Ўзбекистон эстрадаси асосчиси, композитор Ботир Зокировнинг 85 йиллигига бағишлаб маърифат соати

Ўзбекистон эстрадаси асосчиси, композитор Ботир Зокировнинг 85 йиллигига бағишлаб маърифат соати


 “МИЛЛИЙ ЭСТРАДАМИЗ АСОСЧИСИ”

Ботир Каримович Зокиров — атоқли ўзбек, совет хонандаси, рассом ва адабиётшунос. Турли жанрларда қўшиқлар куйлаган: ўзбек халқ қўшиқлари, ўзи басталаган қўшиқлар, ўзбек ва рус бастакорларининг қўшиқлари, шунингдек, хориж шлягерларини, асосан, асл кўринишида куйлаган, зеро, бир нечта хорижий тилларни билган. Халқнинг севимли санъаткори, уни “ўзбек булбули” дейишган. Нафақат она юртида, балки чет давлатларда ҳам ҳануз хотирлашади. Бугунги кунда ҳам кўз ўнгимизда ёш тимсолда гавдаланувчи хонанда. Унинг қўшиқлари ҳануз жаранглайди, қилган хайрли ишлари эса яшашда давом этмоқда.

Ботир Зокиров 1936 йил 26 апрель куни туғилган.Тошкент Давлат консерваториясининг вокал факультети ҳамда А.Н.Островскийномидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факультетида таҳсил олган. 1956 йил “Ёшлик” ёшлар ансамблини ташкил этади ҳамда тез орада шуҳрат ва эътироф қозонади. Хонанданинг овозини бир маротаба эшитган одам, албатта, унинг овозини эслаб қолар, қўшиқларига меҳр қўярди. У қалб тубидан ларзага солувчи тоза, таъсирчан, аллақандай бетакрор, “булбулигўё” юмшоқ-овоз тембрига эга бўлган.

1957 йил Москвада бўлиб ўтган халқаро ёшлар ва талабалар фестивалида у илк бор “Араб тангоси”ни ижро этган. Пластинкага ёзиб олинган бу қўшиқ яшин тезлигида дунё бўйлаб тарқади ва унинг иқтидори шинавандалари томонидан ҳануз севиб келинади. Табиат уни серқирра иқтидор ила сийлаб, энг ёрқин қирраларни – ноёб овозни тақдим этган. У бор вужуди билан куйлаган: опера ариялари, ўзбек халқ қўшиқлари, совет бастакорларининг қўшиқлари, хориж шлягерлари. Унинг овози радио ва телевиденияларда жаранглаган, концертлари ҳаваскорлари орасида катта шов-шувга сабаб бўлган, яккахон концертларида ортиқча қадам босишга жой бўлмаган. Хонанданинг бой репертуари ҳам ҳайратга солар эди. Ушбу репертуардан моҳирона ижродаги ўзбекча қўшиқларигина ўрин олмаган — ҳозиргача ҳеч ким унинг гўзал ва ифодали ижроси билан рақобатлаша олмайди. 60-йиллар ўзбек эстрадасида айнан унинг ижросида итальян, француз, испан, рус, юнон тилидаги қўшиқлар жаранглай бошлаган.

Ботир Зокиров Ўзбекистон Давлат эстрада оркестрининг ташкилотчиларидан биридир. Ўзбек эстрада санъатининг ривожи унинг ижоди ила бошланган бўлиб, миллийлик мавзусига юзланган ўзига хос миллий чизгилари билан ажралиб туради.

1972 йил Ботир Зокиров Тошкент шаҳрида Шарқдаги илк Мусиқий-холлни яратиб, уни бошқарган, шунингдек, режиссёри, бадиий раҳбари ва етакчи хонандаси ҳам бўлган. У шарқ фольклорини замонавий эстрада йўналишлари ила бирлаштириб, мусиқачилар ва кенг омма орасида унга бўлган қизиқиш уйғотишнинг уддасидан чиққан.

Хонанда хали 30 ёшни қарши олмай, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артисти унвони билан тақдирланган.Б.Зокиров бошқа кўплаб ижод соҳаларида иқтидорли бўлган: тасвирий санъат, режиссура, тавсифчилик.Кинода ҳам суратга тушган. Ботир Зокиров иштирокидаги энг машҳур фильмлардан бири “Даҳонинг ёшлиги” бўлиб, 1982 йил режиссер Элёр Ишмуҳамедов томонидан суратга олинган. Севимли хонандамиз билан бирга Бахтиёр Ихтиёров, Фурқат Файзиев, Ато Муҳамаджонов, Раъно Кубаева, Витаутас Томкус, Василий Чхаидзе, Джаник Файзиев, Шуҳрат Эргашев, Мурод Ражабов, Леонард Бабаханов, Константин Бутаев, Мақсуд Мансуров, Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Рустам Уразаев, Жавлон Ҳамроев, Жуна Давиташвили кабилар суратга тушишган.

Ботир Зокиров республика бўйлаб кўп сафар қилган. Зокировлар оиласида барча иқтидорли: Науфаль Зокиров, Луиза Зокирова, Фаррух Зокиров, Жамшид Зокиров. Ботир Зокиров ҳаётдан узрсиз барвақт кўз юмди. Ёшлигидан оғир бетоб бўлган ва гўёки, оз муддат ичида истаган барча ишларини бажаришга улгуришга шошгандай.

Ботир Зокировнинг қўшиқлари замонавий эстрада қўшиқ санъатининг асл намунаси сифатида халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олган.

Унинг Ўзбекистон радио ва телевиденияси «Олтин фонди»га кирган қўшиқлари турли миллат вакиллари томонидан ҳозирги кунга қадар мароқ билан тингланади, издошлари томонидан севиб куйланади.

У ўзбек эстрада санъатини юксак чўққига кўтариб, ҳаққоний равишда дунё эътирофига сазовор бўлди.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг ушбу бетакрор санъаткорнинг 85 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги 2020 йил 2 декабрдаги қарори маданий-маънавий ҳаётимизда муҳим воқеадир. Атоқли ижодкорнинг ижодий меросига янгича ёндашув, айниқса, ёш хонандалар маҳоратини юксалтиришда катта роль ўйнаши аниқ.

Ҳа, Ботир Зокиров миллий эстрада санъатимизнинг асосчиларидан бири, у Президентимизнинг қарорига қайд этилганидек, “замонавий ўзбек маданиятини дунё миқёсида кенг тарғиб этиш, ижодий ва ижтимоий фаолияти билан халқимиз маънавиятини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшган буюк санъаткор…”. Б.Зокиров айни пайтда Шарқ халқлари мусиқий санъатининг билимдони, дунё узра кенг тарғиботчиларидан эди.

Айтишларича, буюк турк адиби Нозим Ҳикмат унинг қўшиқларининг шайдоси эди. Адибимиз А.Жўраевнинг ёзишича, “1957 йил Москвада бўлиб ўтган халқаро ёшлар ва талабалар фестивалида у илк бор “Араб тангоси”ни ижро этган. Пластинкага ёзиб олинган бу қўшиқ яшин тезлигида дунё бўйлаб тарқади ва унинг иқтидори шинавандалари томонидан ҳануз севиб келинади”.

Таниқли ўзбек бастакори, машҳур “Раъно” қўшиғи муаллифи Икром Акбаров афғонча “Эй сарбон”ни Москвада пластинкага ёзилишига оид қуйидагиларни эслаган (Қўшиқ санъаткор Москва касалхонасида муолажа олаётган пайтда ёзилган экан): “Иккинчи операцияга тайёргарлик кўриб юрган кезларда ҳам нуқул “ишлайлик”, дерди. Баъзан шанба-якшанба кунлари врачлардан рухсат сўраб, уни уйимизга олиб келардик.

“Эй сарбон” қўшиғи шу даврда яратилди, У сўз мусиқа оҳангларига тушмагунча қайтараверарди”. “Муҳаббат омаду олам дигар шуд” (“Муҳаббат келди-ю олам ўзгариб кетди”) мисраси билан бошланадиган тожикча қўшиқ ҳам (Зиёдулла Шаҳидий куйи) юксак маҳорат билан ижро этилганини санъат усталари қайд этган. Машраб Бобоев бежиз ёзмаган: “Бир миллат вакили бошқа миллат санъатини ўхшатиши қийин, аммо Ботир Зокиров “Эй сарбон”ни куйлаганида саҳро машаққатларини тортардингиз, фарангча қўшиғида армонларни унутиб, дикир-дикир сакраб, “Маро бебус”да битта бўса сўраб, қон йиғлардингиз”.

Ҳа, Ботир Зокиров ўзига хос ижрочилик мактабини яратиб кетди. У қўшиқларидек нафақат ўзбек санъати мухлислари қалбида, балки бутун Шарқ дунёси мусиқаси шайдолари ёдида мангу яшайди. Санъаткор таваллудининг 85-йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирлар, унинг номи билан очиладиган олий мактаб, ёдгорлик мажмуаси ва уй-музей, бошқа эзгу ишлар санъаткорнинг ижодий мероси янада оммавийлашига, айниқса, ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

1985 йил 23 январь куни Тошкент аҳли Ботир Зокиров билан видолашди. У пойтахтдаги Чиғатой нодир қабристонидан қўниб топди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов фармони билан Ботир Зокиров ўлимидан сўнг “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

Шунингдек, унинг энг катта мукофоти — бутун халқ муҳаббати ва улуғ хотираси бор.

 

Report Page