Ўзбекистон Конституцияси - халк таълимини жаҳон таълим стандартлари билан рақобатбардош қилиш асоси⚡

Ўзбекистон Конституцияси - халк таълимини жаҳон таълим стандартлари билан рақобатбардош қилиш асоси⚡

Нилюфар Фарходова

Кейинги йилларда она Ватанимиз Ўзбекистон шиддатли ислоҳотлар даврини бошдан кечирмоқда. Барча жабхаларда ҳақиқий уйғониш ва тараққиёт даври бошланди. Бу даврни ҳақли равишда Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аташ мумкин. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаб берган Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юксак даражада эътироф этилмоқда. Ана шу шиддатли ислоҳотлар жараёнида эл-юрт, халқнинг порлоқ келажаги кафолати бўлган баркамол авлод таълими ва тарбиясига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. 

1992 йил 8 декабрда бўлиб ўтган ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XI сессиясида қабул қилинган 128 модда, 26 боб ва 6 бўлимдан иборат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси айнан баркамол авлодни тарбиялаш ва жаҳонда рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41- моддасида: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга”лиги кўрсатилган.Унга асосан ёшлар ўз билимларини жаҳон андозаси даражасида ошириб бориш ҳуқуқига эгадирлар. Бу устивор вазифани бажариш учун халқ таълими тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмокда. Республикамиз халқ таълими тизими амалиётидаги мавжуд муаммоларни ҳисобга олинган ҳолда илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ва инновацион таълим амалиёти асосида умумий ўрта таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш учун шарт-шароитларни яратиш, инсон ресурсларини ривожлантириш пойдевори бўлган ёшларда билим, дунёқараш ва маънавият асосларини шакллантирувчи умумий ўрта таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига катта эътибор берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ таълими тизимини ислоҳ қилишда “Ёшларга махсус фанлар, мамлакатимиз ва жаҳон цивилизацияси тарихини, хорижий тилларни ва замонавий компьютер дастурларини чуқур ўрганиш вазифалари” ни ҳал қилишга эътибор қаратдилар.

Ўзбекистонда таълим сифатини жаҳон таълим стандартлари билан рақобатбардош қилиш борасидаги ислоҳотлар умумий ўрта таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишни талаб этди. Бугунги кунда Республикада 9,7 минг мактабда жами 6,2 миллион ўқувчи таълим олмоқда. Бу аҳолининг 16 фоизини ташкил этади, ўқув-тарбиявий ва бошқарув жараёнида 450 мингдан зиёд ходим меҳнат қилмоқда. Бироқ сўнгги 20 йилда асосий эътибор коллеж ва лицейларга қаратилиб, умумтаълим мактаблари фаолиятини замон талабларига жавоб берадиган яхлит бир тизимга айлантириш бўйича амалга оширилган ишлар қониқарсиз эди. 

      Мактабларни молиялаштиришга иккинчи даражали масала сифатида қаралиб, ушбу тизимга бюджет маблағлари «қолдиқ» усулида ажратиб келинганлиги, айниқса халқ таълими тизими ходимлари йиллар давомида ўз фаолиятига хос бўлмаган бошқа ишларга мунтазам жалб қилиниб, том маънода «текин хизматкор» га айланиб қолганлиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиб келган эди. 

      Шунингдек, ўқитувчилар ўз устида ишлаб, болаларнинг фанларга қизиқишини ошириш ўрнига, мактабнинг кам-кўстини ёпиш учун ўқувчилар ота-оналаридан пул йиғиш, тинимсиз текширишга келаётган турли комиссияларни «тинчитиш» билан овора бўлиб қолганлиги, мактабларда давомат тушиб кетиши, ўқувчиларнинг кўча-кўйда қаровсиз ҳолда юриши, ҳаттоки безориларга ва турли зарарли оқимларга қўшилиши ҳолатлари кузатилар эди. 

       Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий – ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим – тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора – тадбир тўғрисида”ги қарори ва 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида педагог ходимлар қатор имтиёз ва қулайликларга эга бўлди. Уларнинг ойлик маошлари босқичма- босқич оширилди. Ота- оналарнинг таклифига асосан 11 йиллик умумий ўрта таълимга  ўтилди.

     Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим сифатини жахон таълим стандартлари билан рақобатбардош килиш борасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Бизнинг аждодларимиз жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшиб келган. Уларнинг илм-фан ва маданият соҳасидаги кашфиётлари бутун дунёга машҳур. Бу ўринда дунёдаги машҳур “Би-би-си” компанияси тайёрлаган кичкина бир ҳужжатли фильмда келтирилган эътирофни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз асарларида келтириб ўтадилар: “Унда Буюк Британиялик мухбир ўзининг мобиль телефонини кўрсатиб, “Мен ҳар сафар шу телефондан фойдаланганимда унинг ичида мужжасам бўлган буюк ўзбек Муҳаммад Хоразмий даҳосига таъзим қиламан” дейди. 

Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда ахборот-коммуникация соҳасида жаҳонда эришилаётган барча ютуқларга буюк ватандошимизнинг илмий кашфиётлари асос бўлганлиги кишига фахрланиш ва ғурурланиш ҳис-туйғуларини бахш этади. Улардан ўрнак олишга ундайди.  

   Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида аниқ ва табиий фанлар чуқур ўргатиладиган (Ал Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино номидаги) махсус мактаблар ташкил этилиши ҳам таълимни жаҳон стандартларига мослаштириш ва рақобатбардош қилишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил 23 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этиш тўғрисида” ги қарори қабул қилингани, 2017 йил 24 майда Вазирлар Маҳкамасининг Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этиш тўғрисида”ги қарори, 2017 йил 14 сентябрда Президентимизнинг Тошкент шаҳрида “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати” ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисидаги қарори имзоланганлиги, 2017 йил 25 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этиш тўғрисида”ги қарори, Наманган шаҳрида Олий ва ўртамахсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби, Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий органлари ҳузуридаги Эркин Воҳидов, Ибройим Юсупов, Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий, Ҳалима Худойбердиева ҳамда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаблари очилиши Ўзбекистон таълимини жаҳон стандартлари билан рақобатбардош қилишга хизмат қилади

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 120 га яқин олий таълим муассасаси ва хорижий университетларнинг филиалларида таълимни жаҳон стандартларига яқинлаштириш масаласига устувор вазифаси сифатида қаралмоқда. Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Тошкент шаҳрида Пучон университети, “ММФИ миллий тадқиқот ядро университети” “Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори, “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети”, Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети МИС и С” нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали фаолиятининг ташкил этилиши, шунингдек АҚШнинг Вебестр университети филиали очилиши олий таълим соҳасини ривожлантириш йўлидаги дадил қадамлар бўлди.

Бугунги кунда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллий иқтисодиётимизни “Кластер усули”да ривожлантириш бўйича қўйган мақсад ва режасига асосланган ҳолда, олий таълим ва касб-ҳунар таълими муассасаларида “Рақобатбардош кадрлар тайёрлаш кластери”ни ташкил этиш долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Бу жараёнларга умумий ўрта таълим мактабларини ҳам жалб этиш ҳақида ўйлаб кўриш вақти келди, деб ўйлаймиз.

Халилова Феруза Маматкуловна— БухДУ Бошлангич таълим методикаси кафедраси уқитувчиси

Report Page