Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш)

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш)


Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар, шунингдек, миллий, ирқий, этник мансублиги ёки динга муносабатига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ёхуд уларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш, —

икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли усулда;

б) баданга оғир шикаст етказган ҳолда;

в) фуқароларни доимий яшаш жойидан зўрлик ишлатиб кўчирган ҳолда;

г) мансабдор шахс томонидан;

д) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —

беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;

Report Page