Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий авиация институти ўқишга таклиф этади

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий авиация институти ўқишга таклиф этади

Ёшлар кундалиги

Умумий қоидалар:

Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртига (ЎРОҲАБЮ) ҳарбий таълим олиш истагини билдирган, ўрта маълумотга эга бўлган, юксак ахлоқий-ишчанлик қобилиятига эга бўлган, қабул шартлари, касбий танловнинг барча талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Билим юртига танлаш тадбирлари 4 босқичда амалга оширилади:

1 босқич (Ҳарбий-профессионал йўналиш) МИБ ёшларни чақириққача тайёрлаш ўқитувчиларини жалб этган холда ўрта мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи битирувчилари билан доимий равишда олиб борилади.

2 босқич (Дастлабки танлаш) МИБ, ҳ/қ муассасалари ва ОҲТМ кичик комиссиялари билан биргаликда белгиланган муддатларда олиб борилади.

3 босқич (Ҳарбий-профессионал танлаш) ОҲТМларида ташкил этилган қабул комиссиялари томонидан олиб борилади.

4 босқич (Тест синовлари) ЎР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази хамда ОҲТМларида ташкил этилган қабул комиссиялари томонидан олиб борилади.

Ҳужжатлар тайёрлаш ва қабул қилиш тартиби:

Билим юртига тугалланган ўрта маълумотга эга бўлган:

– офицерлар таркиби ҳарбий унвонига эга бўлмаган, 25 ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар;

– 17 ёшдан 23 ёшгача бўлган, шу жумладан қабул йили 17 ёшга тўладиган Ўзбекистон республикаси фуқаролари қабул қилинади. Таълим муддати 5 йил. Таълим жараёни у́збек, рус ва инглиз тилларида олиб берилади.

Билим юртига ўқишга кириш истагини билдирган шахслар ўқишга кириш йилининг 1 февралига қадар яшаш жойидаги туман ёки шаҳар мудофаа ишлари бўлимига ариза берадилар.

Аризада абитуриентнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва ойи, турар жойининг манзили, олий ҳарбий билим юртининг номланиши, мутахассислиги кўрсатилади. Аризага таржимаи ҳоли, иш жойидан (ўқиш жойидан), ишламайдиганлар – маҳалла фуқаролар йиғинидан тавсиянома, ўрта малумоти ҳақидаги ҳужжатнинг нусхаси (ўқув юрти битирувчилари учун охирги чорак баҳолари кўрсатилган табелнинг нусхаси), иккита 4,5×6см ва олтита 3×4см ўлчовдаги (бош кийимсиз) тасдиқланган фотосурат, турар жойидан оилавий ҳолати, ота-оналарининг иш жойидан (ишламайдиган ота-оналар учун маҳалла фуқаролар йиғинидан) маълумотномалар илова қилинади.


Абитуриентлар ҳарбий билим юртига келганларида қабул комиссиясига ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий ҳисобда турганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, ўрта маълумоти ҳақидаги ҳужжат (аттестат, диплом), туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг асл нусхалари ва озиқ-овқат аттестатини (ҳарбий хизматчилар) тақдим қиладилар.


Номзодларнинг дастлабки танлови


Номзодлар билим юртига ўқишга қабул қилишда дастлабки танловнинг қуйидаги йўналишлари бўйича текшириб кўрилади:


– ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;

– якка тартибдаги сухбатлашиш;

– индивидуал-психологик ўрганиш;

– умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини бахолаш;

– тиббий кўрикдан ўтказиш.


Номзодларнинг ижтимоий фаоллигини ва маънавий-ишбилармонлик фазилатларини аниқлашда:

– номзодларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислохатларнинг мохияти ва ахамияти, давлатни химоя қилиш бўйича конституциявий мажбуриятларини тушуниши;

– юқори даражадаги хушёрлик хамда ёт мафкура ва ахлоққа нисбатан муросасизлик зарурлигини англаш;

– бурчни хис этиш, қатъиятлилик, ишчанлик, меҳнацеварлик ва тўғрилик;

– жамоат ижтимоий ҳаётидаги фаол қатнашуви

– номзод томонидан хизмат (мехнат) фаолиятида, ўқишда ва ёшларни чақриққача тайёрлашда эришилган натижалари хисобга олинади.


Бундан ташқари, зобит бўлишни хохлашнинг асосланганлигига ва бунинг учун зарур фазилатлар мавжудлигига асосий эътибор берилади.


Номзодларни индивидуал-психологик ўрганиш:

Индивидуал-психологик ўрганиш давомида номзодларга бир нечта вазифа бўйича психологик тестлар берилади.

Психологик тестлар номзодларнинг қуйидаги индивидуал-психологик хусусиятларини аниқлашга йўналтирилади: ақл заковати, умумий интеллектуал салоҳияти ва хотираси;

мантиқий фикрлаши, зийраклиги, тафаккур шаклларининг ривожланганлик даражаси, фикрлаш тезлиги ва таҳлил қилиш қобилиятлари;

шахсига хос индивидуал хусусиятлари, киришимлилиги, психик турғунлиги, самимийлиги;

касбни танлашининг мақсади ва мақсадининг барқарорлиги.

Номзодлар жисмоний тайёргарлигини баҳолаш.

Номзодларнинг жисмоний тайёргарликларини баҳолаш қуйидаги тартибда аниқланади:

– кучлилик (турникда тортилиш);

– чидамлилик (3 км га югуриш);

– тезлик (100 м га югуриш);

Жисмоний тайёргарлик имтиҳон меъёрлари (фуқаролар учун):

Жисмоний тайёргарликдан умумий баҳоси «қониқарсиз» бўлган номзодлар, ихтисослашган имтиҳоннинг иккинчи босқичига қўйилмайди ва қайтариб юборилади:

– ҳарбий хизматчилар – муқаддам хизмат жойларига;

– фуқаро ёшлари – яшаш жойи бўйича туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига.

Номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш:

– номзодлар тиббий кўрикдан МВ буйруғи билан тасдиқланган, тиббиёт мутахассисларидан махсус шакллантириладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ўтказилади;

– соғлиғининг холатига кўра билим юртида ўқишга яроқсиз деб ҳисобланган номзодлар танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.

Шунингдек номзодларнинг компютер техникаси ва ахборот-коммуникацион технологияларини эгаллаб олганлик даражаси текширилади.

Номзоднинг компютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражаси компютер дастурига киритилган тест саволларини бериш йўли билан текширилади.

Номзодга ўттизта тест саволи ва уларни ечиш учун бир соат вақт берилади. Номзодга тест синовларини қайта топширишга рухсат берилмайди.

Тест саволлари қуйидагилар бўйича тузилади:

шахсий компютердан фойдаланиш бўйича;

идора дастурий иловалари (миcрософт оффиcе дастури) бўйича;

Интернет тармоғида, локал ва корпоратив тармоқларда ишлаш ва ташкилий техникадан фойдаланиш бўйича.

Тест синовлари натижаси «5» баллик тизимда қуйидагича баҳоланади:


26 — 30 та тест саволларига тўғри жавоб берилган бўлса — 5 балл;

21 — 25 та тест саволларига тўғри жавоб берилган бўлса — 4 балл;

16 — 20 та тест саволларига тўғри жавоб берилган бўлса — 3 балл;

11 — 15 та тест саволларига тўғри жавоб берилган бўлса — 2 балл;

1 — 10 та тест саволларига тўғри жавоб берилган бўлса — 1 балл;

тест саволларининг бирортасига ҳам тўғри жавоб берилмаган бўлса — 0 балл қўйилади.

Бундан ташқари номзодларнинг умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш бўйича ёзма имтиҳон қабул қилиш номзодни умумтаълим фанларини ўзлаштирганлик даражасини ва ақлий қобилиятларини аниқлаш мақсадида тасдиқланган методика бўйича ўтказилади.

Умумтаълим фанларини билиш бўйича ёзма имтиҳон натижаларини текшириш кичик комиссия таркиби томонидан коллегиаллик принсипи асосида амалга оширилади ва баҳоланади. Унда бешта фандан тузилган саволларнинг ҳар бирига – 1 баллдан берилади. Агар саволга тўғри ва аниқ жавоб берилган бўлса 1 балл, жавоб нотўғри ёки нотўлиқ бўлса – 0 балл қўйилади.

Умумтаълим фанларини билиш бўйича ёзма имтиҳон топширган номзодга қўйилган баллар натижаси 6.0 коефицентга кўпайтириш орқали “30” баллик тизимда баҳоланади:

Умумтаълим фанларини билиш бўйича ёзма имтиҳонга узрсиз сабабларга кўра қатнашмаган номзодлар “0” балл билан баҳолонади.

Ёзма имтиҳон саволлари қуйидаги фанлар бўйича биттадан саволлар киритилган топшириқлардан иборат бўлади:

математика;

физика;

она тили (адабиёт);

тарих;

география.

 Умумтаълим фанларини билиш бўйича ёзма имтиҳон топширган гуруҳга ўрнатилган тартибдаги қайднома расмийлаштирилади ва унга номзодлар томонидан берилган тўғри жавоблар сони ва улар учун қўйилган баҳолар кўрсатилади.


Ҳарбий профессионал танлов якуний натижалари бўйича 45 ва ундан юқори балл тўплаган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйилади.


Номзодни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйиш


ёки қўймаслик тўғрисидаги қарор ҳақида қайдномага ёзиб қўйилади.


Натижалар шу куннинг ўзида номзодларга эълон қилинади.


Тест синовлари.


Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат тест Маркази томонидан амалга оширилади.


Тест синовларини тайёрлаш ва ўтказиш


Тест синовлари 1 августда ўтказилади.


Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат тест Маркази томонидан амалга оширилади.


Тест синовлари уч тилда – ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида ўтказилади.


Тест саволлари тўплами қуйидаги фанлар бўйича тузилади:


1 – блок (мажбурий фанлар):


она тили ва адабиёт (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ) – 15 та савол, ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 балл белгиланган.


математика – 15 та савол, ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 балл белгиланган.


ўзбекистон тарихи – 15 та савол, ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 балл белгиланган.


2 – блок (таълим йўналишига мос фанлар):


математика фанидан – 30 та савол, ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл;


физика фанидан – 30 та савол, ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл;


Ҳар бир саволлар тўплами таълим йўналишига мос фанлардан 60 та топшириқни мажбурий фанлардан 45 та топшириқни ўз ичига олади.


Тест синовларини топшириш учун 3.30 дақиқа вақт берилади.


Тест синовларини ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича жавобгарлик жойлардаги Давлат тест Маркази вакиллари ва ҳокимиятлар томонидан тайинланган ауди­тория раҳбарлари зиммасига юклатилади.


Белгиланган вақтда тест синовларига келмаган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилмайди.


Олий ҳарбий билим юртларига кириш имтиёзлари


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 5 февралдаги «Ўзбекистон ўқувчи ёшларни рағбатлантириш чоралари ҳақида» ги қарорига мувофиқ ва ЎР Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 25 мартдаги №157 қарори билан тасдиқланган халқаро ва Республика олимпиадалари ўқувчи-ғолибларини рағбатлантириш тартиби асосида мазкур олимпиада ғолиблари қабул комиссиясининг хулосасига биноан, агарда ихтисослашган имтиҳонларни муваффақиятли топширган тақдирда тест синовларисиз ва конкурссиз қабул қилинадилар.


Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматининг 2017 йил 22 августдаги 2914-сон Қарорига асосан олий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи, ҳарбий хизмат даврида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришган, муддатли ҳарбий хизматни тамомлаб, ўрнатилган шаклдаги тавсияномага эга бўлган фуқароларга тест синовларида ўзи тўплаши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 50% миқдорида қўшимча имтиёз берилади.


Ҳарбий академик лицейларининг битирувчиларига тест синовларида тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 30% миқдорида қўшимча имтиёз берилади.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “ЎР ҚК сержантларининг мақоми тўғрисида” 2004 йил 12 апрелдаги 170-сонли қарорига мувофиқ “Илғор сержант” номинациясида Республика турининг ғолиблари бўлган сержантлар ЎР таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан тест синовлари топширмасдан ўқишга қабул қилинадилар. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сержантлар таркиби лавозимларида 5 йил бенуқсон хизмат қилган сержантларга ижобий тавсифномалари бўлса, бундай сержантларга тест синовларида тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20% миқдорида қўшимча имтиёз берилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3726-сонли Қарорига асосан ота-онаси ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлган фуқароларга Республикадаги Олий таълим муассасаларига тавсиянома орқали беш фоизли имтиёзли квота асосида билим юртига қабул қилинади.

Агар номзод бир вақтнинг ўзида кўрсатилган имтиёзлардан бир нечтасига эга бўлса, улар томонидан тўпланган баллар йиғиндисига имтиёзлар бўйича энг юқори балл қўшилади.

Report Page