Ўзбекистон Республикаси делегациясининг “роудшоу” учрашувлари Лондон шаҳрида давом этди

Ўзбекистон Республикаси делегациясининг “роудшоу” учрашувлари Лондон шаҳрида давом этди

MoliyaPress

Жорий йилнинг 26-27 май кунлари Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги халқаро молия, пул ва капитал бозори иштирокчилари билан қатор учрашувлари бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувлар доирасида Буюк Британиянинг Молиявий назорат ва тартибга солиш идораси (кейинги ўринларда -“FCA”), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (кейинги ўринларда - ЕТТБ), Лондон фонд биржаси, қимматли қоғозлар бўйича халқаро инвесторлар ва банклар, ҳамда “Bloomberg” медиа компанияси билан Ўзбекистон Республикасида молия ва капитал бозорлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, режалар ва ҳамкорлик истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.

“FCA” халқаро муносабатлар раҳбари Паоло Дасгупта билан капитал бозорининг норматив – ҳуқуқий базасини яратиш ва амалиётга тадбиқ этиш, бирламчи ва иккиламчи бозорларда қимматли қоғозлар савдосида ҳақиқий нархларнинг шаклланиши, капитал бозорига оид янги молиявий маҳсулотларни амалиётга жорий қилиш тажрибаси бўйича фикрлар алмашинди.  

ЕТТБ билан Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини такомиллаштириш бўйича техник кўмаги ва бунда турли консультантлар иштирокини мувофиқлаштириш бўйича муҳокамалар ўтказилди.

ЕТТБ Ғазначилиги бошлиғи Аксел ван Недервиин Ўзбекистоннинг пул бозорида қисқа муддатли маҳсулотларининг ишончлилиги ва муомаласини оммалаштириш ҳамда ликвидликни таъминлаш давлат қимматли қоғозлари ва капитал бозорларини ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, жорий йилнинг 23 июнь куни Тошкент шаҳрида ЕТТБ ҳомийлигида Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Молия вазирлиги, Марказий банк, тижорат банклари ва бошқа мутасадди ташкилотлар иштирокида пул бозорини, давлат қимматли қоғозлари ва капитал бозорини ривожлантириш учун тегишли техник кўмаклар дастурини ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш юзасидан семинар ўтказишга келишиб олинди.

Лондон фонд биржаси халқаро бизнес раҳбари Том Аттенборо билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва қарорларида белгиланган давлат ташкилотларининг ва банкларининг акцияларини Лондон фонд биржасида жойлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Мазкур учрашувда ўзбек корхоналари акцияларини депозитар тилхатлар орқали жойлаштиришнинг ҳуқуқий ва технологик жиҳатдан тайёрлигини лондонлик мутахассислар билан биргаликда қайта ўрганиб чиқишга келишилди.

Ушбу мавзу бу соҳанинг тажрибали банкларидан Citi (АҚШ) банкининг депозитар тилхатлар хизматлари департаменти (Алия Исакова) билан учрашувда ҳам марказий ўрин эгаллади. "Citi" билан депозитар тилхатлар чиқариш учун ҳуқуқий база ва техник инфратузилма яратиш бўйича ҳамкорлик қилиш келишиб олинди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 6-7 июнь кунлари Буюк Британия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Лондон фонд биржаси томонидан Молия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси тегишли давлат ташкилотлари ва банклари ҳамда Лондонда акцияларини жойлаштирмоқчи бўлган хусусий сектор вакиллари иштирокида Лондон фонд биржасида мавжуд имкониятлар ва листинг талаблари бўйича амалий семинар ўтказишга келишиб олинди.

Халқаро инвесторлар билан акция ва облигациялар бўйича алоҳида гуруҳ учрашувлари ўтказилди.

Ривожланаётган мамлакатлар корхоналарининг акцияларига инвестиция киритувчи йирик инвесторлар “Amundi” (Деирдре Махер – ривожланаётган бозорлар бошлиғи) ва “Redwheel” (Жэймс Жонстон –жамғарма бошлиғи) билан учрашувда Ўзбекистон Республикасининг макроиқтисодий ҳолати, капитал бозори ва акциялари оммавий жойлаштирлиши режалаштирилган корхоналар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Хусусан, “Uzauto Motors” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ ва “Олмалиқ КМК” АЖларнинг молиявий ҳолати ва режалари, шунингдек, давлатимизда инвесторлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган амалдаги қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича маълумотлар берилди.

Мазкур инвесторлар томонидан ҳам “Тошкент” республика фонд биржасида, ҳам Лондон фонд биржасида Ўзбекистон корхоналарининг акцияларини сотиб олишга (айниқса, "Олмалиқ КМК" АЖ) қизиқиш билдирилди.

Шу билан бирга, ушбу инвесторларнинг Жанубий Африка, Таиланд ва Марокаш каби мамлакатлардаги капитал бозорини ривожлантириш орқали хусусийлаштириш тажрибаси ва чет эл портфел инвесторларини жалб қилишнинг энг оптимал ечимлари юзасидан тавсиялари муҳокама қилинди.

Жумладан, халқаро инвесторларни маҳаллий фонд бозорларига жалб қилиш учун халқаро банкларнинг кастодиан хизматларини Ўзбекистонда ташкил этилиши жуда катта қадам бўлиши таъкидланди.

Шу мақсадда, дунёдаги энг йирик кастодиан – “Bank of New York” (Жэймс Роналд) билан учрашувда Ўзбекистонда кастодиан хизматларини кўрсатиш бўйича икки томонлама тегишли ўрганишларни бошлашга келишиб олинди.

Халқаро облигацияларга инвестиция қиладиган инвесторлар гуруҳи доирасида “Franklin Templeton”, “Aberdeen”, “Bluebay”, “Newton IM”, “Aviva”, “FIL”, “T. RowePrice” ва бошқа шу каби 10 дан ортиқ инвестицион корхоналарнинг масъул вакиллари билан учрашув ташкил этилди.

Ушбу гуруҳ учрашуви давомида Ўзбекистон Республикасидаги макроиқтисодий ҳолат, фискал ва монетар сиёсат юзасидан тақдимот ўтказилди. Инвесторлар томонидан жорий йилда суверен ва давлат корхоналарининг режалари ҳамда капитал бозори ва давлат-хусусий шерикчилик асосида қилиниши кутилаётган лойиҳалар ва бошқа кўплаб саволларга жавоблар берилди.

Мазкур гуруҳ инвесторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси суверен ва корпоратив халқаро облигациялар учун қизиқиш мавжудлиги ва жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб бирламчи бозорларда янги облигациялар чиқариш (жумладан, миллий валюта - сўмда) учун қулай ҳолат бўлиши кутилаётгани таъкидлаб ўтилди.

“Bloomberg” медиа компанияси (Ричард Абадие) билан ташкил этилган учрашувда халқаро инвесторларга маълумотларни етказишни осонлаштириш, “Bloomberg” терминалида Ўзбекистон акциялари ва облигациялари учун алоҳида саҳифа яратиш имкониятлари юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Валюта биржасида бўлиб ўтадиган давлат қимматли қоғозлари аукциони ва иккиламчи бозорнинг маълумотларини автоматик равишда “Bloomberg” терминалида янгилаб бориш, иқтисодий ва молиявий янгиликларини қамровини кенгайтириш масалалари юзасида қўшма йўл-харита асосида ҳамкорлик қилиш келишиб олинди.

Ўзбекистон акцияларининг “MSCI Frontier Markets” индексига кириш учун асосий талаблардан бўлган “Тошкент” республика фонд биржаси кунлик маълумотларини “Bloomberg” терминалида мунтазам чиқариб бориш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уни татбиқ қилиш юзасидан келишувга эришилди.

“ICAP” халқаро брокерлик ташкилоти (Жорж Ҳарвей) томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш учун Лондон ва АҚШда жойлашган инвесторларнинг қизиқиш билдираётгани маълум қилинди.

Ушбу қимматли қоғозларни ички бозорда сотиб олиш, ҳисоб-китоб қилиш ва сақлаш жараёнларини соддалаштириш бўйича “ICAP” халқаро брокерлик ташкилоти Ўзбекистон Республикаси “Асакабанк” АЖ ғазначилиги билан ҳамкорликни бошлагани билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Европанинг қатор давлатларига “roadshow” учрашувлари давом этмоқда.

 

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати

Report Page