Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари ўртасида спортнинг самбо тури бўйича мусобақа ғолиблари аниқланди
Миллий гвардия биринчилиги учун спортнинг самбо тури бўйича мусобақалар Миллий гвардия Хоразм вилояти бўйича бошқармаси базасида бўлиб ўтди.
Уч кун давом этган беллашувлар кескин мунозараларга бой бўлиб, унда тизимга қарашли ҳудудий бошқарма ва ҳарбий қисмлардан 19 та жамоалар таркибида 150 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ва ходимлар 7 та вазн тоифасида куч синашди.
Ҳар бир вазн тоифасида гиламга тушган ҳарбий спортчилар ўзларининг самбо спорт тури бўйича эгаллаган маҳоратларини ишга солиб, ғолиблик учун кураш олиб боришди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида 3- ўринни Қўриқлаш бош бошқармаси жамоаси эгаллади, 2- ўринни бўлса, Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисм терма жамоаси қўлга киритди. Фахрли 1-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси Миллий гвардия бошқармасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар диплом, медаль ва кубоклар билан тақдирландилар. Албатта, бундай мусобақалар келгусида ушбу спорт турини ёшлар ўртасида оммалашиши, ёш иқтидорли спортчилар кашф этилиши ва уларнинг халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.