“Ўзбекистон Бизнесни ривожлантириш” уюшмаси ташкил этилди

“Ўзбекистон Бизнесни ривожлантириш” уюшмаси ташкил этилди

матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.04.2020 йилдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Бизнесни ривожлантириш” уюшмаси ташкил этилди.

Уюшма Адлия вазирлиги томонидан №309- реестр тартиб рақами билан 2020 йил 26 октябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилди.

“Ўзбекистон Бизнесни ривожлантириш” уюшмаси таъсисчиларининг умумий йиғилиш қарорига асосан бугунги кунда “Ўзбекистон Экспортчилари” уюшмаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётган Маликов Ёрқинжон Эркинжонович янги уюшманинг бошқаруви раиси лавозимига тайинланди.

Ёрқин Маликов 1987 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати - ўзбек. Маълумоти - олий.

2010-2018 йиллар давомида “Evro Star Trade” оилавий корхонаси директори ўринбосари бўлиб ишлаган. 2018 йилдан ҳозирга қадар - "PRIME HOLDING" МЧЖ директори, 2019 йилдан Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси бошқарув раисининг биринчи ўрибосари, шу билан бирга, Халқ депутатлари Олмазор тумани кенгаши депутати сифатида фаолият юритиб келмоқда.

“Ўзбекистон Бизнесни ривожлантириш” уюшмасининг вазифалари этиб куйидагилар белгиланди:

- мамлакатимиз тадбиркорларининг пандемия шароити натижасида юзага келган муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш ҳамда ишбилармонларнинг жаҳон бизнес стандартларига фаол трансформация жараёнларини амалга ошириш;

-  яширин иқтисодиётни қисқартиришда ҳукуматга кўмаклашиш;

- рақамли иқтисодиётга тадбиркорлик субъектларини трансформация қилиш;

- қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришларнинг муҳокамаларига тадбиркорларни кенг жалб қилиш;

- мамлакатимизда бизнес фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини жадал ривожланишига, соҳадаги хусусий секторнинг мамлакатимиз иқтисодий ҳаётидаги роли ва аҳамиятини тубдан оширишга ёрдам бериш, бизнес фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш;

- уюшма аъзолари ҳисобланган барча тадбиркорлик субъектларининг иш жараёнида мавжуд бўлган муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда муаммоларнинг ечимини топиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш;

- мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича зарур бўлганда амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш юзасидан ҳукуматга таклиф киритиш;

- мамлакатимизга импорт қилинаётган маҳсулотлар бўйича уюшма аъзоларининг фаолиятида божхона расмийлаштирувига доир юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашиш;

- юртимиз бизнес салоҳиятини оширишда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, илғор тажрибаларни Республика тадбиркорлари ўртасида тарғиб қилиш;

- бизнесни ривожлантириш мақсадида чуқур маркетинг тадқиқотлари ва таҳлиллар олиб бориб, уларнинг натижалари асосида тегишли чора-тадбирлар белгилаш;

- Уюшма аъзоларини бирлаштириш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, муштарак мулкий манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш;

- Уюшма аъзоларига чет эллик шериклар билан амалий мулоқотлар ва алоқаларни кенгайтириш, экспорт маҳсулотини ташқи бозорларга олиб чиқиш, шу жумладан, янги ишлаб чиқаришлар барпо этиш ҳамда чет эл инвестицияларни жалб этишда кўмаклашиш;

- Уюшма аъзоларига Ўзбекистон Республикаси ва хорижда кўргазмалар, ярмаркалар, тақдимотлар, анжуманлар, бизнес форумлар, кооперация биржаларни ташкиллаштиришда яқиндан ёрдам бериш;

- Ўз аъзоларининг инвестицион, тижорат, илмий-техникавий ва иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириш.

Эслатма: Уюшмани молиялаштириш аъзолик бадаллари эвазига шакллантирилади.




Report Page