Ўзбекистон Республикаси илк марта миллий валютада “яшил” мақомига эга суверен халқаро облигацияларни жойлаштирди

Ўзбекистон Республикаси илк марта миллий валютада “яшил” мақомига эга суверен халқаро облигацияларни жойлаштирди

EconomyMoliyaPress

Ўзбекистон Республикаси илк бор 4,25 трлн сўм миқдоридаги яшил суверен халқаро облигациялар ҳамда 660 млн доллар миқдоридаги халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди.

Маълумот учун: жорий йилнинг 2-4 октябрь кунлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикасининг делегацияси Нью-Йорк, Бостон ва Лондон шаҳарларида 50 дан ортиқ инвесторлар билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, яшил иқтисодиётга ўтиш, табиий газ ва электр энергияси нархлари бозорини либераллаштириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ҳамда Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлиш орқали савдони эркинлаштириш сиёсати ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар ва чора-тадбирлар инвесторлар томонидан юқори баҳоланди.

Шуни таъкидлаш жоизки, сўмда чиқарилган суверен халқаро облигациялар МДҲ давлатлари ичида илк “яшил” суверен облигациялар ҳисобланади.

Маълумот учун: яшил облигациялар бўйича келиб тушадиган маблағлар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, темир йўл транспорти ва метро транспортини ривожлантириш, санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш, шамол эрозиясига ва сув хўжалиги объектларининг қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш каби яшил лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

Бунда лойиҳаларни танлаб олиш жараёнига Бирлашган миллатлар ташкилотининг ривожланиш дастури (UNDP) жалб қилинган. Яшил облигациялар дастури бўйича “Sustainalytics” томонидан иккинчи тараф ижобий хулосаси олинган.

Ўзбекистон Республикасининг миллий валютадаги “яшил” облигацияларига бўлган юқори талабни инобатга олиб, 3 йиллик сўмдаги халқаро облигацияларнинг фоиз ставкаларини (купон тўлови) кутилган 18 фоиздан 16,25 фоизга туширишга муваффақ бўлинди. Мазкур транзакция билан сўндириш муддати жорий йилнинг 23 ноябрь куни бўлган 1,9 трлн. сўм миқдоридаги халқаро облигациялар муддатидан олдин сўндирилди.

Маълумот учун: ички молия бозорларида сўнгги ўтказилган аукционда (26 сентябрь) 2 йиллик давлат қимматли қоғозлари бўйича фоиз ставкалари 17,57 фоизни ташкил қилган.

Иккиламчи бозор котировкалари ҳамда инвесторлар таклифларидан келиб чиқиб, АҚШ долларидаги Ўзбекистон Республикасининг 5 йиллик суверен халқаро облигациялари учун дастлабки фоиз ставкаси 8,50 – 8,625 фоиз оралиғида эълон қилинди.

Иккиламчи бозорда Ўзбекистон Республикасининг 2029 йилда сўндириладиган халқаро облигациялари фоиз ставкаси 8,1 фоизга етган. Хусусан, сўнгги бир ҳафтада (27 сентябрь – 7,67 фоиз) фоиз ставкалари 0,43 фоизга ошган.

Буюртмалар китоби 1,7 млрд. долларга етганда, фоиз ставкаларни 8,25-8,375 фоизга туширишга эришилди.

Якуний талаб 2 млрд. долларга етгач, 660 млн. доллар миқдоридаги облигациялар 8,125 фоиз ставкада ҳамда 7,85 фоиз купонда чиқарилди. Мазкур купон ставкаси молиявий маслаҳатчилар томонидан тавсия этилиб, халқаро облигацияларни инвесторларга 98,888% нархда сотилишини англатади (яъни мазкур транзакциядан 652,6 млн. доллар маблағ келиб тушади).

Бугунги кунда жаҳон молия бозорларида фоиз ставкаларининг ошиши кузатилмоқда. Хусусан, 5 йиллик АҚШ Ғазначилик облигациялари фоиз ставкалари 2021 йил июль (сўнгги марта суверен облигациялар чиқарилган давр) ойига нисбатан қарийб 4 фоизга ошиб, 2021 йил июль ойидаги 0,8 фоиздан 4,7 фоизга етди.

Жаҳон молия бозорларидан фоиз ставкаларининг ошиши, мос равишда, халқаро молия институтларининг имтиёзли фоиз ставкаларининг ҳам кескин ошишига сабаб бўлмоқда.

Халқаро кредит бозорларида ишлатиладиган SOFR (олдин LIBOR) ставкаси 2021 йил июль ойидан бери 0,17 фоиздан қарийб 5,3 фоизга ошиб, бугунги кунда 5,5 фоизга етди.

Шунинг учун, халқаро молия институтлари томонидан жалб қилинаётган имтиёзли кредитлар бўйича фоиз ставкалар ҳам икки йил ичида 1-2 фоиздан бугунги кунга келиб 6,3-7,0 фоизга етди.

Жорий бозор шароитлари сабабли бошқа мамлакатлар ҳам олдингига нисбатан юқори фоиз ставкаларида давлат қарзини жалб қилмоқда. Мисол учун:

Туркия жорий йил январь ойида 2,75 млрд долларга тенг 10 йиллик суверен халқаро облигацияларини 9,75 фоиздан;

Венгрия жорий йилнинг январь ойида 1,25 млрд долларга тенг 30 йиллик облигацияларни 7,1 фоиздан;

Руминия жорий йил январь ойида 1,25 млрд долларга тенг 30 йиллик облигацияларни 7,67 фоиздан;

Мўғулистон жорий йилнинг январь ойида 445 млн долларга тенг 5 йиллик халқаро облигацияларни 8,65 фоиздан;

Миср жорий йилнинг февраль ойида 1,5 млрд долларга тенг 3 йиллик суверен халқаро облигацияларни 11 фоиздан;

Баҳрайн жорий йилнинг апрель ойида 1 млрд долларга тенг 12 йиллик 7,75 фоиздан жойлаштирган.

Яшил облигацияларни жойлаштиришдан тушган келиб тушган маблағларнинг сарфланиши юзасидан ҳисобот халқаро стандартларга мувофиқ шакллантирилади ва эълон қилиб борилади.


Report Page