Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйҳатга олиш 2023 йилда ўтказилади
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади.
Шу сабабли “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5655-сонли Фармонида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий ва методик принципларини, дастурий-техник таъминоти ва маълумотларни қайта ишлашнинг технологик жараёнларини синовдан ўтказиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларидаги масъулиятини янада ошириш, аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрь кунги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1 — 25 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланган бўлиб, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда респондентлар сўрови қуйидаги муддатларда ташкил этилади:
1 — 5 ноябрь кунлари — интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолини рўйхатга олиш (5 кун);
6 — 10 ноябрь кунлари — интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхатини шакллантириш (5 кун);
11 — 22 ноябрь кунлари — аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари асосида уйма-уй юриб аҳолини рўйхатга олиш (12 кун);
23 — 25 ноябрь кунлари — ҳар бир ҳисоб участкасидаги уй-жой манзилларининг 10 фоизини танланма равишда назорат кузатуви асосида ўрганиш (3 кун).
Респондентларнинг шахсга доир маълумотларини йиғишда рўйхатга олиш санасидан кейин содир бўлган демографик ҳолатлар ҳисобга олинмайди. 2023 йил 1 ноябрдан кейин туғилган болалар учун рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари тўлдирилмайди, бироқ ушбу санадан кейин вафот этган шахслар учун тўлдирилади. Бунда вафот этган шахс тўғрисидаги маълумотлар унинг вояга етган, муомала лаёқатига эга оила аъзолари ёки маҳалла идорасидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.
“Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий ёки вақтинча яшовчи ёхуд вақтинча Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, аммо аҳолини рўйхатга олиш даврида вақтинча хорижий давлат ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари респондент сифатида рўйхатга олинади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга қуйидаги тоифадаги ходимлар жалб қилинади:
республика даражасида — республика комиссияси таркибига киритилган вазирлик ва идоралар, Қўмита марказий аппарати ҳамда Қўмита ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти ходимлари;
ҳудудий даражада — ҳудудий комиссиялар аъзолари, ҳудудий статистика бошқармалари ходимлари ҳамда шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш марказлари ходимлари;
туманлар (шаҳарлар)да — туман ва шаҳар статистика бўлимлари ходимлари ва шартнома асосида вақтинча жалб этиладиган туман ва шаҳар рўйхатга олиш бўлимлари ҳамда рўйхатга олиш участкаси, инструкторлик ва ҳисоб участкалари ходимлари.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланма ва маълумотнома ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, аҳолини рўйхатга олишни молиявий ва моддий-техник таъминлашда ҳисоб-китобларни тайёрлаш учун қўшимча равишда шартнома асосида мутахассислар жалб қилиниши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари аҳолини рўйхатга олиш учун жалб этиладиган шахсларни белгиланган талаблар асосида танлаб олади ва рўйхатини шакллантиради.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жалб этиладиган шахслар рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тасдиқланади.
Рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш жараёнида Қўмитанинг ҳудудий статистика органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди шартли равишда уй-жой рўйхатини тузиш участкаларига бўлинади, бунда участка чегаралари ўртача 750 та уй-жойни қамраб олади.
Уй-жойлар рўйхатини тузувчилар сонини шакллантиришда кўзда тутилмаган ҳолатларни (бетоблик, бахтсиз ҳодисалар, юклатилган вазифаларни тўлиқ бажармаслик ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда асосий таркибга қўшимча равишда иш ҳақи тўланмаган ҳолда 5 фоиз миқдорида захира кадрлар шакллантирилади.
Ҳар бир уй-жой рўйхатини тузиш участкаларига уй-жой рўйхатини тузувчилар бириктирилади. Уй-жой рўйхатини тузувчилар фаолиятини туман рўйхатга олиш бўлими бошлиғи назорат қилади.
Уй-жойлар рўйхатини тузувчилар 2022 йил 1 августдан 1 сентябргача бўлган даврда махсус ўқитилади ҳамда бино ва уй-жойлар рўйхатини тузиш учун жалб этилади.
Уй-жой рўйхатини тузувчилар ўз участкасини хатловдан ўтказиш давомида респондентлар яшайдиган (вақтинча бўлиб турган) ёки яшаши мумкин бўлган барча бинолар рўйхатини аниқлайди, картографик материалларни текширади, уларга тегишли белги қўяди ва зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритиш учун кадастр идораларига тақдим этади.
Рўйхатга олиш, инструкторлик, ҳисоб ва стационар участкалар ишини ташкил қилиш учун шартнома асосида қуйидаги ходимлар жалб қилинади:
2023 йил 25 октябрдан 1 декабргача — аҳолидан сўров ўтказиш орқали рўйхатга олишни амалга оширувчи рўйхатга олувчи ходим;
2023 йил 10 октябрдан 12 декабргача — рўйхатга олувчилар ишини мувофиқлаштирувчи инструктор (супервайзер) ходим;
2023 йил 10 октябрдан 2024 йил 1 январгача — инструкторлар (супервайзерлар) ишини назорат қилувчи ходимлар (рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ва унинг ўринбосари);
2022 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январгача — туман, шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини назорат қилувчи ходимлар (туман, шаҳар аҳолини рўйхатга олиш бўлими бошлиғи ва унинг ўринбосари);
2023 йил 1 январдан 2024 йил 1 январгача — туман, шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ходим (рўйхатга олиш бўлими бош мутахассиси);
2023 йил 1 декабрдан 2025 йил 1 декабргача — вилоят миқёсида аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотлари электрон базага киритилишини назорат қилиш бўйича жалб этилган ходимлар (бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш маркази бошлиғи);
2023 йил 1 декабрдан 2025 йил 1 декабргача — вилоят миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ҳужжатларини сақлашни амалга оширувчи ходимлар (ҳужжатларни сақлаш диспетчери);
2024 йил 1 январдан 31 декабргача — вилоят миқёсида аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотларини электрон базага киритиш бўйича операторлар ишини назорат қилувчи ходим (операторлар гуруҳи бошлиғи);
2024 йил 1 январдан 31 декабргача — аҳолини рўйхатга олиш варағи шаклларидаги бирламчи маълумотларни электрон базага киритувчи ва унинг мантиқий назоратини амалга оширувчи ходимлар (операторлар).
2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жалб қилинган шахслар билан ҳудудий статистика бошқармалари:
муддатли меҳнат шартномаси — туман, шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини амалга ошириш учун жалб этилган рўйхатга олувчи ходимлар (туман (шаҳар) рўйхатга олиш бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош мутахассислар) ва бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш маркази ходимлари (марказ бошлиқлари, операторлар гуруҳи бошлиқлари, операторлар, ҳужжатларни сақлаш диспетчерлари) билан;
фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома (пудрат шартномаси) — уй-жой рўйхатини тузувчилар, рўйхатга олувчилар, инструкторлар (супервайзерлар), рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ва унинг ўринбосарлари билан шартномалар тузади.
2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга ҳамда бирламчи маълумотларни электрон базага киритишга жалб қилинган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш белгиланган тартибда амалга оширилади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга вақтинчалик жалб қилинадиган ходимларга Давлат статистика қўмитаси томонидан тайёрланган махсус гувоҳнома берилади. Шу билан бирга аҳолини рўйхатга олиш ишларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар ўқитилади. Ўқитиш давомида аҳолини рўйхатга олишнинг мақсад ва вазифалари, рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, рўйхатга олиш ҳужжатлари таркиби ва уни тўлдириш тартиби, шунингдек, рўйхатга олувчи ходимларнинг вазифалари, ахлоқ нормаларини ўргатиш бўйича машғулотлар, техника хавфсизлиги бўйича машғулотлар, уй-жой рўйхатини тузувчилар томонидан шаҳар, шаҳар типидаги аҳоли пункти, қишлоқ аҳоли пунктларидаги уй-жойлар ва бинолар рўйхатини тузиш бўйича амалий машғулотлар, респондентлар сўровини ўтказиш, келиб чиқадиган барча қийинчиликларни аниқлаштириш билан муаммоли масалаларни муҳокама қилиш бўйича амалий машғулотлар, респондентлар сўровини ўтказиш, келиб чиқадиган барча қийинчиликларни аниқлаштириш билан муаммоли масалаларни муҳокама қилиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилади, ўқитилган ходимларнинг маълумотларни ўзлаштирганлиги бўйича назорат қилиш ишлари ташкил этилади.
Маълумот ўрнида 2021 йил 1 июль ҳолатига доимий аҳоли сони республикамизда 34 860 170 кишини, Фарғона вилоятида 3 852 562 кишини ҳамда Олтиариқ туманида 216 360 кишини ташкил этади.
Олтиариқ тумани статистика бўлими