Ўзбекистон-Озарбойжон: ҳамкорлик иттифоқдошлик даражасида изчил давом этади
Озарбайжон билан муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади ва бу ҳамкорлик кейинги йилларда жадал кенгайиб бораётир.
Мамлакатларимиз ўртасида 1995 йил 2 октябрда дипломатик муносабатлар ўрнатилган бўлсада, тарихи, дини ва маданияти, илдизлари муштарак бўлган озар ва ўзбек халқлари ўртасида қадимдан анъанавий дўстлик ва қардошлик ришталари мавжуд. Келгуси йилда икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2024 йил 22-23 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида қолган йилларга ўхшамаган мутлақо янги саҳифани очди. Чунки икки мамлакат етакчилари тегишли шартномани имзолаб, Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини иттифоқчилик даражасига олиб чиқдилар. Бу нима дегани?
Иттифоқчилик – халқаро дипломатияда давлатлар ўртасидаги муносабатларда энг юқори поғона ҳисобланади. Иттифоқдош мамлакатлар ўз ташқи сиёсатида ўзаро мувофиқлашган, бир-бирини қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олади. Бу муносабатлар давлатлар ўртасидаги ишонч, сиёсий мувофиқлашув ва ҳарбий ҳамкорликни янада кучайтиради. Маълумот учун Ўзбекистон шу пайтгача фақат 3 та давлат билан иттифоқчилик муносабатларини ўрнатган. Булар Россия, Қозоғистон ва Тожикистондир.
Эътиборлиси, мамлакатимиз жорий йилнинг ўзида 2 та давлат билан ана шундай иттифоқчилик шартномасини имзолади. Ёдингизда бўлса, апрель ойида давлатимиз Тожикистон билан ана шундай шартнома имзоланган. Орадан 4 ой ўтиб, итифоқчиларимиз сони яна биттага кўпайгани қувонарли ҳоли.
Икки давлат етакчилари томонидан келгуси йилни Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодий кооперацияси йили деб эълон қилиш ва 20 та устувор йўналишни қамраб олган комплекс дастурни қабул қилишга келишиб олинди. Ушбу келишувлар доирасида меҳмонхона, тўқимачилик кластерлари, тикувчилик фабрикасини барпо этиш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш каби муҳим лойиҳалар амалга оширилишиқайд этилди. Шунингдек, товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш ва саноат кооперациясининг янги босқичига ўтиш, жумладан, учинчи давлатлардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.
Бу борада икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бўлиб ўтган бизнес-форум, шубҳасиз катта аҳамият касб этади. Бунинг натижасида қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Гап, энергетика, кимё, тоғ-кон саноати, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа соҳаларда ҳақида бормоқда.
Умуман олганда, сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар янги динамика ва мазмунга эга бўлиб бормоқда. Юқори даражадаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашмоқда. Хусусан, парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланиб, парламент вакиллари Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтаётган Президент ва парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги азалий дўстона муносабат бугунги кунда, деярли, барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Ушбу муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилгани ўзаро алоқаларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади.
Шахноза Холмахаматова
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси