Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди



“Ўзбекнефтгаз” АЖ учун мазкур муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши – тарихий воқеадир. Қарорда соҳани янада ривожлантириш учун янги истиқбол ва имкониятлар очиб берилибгина қолмасдан, балки сўнгги йиллар давомида ечими чўзилиб келган қатор конкрет вазифалар ҳам белгилаб берилган.

Қарорда нефть-газ тармоғини бозор муносабатларига равон ўтказиш борасида тўпланган энг илғор тажриба ва тамойилларнинг акс эттирилиши ҳозирги вақт учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Тармоқ улкан мультипликатив иқтисодий самарага эга, чунки у базавий ва стратегик жиҳатдан муҳим ҳисобланади. Бутун иқтисодиёт, шунингдек мамлакат ҳар бир фуқаросининг турмуш даражаси унинг барқарор риожланишига боғлиқдир.  

Шунинг учун ҳужжатда Ўзбекистоннинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, нефть-газ тармоғи корхоналарини молиявий соғломлаштиришни таъминлаш, қабул қилинган халқаро амалиёт асосида соғлом рақобатни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, замонавий рақамли технологияларни ва илғор бошқарув усулларини жорий этиш энг асосий вазифа этиб белгиланган. 

Шунга асосан, “Ўзбекнефтгаз” АЖни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва унинг самарали ташкилий тузилмасини шакллантириш ҳужжатнинг белгиловчи йўналишларидан қилиб қўйилган. Ҳужжатда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги бўлинмаларни қўшиш орқали бошқарув тизимидаги ортиқча бўғинларни қисқартириш назарда тутилган. “Ўзбурғунефтгаз” АЖ, “Ўзнефтгазқазибчиқариш” АЖ, “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ, “Ўзнефтгазмаш” АЖлар тугатилиб, уларнинг вазифалари ва функциялари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ижро этувчи аппарати таркибида ташкил этиладиган тегишли бўлинмалар бажаради.  


Тармоқни ислоҳ қилишнинг яна бир муҳим таркибий қисми шундан иборатки, унга кўра “Ўзтрансгаз” АЖни “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидан чиқариш ва унинг вазифаларини иккита устивор йўналишга ажратиш белгиланган. Хусусан, яқин келажакда  ҳудудий газ таъминоти базасида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ташкил этилиб, газ тақсимлаш тармоқларини ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш, мамлакат истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш билан шуғулланади.

Шу билан бирга, “Ўзтрансгаз” АЖда табиий газни газ қазиб олувчи ва қайта ишловчи ташкилотлар, шу жумладан, маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимлар асосида фаолият юритувчи қўшма корхоналар ва хорижий компаниялардан харид қилиш функциялари қолади. У ягона оператор сифатида газни етказиб бериш, шу жумладан табиий газни экспорт ва импорт қилиш, ёнилғини ички истеъмолчиларга сотиш билан шуғулланади.

 

Бир сўз билан айтганда, қарор бутун нефть-газ тармоғи бўғинлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш орқали уни бошқариш тизими йўналишини енгиллаштиради. Эндиликда ҳар битта акциядорлик жамият ўз фаолияти соҳасига мустақил жавоб бериб, фақат уларнинг самарадорлиги нуқтаи-назаридан қарор қабул қилади. Учта мустақил акциядорлик жамияти ташкил этилаётганига қарамай, уларни битта мақсад – нефть-газ тармоғини мамлакат раҳбарияти томонидан 2030 йилга қадар амалга оширилиши белгилаб берилган янги стратегик ташаббуслар негизида тиклаш ва янада ривожлантириш мақсади бирлаштириб туради.

 

Бугунги кунда энг муҳим вазифалардан бири – ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини арзонлаштириш, саноатни оғир юк бўлиб турган ортиқча вазифалардан озод қилиш ва пириворд натижа - нефть-газ тармоғининг самарадорлигига эришишдан иборат. Ҳозирнинг ўзида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналарнинг асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган активларини сотиш, корпоратив бошқарувни модернизация қилиш жараёнида давлат-хусусий шериклик усулини ривожлантириш ишлари жадал олиб борилмоқда.    


Қарорда белгиланган вазифаларга биноан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз фаолиятини углеводород хомашёси, шу жумладан, табиий газ қазиб олиш ҳажмини оширишга, шу тариқа иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг уларга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондиришга қаратиши лозим.  

Қарорга кўра компания даромадининг ортиши қуйидагилар ҳисобидан таъминланади: мустақил эксперларни жалб қилган ҳолда нефть-газ тармоғи корхоналарининг операцион самарадорлигини ошириш ва харажатларини мақбуллаштириш, уларнинг қарз юкламасини камайтириш, ишлаб чиқилган конларда замонавий технологиялар асосида углеводород қазиб олишнинг унумдорлигини ошириш, миллий нефть-газ ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича халқаро тендер савдоларида иштирок этиш учун хорижий нефтсервис ташкилотларини жалб қилиш.


Мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши бутун нефт-газ соҳасини ривожлантиришнинг янги йўналишини бошлаб беради, келгусида тармоқ қиёфасини тубдан ўзгартириб юборади. Ҳужжат мамлакатимизда ЯИМ даражасининг ўсиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади, демак у халқимиз учун янада фаровонлик ва юқори турмуш даражасини таъминлайди.   

 «Ўзбекнефтгаз» АЖ


Report Page