флораси” тўпламининг янги нашрлари тайёрланди ва чоп этилди. “Ўзбекистон флораси” тўпламининг илк нашрлари 1941-1963 йилларда чоп этилган ва ўз ичига 3663 турни қамраб олган. Ҳозирги пайтда флорамиз таркибидаги турлар хилма-хиллиги 4 ярим мингга яқин эканлиги янги “Ўзбекистон флораси” тўплами ишлаб чиқилишига туртки бўлди.

2016-2019 йилларда Ўзбекистон флорасининг 3 та нашри чоп этилиб кейинги 2 та жилди нашрга тайёрланди. Ушбу лойиҳа кўлами ва давомийлигига кўра МДҲ давлатларида ягона бўлиб, унинг бажарилишига ўзбекистонлик олимлардан ташқари Финляндия, Россия, Қирғизистон, Жанубий Корея, Германия мамлакатларидан ҳам олимлар жалб этилган.

Ўзбекистон флорасини тўр тизимли хариталаш. Ўзбекистон Миллий гербарийси асосида бажарилаётган навбатдаги лойиҳа мамлакат миллий флораси турларини тўр тизимли хариталашга бағишланган. Ғарбий Европа мамлакатларида кенг қўлланиладиган бу тадқиқот йўналиши Марказий Осиёда биринчи бўлиб Фанлар академияси Ботаника институтида амалга оширилмоқда.

Бу лойиҳанинг моҳияти шундан иборатки, тадқиқот ҳудуди 5х5, 2х2 ёки 10х10 км майдонлардан иборат бўлган квадратларга бўлинади ва флора таркиби ҳамда гербарий намуналари зичлиги шу квадратлар бўйича алоҳида ҳисобланади. Бундай услубнинг ишлатилиши танлаб олинган ҳудуд бўйича максимал даражадаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек, вақт оралиғидаги динамик ўзгаришларни баҳолаш, башорат қилиш имкониятини беради.

2018 йилда бошланган бу тадқиқотлар Зарафшон тизмасининг ғарбий тармоқларида дастлабки синовдан ўтказилди.

2021 йилдан бошлаб эса Сурхондарё вилояти ҳудуди флорасини тўр тизимли хариталаш устида илмий ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятлар флорасининг давлат кадастри. Ўзбекистон Миллий гербарийси фондига таянган ҳолда ва замонавий дала тадқиқотлари уйғунлигида 2016 йилдан бошлаб Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро ва Навоий вилоятлари учун кадастр тадқиқотлари якунланди. Ҳозирги кунда Тошкент ва Сурхондарё вилоятилари кадастрлари устида ишланмоқда.

Бундан ташқари, айни кунларда айрим ўсимлик туркумлари камёб ва йўқолиб бораётган турлар, доривор ўсимликлар, табиий экосистемаларнинг индикатор турлари кабилар бўйича глобал иқлим ўзгаришининг мавжуд сценарийлари асосида рўй бериши мумкин бўлган ўзгаришларни башорат қилиш борасида ҳам янги замонавий тадқиқотлар олиб борилмокда.

Шунингдек, ҳозирда Ўзбекистон Миллий гербарий коллекциясининг 25 фоиз қисми рақамли форматга ўтказилиб, ёрликларни маълумотлар базасига киритиш, баркодлаш устида иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари, гербарий коллекцияси йилига 7000-8000 атрофидаги янги намуналар билан бойитилмоқда.

Фанлар академияси Зоология институтининг «Зоология коллeкция» ноёб илмий объeкти бўлиб, у 6 та ноёб илмий коллeкция фондларидан иборат. Улар қуруқ, ҳўл прeпаратлар, тeрилар, бош суяклари, ҳайвонларнинг ҳосилалари тарзида ифодаланган.

Зоология коллeкцияси – Марказий Осиёдаги энг катта коллекциялардан бири бўлиб, Ўзбeкистоннинг миллий бойлиги ҳисобланади. Сақлаш фондида 1935 йилдан ҳозирги кунгача тўпланган умуртқасиз ҳайвонлар, балиқ, судралувчилар, қушлар ва сутэмизувчилар колекциялари мавжуд. Тўпламда Марказий Осиё ҳайвонот дунёсининг 5 минг турига мансуб 70 мингдан ортиқ намуналари сақланмоқда. Барча фондларда сақланаётган коллекция намуналарини инвентаризациялаш жараёни амалга оширилмоқда ва бу йўналишдаги ишларнинг дастлабки босқичи якунланди.

Зоология институтида республика ҳайвонот олами хилма-хиллигини сақлаш, замонавий фан ва иқтисодиёт тармоқларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда зоологиянинг алоҳида йўналишларини ривожлантириш, шунингдек, ҳайвонот оламини ўрганиш ҳамда муҳофаза қилиш борасидаги вазифалар ечимини тезлаштиришга қаратилган илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Хусусан:

Тўғриқанотсимон ҳашаротларнинг ҳаёт шакллари аниқланди, фаунистик ва зоогеографик таҳлиллар олиб борилди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўғриқанотлиларнинг жами 257 тури учраганлиги қайд қилиниб, улардан, агроландшафтларда 105 тур, чўл ҳудудларида 118 тур, адирда 145 тур ва тоғларда 141 тур тарқалганлиги аниқланди.

Алоҳида аҳамиятга эга бўлган зоологик ҳудудларда умуртқали ҳайвонларнинг иқтисодий аҳамиятга эга бўлган, шунингдек, камёб ва эндем турларини сақлаш ва улардан барқарор фойдаланишнинг йўллари очиб берилди. Ғарбий Тянь-Шан ва Помир-Олой тоғлари экосистемасида умуртқали ҳайвонлар фаунасини сақлаш мақсадида 8 та асосий зоологик ҳудудлар ажратилган. Ҳар бир ҳудуд учун хос бўлган сутэмизувчиларнинг комплекс фаунаси, ноёб, глобал даражада хавф остида бўлган, эндемик турлар, турларнинг ҳолати ва яшаш биотопларига антропоген таъсирларнинг мажмуи аниқланди.

Республика фаунасининг маълумотлар базасини босқичма-босқич яратиш борасида ҳашаротларни идентификациялаш тизими бўйича маълумотлар базаси ишлаб чиқилди. Дастлабки босқичда тўғриқанотсимонлар фаунаси, экологияси тўғрисидаги маълумотларни жамлаш ва улардан замонавий усуллар асосида фойдаланиш учун OrthopteraInfo маълумотлар базаси назарий модели, конструктив схемаси ишлаб чиқилди ва ушбу маълумотлар базасига биообъект ҳақидаги маълумотлар, жумладан, тўғриқанотлиларнинг 120 та, бахорикорларнинг 48 та ва бошқа туркумга мансуб 35 тур тўғрисидаги фаунистик, таксономик ва экологик манбалар киритилди.

Молекуляр-генетик тадқиқотлар натижасида 8 тур нематодалар ва 6 тур қуруқлик моллюскалари индентификация қилинди ва халқаро Генбанк базасига жойлаштирилди.

Ҳайвонот олами объектлари, шунингдек, ёввойи ҳайвонларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари бўйича давлат кадастри юритилди.

Тошкент вилояти умуртқали ҳайвонлар фаунаси бўйича ноёб ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган турларнинг қисқа тавсифловчи муҳим маълумотга эга рўйхати тузилди. Маълумотлар базасида 181 та умуртқали ҳайвонларга мансуб бўлган 7649 та маълумот киритилди. Тошкент вилояти ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилинадиган объектлари тўғрисида ахборот-таҳлилий маълумот базаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг биохилма-хилликни сақлаш бўйича ахборот-таҳлилий база тизимига жойлаштириш учун тақдим этилди.

Маҳаллий хом ашё озуқаларидан фойдаланган ҳолда балиқ унумдорлигини ошириш технологияси ишлаб чиқилди. Тошкент вилояти сув ҳавзаларида бозор шароитларига мослаштирилган, маҳаллий озуқалар ёрдамида карп балиқлари чавоқларининг маҳсулдорлигини гектарига 2,0-2,5 тоннагача ошириш технологияси яратилди.

Бундан ташқари, Фанлар академияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда мунтазам равишда Қизил китобни юритиш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, янги таҳрирдаги ҳайвонот олами бўйича Қизил китобнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари рўйхатига 209 та тур, шундан 21 та тур қўшимча равишда киритилди ва 12 та турнинг мақоми ўзгартирилди.


Report Page