Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ўртасида англашув Меморандуми имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ўртасида англашув Меморандуми имзоланди

MoliyaPress

Жорий йилнинг 24 мартида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (“БМТТД”) ўртасида англашув Меморандуми (кейинги ўринларда - Меморандум) имзоланди.

Ушбу Меморандум имзоланишидан асосий кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси миллий валютадаги (2 трлн. сўм) халқаро облигацияларидан тушган маблағларнинг мамлакат тараққиёти ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга ҳамда Ўзбекистоннинг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) кўрсаткичларига таъсирини баҳолаш, халқаро тажриба асосида лойиҳаларни амалга оширилиши устидан мониторинг қилиб бориш ва натижалари юзасидан ҳисобот шакллантиришда ҳамкорлик қилишдан иборат.

Мазкур Меморандум доирасидаги томонлар ҳамкорлиги "Ўзбекистонда миллий молиялаштиришнинг яхлит тизимини яратиш" қўшма дастури доирасида амалга оширилади.

Қайд этиш жоизки, мазкур чора-тадбирлар қарз маблағларидан фойдаланишда самарадорлик ва шаффофликни ошириш ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширилишига хизмат қилади.

Маълумот учун: 2020 йил 19 ноябрда чиқарилган Ўзбекистон Республикасининг миллий валютадаги илк халқаро облигациялари транзакциясига “тараққиёт молияси” мақоми берилган (Development Finance Qualification) ва транзакциянинг тараққиётга бўлган таъсири “юқори даражада” баҳоланган.

2 триллион сўм миқдоридаги миллий валютадаги халқаро облигациялар транзакциясидан келиб тушган маблағлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ), хусусан:

·              камбағалликка қарши курашиш;

·              соғлом турмуш тарзи ва сифатли таълимни тарғиб қилиш;

·              гендер тенглиги таъминланишини жадаллаштириш;

·              тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятларини яратиш;

·              муносиб меҳнат шароити ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ҳамда инфратузилма барқарорлигини оширишга қаратилган ривожланиш лойиҳалари учун сарфланиши кўзда тутилган.

Мазкур ривожланиш лойиҳалари мактаблар, соғлиқни сақлаш муассасалари, ичимлик суви ва канализация қувурлари ва автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар ва оилаларга ҳамда ногирон аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, оилавий ва хусусий бизнесни ташкил этишда аёлларга имтиёзли кредитлар бериш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишсизлик нафақалари учун тўловларни молиялаштиришни ўз ичига олади.

Лойиҳаларнинг амалга оширилиш натижалари бўйича йиллик ҳисобот Молия вазирлиги веб-сайтида жойлаштирилади, ҳамда аҳоли ва халқаро инвесторларга тақдим этиб борилади.

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати


Report Page