Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган назорат тадбирлари натижалари тўғрисида маълумот

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган назорат тадбирлари натижалари тўғрисида маълумот

MoliyaPress

Давлат молиявий назорати департаменти томонидан Халқ таълими вазирлиги тизимидаги бюджет ташкилотларида амалга оширилган харажатлар юзасидан ўтказилган камерал назорат натижасида кузатилган шубҳали харажатлар бўйича ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқларига асосан 64 та туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида ўтказилган якуний назорат тадбирларида 72,4 млрд.сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди.

Назорат тадбирларида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисобланиши ва тўланишида, товар-моддий бойликларни кирим-чиқимида, қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаришда ҳамда харидларни амалга оширишда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги тасдиқланди.

Жумладан:

Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ортиқча тўланиши, ходимларнинг пластик карточкаларига ортиқча маблағ ўтказиш ҳамда банкдан олинган нақд пулларни ўзлаштириш каби ҳолатларга йўл қўйилиши натижасида 42 млрд.сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ноқонуний сарфланган.

Мисол учун, Гулистон шаҳар Халқ таълими бўлимида педагог ва бошқа ходимларга ҳисобланган иш ҳақи тўловларидан нақд пулда тўланиши лозим бўлган маблағга нисбатан бюджет маблағлари ҳисобидан 4 млрд.сўм миқдоридаги нақд пуллар банкдан ортиқча олиниб, марказлашган ҳисобхона бош ҳисобчиси ва ғазначиси томонидан сохта тўлов ҳужжатларини расмийлаштириш орқали ўзлаштириб юборилган.

Наманган шаҳар (101 млн.сўм), Пайариқ туман (76 млн.сўм) ва Жиззах шаҳар (67 млн.сўм) халқ таълими бўлимларида ходимларнинг пластик карталарига ҳисобланган иш ҳақига нисбатан 244 млн.сўм бюджет маблағлари ортиқча ўтказилган.

Миришкор туман Халқ таълими бўлимига қарашли 37-сонли умумтаълим мактабида 2 нафар умуман ишламаган шахслар номига иш ҳақи сифатида

177 млн.сўм харажатга чиқариш йўли билан мактаб директори ва марказлашган ҳисобхона ҳисобчиси томонидан ўзлаштирилган.

Сифатсиз бажарилган ва бажарилмаган қурилиш–таъмирлаш ишлари учун 2,7 млрд.сўм миқдоридаги бюджет маблағлари асоссиз сарфланган.

Мисол учун, Денов туман Халқ таълими бўлимига қарашли 31-сонли умумтаълим мактаби биносида бажарилган жорий таъмирлаш ишларига пудратчи “Zamin kafolat” ХК томонидан бажарилмаган ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилиши натижасида 101,5 млн.сўм бюджет маблағлари пудратчига асоссиз ўтказиб берилган.  

Товар-моддий бойликларни ўз вақтида кирим қилинмаслиги, асоссиз харажатга чиқарилиши ва камомадга йўл қўйилиши оқибатида 4 млрд.сўмлик хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Мисол учун, Ғаллаорол туман Халқ таълими бўлимида 2021 йилда

159 ҳолатда 99,9 млн.сўмлик товар-моддий бойликларнинг камомадига йўл қўйилган.

“Давлат харидлари тўғрисида” Қонунга зид равишда танлов (тендер) ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳамда моддий бойликларни қиммат нархларда харид қилиниши ҳисобига 7,1 млрд.сўм миқдоридаги бюджет маблағлари самарасиз сарфлаб юборилган.

Мисол учун, Ўртачирчиқ тумани Халқ таълими бўлимига иситиш мосламалари ЯТТ “Мирзақулов Хусан Джабаркулович” томонидан

134,5 млн.сўмга қиммат нархларда етказиб берилган.

Самарқанд вилояти Пайариқ (1891,4 млн.сўм), Каттақўрғон (596 млн.сўм), Нарпай (541,8 млн.сўм), Пастдарғом (500 млн.сўм), Ургут (478,1 млн.сўм), Иштихон (444,4 млн.сўм), Пахтачи (300 млн.сўм), Нуробод (299,8 млн.сўм) туманлари ва Самарқанд шаҳар (645 млн.сўм) халқ таълими бўлимлари томонидан 31 ҳолатда танлов (тендер) ўтказилмасдан тўғридан-тўғри шартномалар тузилиб, ишларни бажарганлик тўғрисида далолатномалар тузилмасдан 5,7 млрд.сўм миқдоридаги маблағлар Самарқанд вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компаниясининг бюджетдан ташқари махсус ҳисоб рақамига  ўтказиб берилган.

Ходимлар номидан олдиндан тўлаб берилган турли тўловларни иш ҳақидан чегириб қолинмаслиги ҳамда ижарачи ташкилотлар фойдаланган электр энергия, ичимлик суви ва таъбиий газ учун бюджет ҳисобидан тўловларни амалга оширилиши натижасида 16,7 млрд.сўм бюджет маблағлари асоссиз сарфлаб юборилган.

Мисол учун, Пахтаобод туман Халқ таълими бўлими томонидан ишчи ходимлар номидан олдиндан тўлаб берилган (мол-мулк солиғи, контракт, суғурта ва коммунал тўловлари, партия аъзолиги бадаллари, муддатли ҳарбий хизмат учун бадал пуллари ва ҳ.к.) тўловларни иш ҳақидан белгиланган тартибда чегириб қолинмаслиги ҳисобига 1,5 млрд.сўм миқдорида бюджет маблағлари ортиқча сарфланишига йўл қўйилган.

Олмалиқ шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактаблари ошхоналарида ижара асосида фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан фойдаланилган электр энергия, ичимлик суви ва табиий газ учун бюджет маблағлари ҳисобидан 114,5 млн.сўм тўлаб берилган.

Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов (11 та), Зарбдор (3 та), Ғаллаорол ва Бахмал (1 тадан) туманлари Халқ таълими бўлимларига қарашли умумтаълим мактабларида жами 16 нафар педагог ходимлар мутахассислиги бўйича сохта дипломлар асосида таълим бериб келаётганлиги аниқланган.

Шунингдек, Самарқанд (841), Сирдарё (317), Андижон (302), Бухоро (247), Тошкент (139), Наманган (94), Сурхондарё (39) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (357) жами 2 340 нафар ўқитувчилар мутахассислигига мос бўлмаган фанлардан (номутахассис сифатида) таълим бериб келаётганлиги маълум бўлди.  

Назорат тадбирлари давомида кўрилган чоралар натижасида жами 11,1 млрд.сўмлик хато ва камчиликларни бартараф этилиши, жумладан 5,2 млрд.сўм миқдоридаги ортиқча тўланган иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловларни ундирилиши, 3,4 млрд.сўмлик товар-моддий бойликларнинг кирим қилиниши ва камомадини тикланиши, бажарилмаган 256,3 млн.сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини пудратчи ташкилотларга қайта бажартириш йўли билан бартараф этилиши ҳамда 2,3 млрд.сўмлик ходимлар номидан олдиндан тўлаб берилиб, иш ҳақидан чегириб қолинмаган ва ижарачи корхоналар фойдаланган коммунал хизматлар учун бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловларни тикланиши таъминланди.

Назорат тадбирларида аниқланган 72,4 млрд.сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. 


Молия вазирлиги
Ахборот хизмати

 


Report Page