Ўзбекистон америкалик юрист нигоҳида: 50-йиллар

Ўзбекистон америкалик юрист нигоҳида: 50-йиллар

"Фан ва турмуш", 2020 № 1-2.

Ўзбекистон ўзининг кўҳна шаҳарлари, меъморий ёдгорликлари, гўзал тоғлари ва, шубҳасиз, ажойиб таомлари ва ширин-шакар мевалари билан доимо дунёга машҳур бўлиб келган. Шу сабабли, авваллари СССРга расмий ташриф буюрган юқори мартабали амалдорларнинг Москва ва Ленинградга сафари режасига кўпинча Ўзбекистон ҳам киритилган.

Меҳмонларнинг Ўзбекистонга ташрифи яна шуниси билан аҳамиятли бўлганки, сафар давомида меҳмонларга «қардош халқлар оиласи»даги миллий республикаларнинг қандай муваффақиятлар билан ривожланаётгани ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг социалистик усуллари «устунликлари» намойиш қилинган. Одатда меҳмонларни мевали боғлар ва пахта майдонларига ташриф буюришганидан сўнг палов ва кабоб билан сийлашган. Овқатдан сўнг эса, дастурхонга шираси тилни ёрадиган қовунлар, узум ва тарвузлар тортилган. Байрам дастурхони миллий мусиқа оҳанглари ва миллий кийимдаги раққосалар рақслари жўрлигида ўтказилган. Буларнинг бари меҳмонларда кўтаринки таассурот уйғотмсдан қолмасди.

Меҳмонлар тез-тез ташриф буюрадиган ана шундай бой колхозлардан бири Тошкентдан 30 чақирим узоқликда, Янгийўл туманида жойлашган миллионер «Шарқ юлдузи» колхози эди. Бир воқеани кўп эслашади. Ўзбекистон пахта тайёрлаш режасини муддатидан аввал бажарган 1956 йилда кўплаб хўжалик, туман ва вилоят раҳбарлари юксак давлат мукофотига тавсия этилган. Улар қаторида икки марта социалистик меҳнат қаҳрамони, «Шарқ юлдузи» колхозининг раиси Ҳамроқул Турсунқулов ҳам бор эди. Бироқ Москвадан ҳали «уч марта қаҳрамон»ларга ҳисоб очиш пайти келмаганлиги айтилган рад жавоби олинди. Бир оз вақт ўтиб, Ўзбекистонга мамлакат раҳбари – КПСС Марказқўмининг биринчи секретари Никита Сергеевич Хрушчев ташриф буюради. Ўзбекистонга иккинчи Ленин орденини топшириш муносабати билан ўтказилган зиёфат пайтида кимдир уни ўша воқеадан хабардор қилади. Н.С. Хрушчев ўша заҳотиёқ Москвага қўнғироқ қилиб зудлик билан Ҳ. Турсунқуловга учинчи марта меҳнат қаҳрамони унвонини бериш ҳақида фармон тайёрлашни буюради ва бу ҳақда зиёфатга йиғилганларга тантанали равишда, гулдурос қарсаклар остида эълон қилади.

Мен 1955 йилда «Шарқ юлдузи» жамоа хўжалигида ёзилган байрам дастурхони суратини www. mytashkent. uz интернет саҳифасида кўриб қолдим. Дастурхон тўрида байрам мезбони – Ҳамроқул Турсунқулов ҳамда ўша пайтда ҳали ҳеч ким танимайдиган АҚШ адлия вазирлиги ходими Роберт Кеннеди (расмнинг чап томонида сал ўгирилиб ўтирибди) ўтиришарди. Уларнинг рўпарасида европаликларга ўхшаш кишилар (америкаликлар бўлса керак) ўтиришарди. Бу кишилар ким, улар Янгийўлга қандай бориб қолишган, бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Мен бу фототасуратга қизиқиб қолдим ва бу ташриф ҳақида маълумот йиғишга киришдим.

Даставвал ҳозирги ёшлар учун нотаниш бўлган америкалик сиёсатдон Роберт Кеннеди ҳақида қисқача маълумот бермоқчиман. У 1961 йили акаси – Жон Кеннедининг сайловолди тадбирларида жуда фаол қатнашган. Америка тарихчиларининг фикрича, айнан Роберт акасининг муваффақиятларида муҳим роль ўйнаган. Жон Робертни АҚШ Бош прокурори (адлия вазири) ловозимига тайинлади. Лекин Жон Кеннеди президентлиги узоққа (1961‑1963) чўзилмади: у Далласда уюштирилган суиқасд натижасида ҳалок бўлди. Ушбу фожеадан сўнг Роберт сиёсат майдонидан кетишга қарор қилди, лекин кўп ўтмасдан у 1964 йилдаёқ Нью-Йорк штатидан сенаторликка сайланди, 1968 йилда эса, АҚШ президентлигига номзодини қўйди. Акасининг фожеали ўлими Роберт Кеннеди сиёсий қарашларини ўзгартириб юборди. У ўзининг сайловолди чиқишларида сўз эркинлиги, демократия, инсон ҳуқуқлари, қамбағалликни тугатиш, кам таъминланганларнинг билим олиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш эркинлигини таъминлаш каби унинг рақиблари тилга олмаган муаммолар ҳақида гапирар эди. Акасининг Вьетнамга қарши уруш очишдаги айбини яширмаган ҳолда у урушга қаршилар томонида турди. Роберт Кеннеди маърузаларининг муҳим жиҳатлардан бири, ҳатто ҳозирги замонда ҳам долзарб бўлиб қолаётган АҚШ афроамерикаликларининг тенг ҳуқуқлилигини амалда таъминлаш масаласи эди. Бу қарашлар унга қимматга тушди: 1968 йилда Калифорнияда сайловчилар билан учрашув пайтида бир терорчи томонидан ўточар қуролдан яраланиб ўша куниёқ касалхонада вафот этди.

Финляндия Президенти Урхо Калева Кекконен Ҳамроқул Турсунқулов колхозида меҳмонда. Янгийўл. 1959 й.

Президент Финляндии Урхо Кекконен в гостях в колхозе Хамрокула Турсункулова. Янгиюль. 1959г. Автор Василий Малышев


Лекин Совет Ииттифоқига ташриф ташаббускори Роберт Кеннеди эмас эди. Фотсуратларда тасвирланган яна бир таниқли шахс америкалик ҳуқуқшунос ва сиёсатчи Вильям Орвилл Дуглас (1898‑1980) эди. У Америка тарихида АҚШ Олий суди аъзоси лавозимида энг узоқ ишлаган судья бўлиб, бу ловозимда 36 йил, яъни 1939 йилдан 1975 йилгача ишлаган. Инсульт сабаб унинг истефога чиқишига розилик билдирган ўша вақтдаги АҚШ Президенти Жеральд Форд унинг баъзи масалаларда маъмурлар билан келиша олмаганига қарамай, унинг мамлакатда суд-ҳуқук тизмини ривожлантиришга қаратилган фаолиятини юқори баҳолаган эди.

В. Дуглас ишдан бўш пайтларида саёҳат қилишни ёқтирарди. У кўплаб мамлакатларни кезган, ҳатто Ҳимолайга ҳам борган эди. Қизиқарлиси шундаки, у ҳар бир саёҳатидан сўнг ўз кундаликлари асосида китоб ёзган. СССР га қилган саёҳати таассуротлари асосида 1956 йилда унинг «Россия бўйлаб саёҳат» («Russian journey») китоби чоп этилди. Таажжубки, китоб нашр этилганига кўп вақт бўлганига қарамай, уни интернетдан осонликча топиб бўлмади. Биз китобни топишда ёрдам сўраб эски дўстимиз, Стэнфорд университетининг профессори Александр Косовичевга мурожаат қилдик. Лекин у ҳам фақат компьютер экранидан скриншот нусха ололди, холос. Китобнинг интернет нусхаси фотосуратсиз эди. Бу қандайдир детектив воқеага ўхшарди. Ниҳоят, айни вақтда Денвердаги АҚШ Миллий Қуёш обсерваториясида ишлаётган шогирдимиз Шукур Ҳолиқов китобнинг қоғоз шаклини «amazom. com» орқали харид қилиб, бизга жўнатди.

Китобни ўқий бошлаганимизда шунча саъй-ҳаракатларимиз беҳуда кетмаганлигига амин бўлдик. 245 бетли китобнинг тахминан 50‑60 варағи Ўзбекистонга бағишланган экан. Таъбир жоиз бўлса буни мамлакатимизнинг 1950-йиллардаги ҳолатига оид муҳтасар энциклопедия дейиш мумкин. Китобни ўқир эканмиз В. Дугласнинг АҚШ Олий судининг энг иқтидорли ва билимдон ҳаками деб ҳисобланиши ҳам бежиз эмаслигига амин бўлдик. У ўта зеҳнли, кузатувчанлик қобилияти кучли одам бўлган экан. Шу туфайли унинг ҳикоялари нақадар қизиқ, ҳаётга бошқача назарда қарашлари ўқувчида катта қизиқиш уйғотади.

Жаноб Дуглас китобининг индаллосида СССРга боришга виза олиш учун 5 йил сабот билан ҳаракат қилганини ёзади. Уни америка жосуси деб ўйлаб узоқ вақт рад жавобини беришган. Ниҳоят, у 1955 йилда виза олишга муваффақ бўлади. Ундан фарқли ўлароқ, Роберт Кеннеди саёҳат ишқибози бўлмаган. Уни отаси, В. Дугласнинг дўсти Жозеф Кеннеди СССРга саёҳатга ундаган эди. У СССРни ўз кўзи билан кўриб, у билан танишиш бўлажак сиёсатчи ўғли учун фойдали бўлади деб ҳисоблар эди. Вильям ва Роберт Эронда учрашишади. Сўнг уларга Американинг Эрондаги элчихонаси ходими Фредерик Флотт ва Дугласнинг рафиқаси Мерседес қўшилишади. Туристлар гуруҳи аввалига Озарбайжонга ташриф буюришади. Кейин паромда Каспий денгизи орқали Туркманистонга, у ердан Бухоро, Самарқанд ва Тошкентга келишади. Гуруҳ аъзолари Ўзбекистондан Қирғизистон, Қозоғистон ва Сибирга ташриф буюришади, сўнг Ленинград ва Москвани томоша қилиб АҚШга учиб кетишади.

Пахта терими механизацияланмай қолган соҳалардан бири эди

Сбор хлопка одна из немногих процедур в хлопководстве, которая не была механизирована
Ўзбек аёли − текстиль кооперативининг директори. Тошкент. 1955 й.

Женщина-узбечка − директор текстильного кооператива в Ташкенте. 1955 г.


Китобда Дугласнинг саёҳат давомида кўрган-кечирганлари бир бошдан ёзилмаган. Китоб СССР давлати, жумладан Ўзбекистоннинг, қишлоқ хўжалиги, театр, музика, дин ва давлат тузими каби соҳалари таъриф этилган боблардан иборат. Дуглас саёҳати давомида Тошкентда америка қишлоқ хўжалиги ходимлари делегацияси билан учрашиб қолади. Делегацияни Небраска университети профессори Дин Вильям Ламберт бошчилик қилар эди. У Дугласга СССРда қишлоқ хўзалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш тизимининг тузилиши ва қандай ташкил эитилганлигини тушунтирди. Ўша пайтларда СССРда 90 мингта колхоз фаолият кўрсатиб 9 мингта машина-трактор станцияси (МТС) бўлганлиги қайд этилган. Унинг фикрича, бу қишлоқ хўжалик соҳасини юқори даражада механизациялаштириш имконини берувчи тўғри қабул қилинган қарор эди. Шуни таъкидлаш жоизки, колхозларнинг ночор аҳволи ва уларнинг керакли техникани сотиб ололмаслигини ҳисобга олиб давлат МТСларни тузган. МТСлар колхозлар билан шартнома тузиб, график асосида уларнинг ерларини ҳайдаш, ғалла ўриш, пахта йиғим-терими ва бошқа ишларини бажарар эди. Дуглас америкалик ўқувчи учун Ўзбекистоннинг майдони 146 минг квадрат миллга тенглигини айтиб, у, тахминан, Огайо штати кенглигида жойлашганлигини ёзади. Дуглас Тошкентда ўз ишининг билимдони, «новчадан келган озғин ўзбек, қишлоқ хўжалиги вазири» билан учрашади. У ўша пайтдаги Ўзбекистонда 265 та МТС бўлиб, уларда 24800 та ер ҳайдаш трактори, 30000 та культивация машинаси, 15000 та пахта териш машинаси ва 1375 та буғдой ўриш комбайнлари, 2100 та бульдозер ва 100000 та бошқа техника воситалари борлигини ёзган.

Китобда аҳолининг турмушига доир, четдан кузатувчига ғайри оддий туюлган қизиқарли маълумотлар ҳам келтирилган. У Ўзбекистонда бирорта ҳам хусусий сартарошхона йўқлигини, барча сартарошхоналар давлатники эканлиги ва у ердаги сартарошлар қанча иш бажарганликларидан қатъий назар, ўзгармас бир хил маош олишларини қайд этган. Унинг сочини 5 сўмга олиб қўйишади. Бу ўша вақтдаги 1.25 курс билан 6.25 долларга тенг эди. У айнан шу хизматга маҳаллий аҳоли 40 цент тўлашини ҳам эслатиб ўтади.

Китобнинг «Мусиқа ва театр» бобида жаноб Уильям Дуглас бир дарахт тагида у учун уюштирилган бадиий ҳаваскорлар концертини эслайди. Концертда болалар рус, украин ва ўзбек тилларида ашулалар айтиб, рақсларга тушишган. Унга айникса ўзига ёқиб қолган бир ўзбекча қўшиқ сўзларини ҳам келтиради:


Мени битта жўжам бор.

Яқинда у товуқ бўлади.

Менга кўп жўжа туғиб беради.

Мен уларни боқиб катта қиламан.


Олдинига биз бу машҳур озарбайжонча «Чип, чип жўжаларим» қўшиғи бўлган бўлса керак деб ўйлаган эдик. Лекин Википедияда келтиришича, бу қўшиқ Дуглас келиб кетгандан тўрт йил кейин илк ижро этилган экан. Қизиқ, бу қайси қўшиқ бўлган экан? Дуглас ўшанда ўзбек болалари томонидан унга рус тилида ижро этиб берилган «Доккерлар» («Денгиз порти ишчиларининг) қўшиғи сўзларини ҳам келтиради. Афсуски бу қўшиқ ҳам ҳозирда унутиб юборилган.

Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1858‑1957й.) – ислом диний арбоби, дин тарғиботчиси, шайхул ислом. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг ташкилотчиларидан бири. Беш республиканинг биринчи муфтийси бўлган.

Дуглас ўз китобида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон билан бўлган учрашувни батафсил ёритган. Ўша пайтда муфтий 97 ёшда бўлишига қарамай, у тик турар ва уйининг дастурхон тузатилган иккинчи қаватига бемалол бировнинг ёрдамисиз кўтарилганини ёзади. Ўз-ўзидан аёнки, Дугласнинг илмоқли саволларига жавоблар ҳам «қолипли» бўлган. Дуглас учрашувдан аввал Тошкент масжидларидан бирида намоз пайтида бўлган эди. У муфтийдан: «Нега масжидда ёшлар йўқ?» (бу ҳол ҳам Дугласнинг қизиқувчан нигоҳидан четда қолмаган эди) – деб сўраганда, муфтий Бобохон шундай жавоб беради: «Давлат ёшларнинг масжидга боришини тақиқламайди, улар ҳохласалар масжидга боришлари мумкин». – деб жавоб беради. Аслида Дуглас Совет давлати ёшларни масжидга яқин йўлатмаслигини яхши билган. Лекин, муфтий бошқача жавоб беролмаслигини ҳам яхши тушунган.

1943 йил июль ойида Эшон Бобохон Москвага чақирилади. У Кремлда И. В. Сталин билан учрашади. Сталин унга мусулмонлар Қурултойини чақириб, Тошкентда Ўрта Осиё мусулмонлари идорасини ташкил этишни таклиф қилади. Иосиф Сталин Мусулмонлар идорасининг биринчи навбатдаги вазифаси немис-фашист босқинчиларига қарши олиб борилаётган курашда салмоқли ёрдам кўрсатишдан иборатлигини таъкидлаган. Мусулмон уламоларининг Қурилтойи 1943 йил 15‑20 октябрь кунлари Эшон Бобохоннинг уйида бўлиб ўтган. Қурилтой ишида Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистондан 160 делегат қатнашган. Қурултой Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилган. Унинг раиси этиб, бир овоздан, шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон сайланган ва унга беш республиканинг муфтийи унвони берилган. Мусулмонлар идорасининг бошқаруви Эшон Бобохонниг уйида жойлашди. Муфтий Идора қошидаги кутубхонага ўзининг мингдан ортиқ китоблари ва қўлёзмаларини ҳадъя этган.
Эшон Бобохон 1953 йилда тинчлик ва халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ишига қўшган катта ҳиссаси учун ҳамда 95 ёшга тўлиши муносабати билан СССР Олий Совети Президиумнининг фармонига кўра, Меҳнат қизил байроқ ордени билан тақдирланган.
У 1957 йилда 99 ёшда вафот этган.
Эшон Бобохон


Дуглас бу воқеани қуйидаги сўзлар билан якунлайди: «Ниҳоят қабул ҳам тугади. Буюк муфтий менга ажойиб совға – рангдор ўзбек дўпписи ва беқасам тўн иъном қилди. Бу оғир атласдан йўллари қизил, мовий, оқ ва заррин рангларда тикилган йўл-йўл тўн менинг энг қадрли буюмларимдан бири бўлиб қолди. Мен ҳар сафар уни елкамга ташлаганимда, атеизм ҳукмрон бўлган мамлакатда бошини тик тутиб, мағрур яшаган ва ўз бурчини бажарган жасур Буюк Муфтийни эслайман».


Шуҳрат Эгамбердиев.

Бош муҳаррир.


P.S.: Фотосуратлар (алоҳида қайд этилмаган ҳолларда) В. Дугласнинг китобидан келтирилган. Барча изоҳлар муаллиф изоҳларининг таржимаси. Улардан муаллифнинг кўрганларини ҳолисона ёритиш нияти сезилиб турибди.

Report Page