Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири: бандлик, ишсизликдан ҳимояланиш ва камбағалликни қисқартириш

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири: бандлик, ишсизликдан ҳимояланиш ва камбағалликни қисқартириш


Амалдаги Конституциянинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланган. Жамият ривожланишининг замонавий тенденциялари меҳнат соҳасида ривожланаётган муносабатларга янги талабларни қўймоқда.

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 43-моддасида "Давлат фуқароларни иш билан таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни камайтириш чораларини кўради" янги нормани жорий этилмоқда. Яъни, давлат ишсиз фуқароларни меҳнат бозорида талаби юқори касбларга ўргатиш ва аҳолини иш билан таъминлаш орқали камбағаллик даражасини пасайтириш мажбуриятини олади.

Бу борада республикада бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва улар билан ишлашнинг янги модели яратилди. "Темир", "Аёллар" ва "Ёшлар" дафтарлари асосида давлат ёрдамига муҳтож оилалар, ёшлар, аёллар билан индивидуал тартибда иш олиб борилмоқда. Ишсизлик камбағалликнинг асосий омили эканлигини ҳисобга олиб, ишлаш истаги бор фуқароларни касбий қайта тайёрлаш ва иш билан таъминлаш бўйича доимий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Чет элда ишлаётган фуқароларга ҳам муносабат кескин ўзгариб бормоқда. Маълумки, ўтган йилларда меҳнат миграцияси оилалар учун қўшимча даромад манбаига айланган, айниқса қишлоқ жойларда. Олимларнинг фикрига кўра, меҳнат миграцияси ва пул ўтказмалари бўлмаганда камбағаллик даражаси 2-3 фоиз пунктга юқори бўлиши мумкин эди. Бугунги кунда чет элда ишлаш истагида бўлган фуқароларга касб-ҳунар ва чет тилларини ўргатиш, уларга зарур ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш орқали меҳнат миграцияси учун шароитлар яратилмоқда ва қишлоқ жойларда ишсизлик ва камбағаллик камайтирилмоқда.

2026 йилга келиб тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар, кам таъминланган оилаларнинг ишсиз аъзоларини иш билан таъминлаш орқали камбағалликни 2 баробар камайтириш режалаштирилган.  Амалда, олиб борилаётган сиёсат 2021-2022 йилларни ўзида ишсизлик даражасини 9,6% дан 8,9% гача ва камбағаллик даражасини 17% дан 14% гача камайиши тўғри танланган сиёсатдан далолат беради.

Шуни таъкидлаш керакки, камбағал ва ишсиз фуқаролар муносиб иш билан таъминланса ва меҳнат ҳуқуқларидан фойдаланса, улар ўзларини жамиятнинг бир қисми деб билганларидагина, давлатга ишонч кучаяди.

Дилдора Каримова,
иқтисод фанлари доктори


Report Page