Ўзбекистон 1 млрд АҚШ долларини қандай жалб қилиши мумкин? 

Ўзбекистон 1 млрд АҚШ долларини қандай жалб қилиши мумкин? 

MacroBS

Давлатлар қарзни 3 хил усулда жалб қилиши мумкин:

- Халқаро молиявий институлар, донорлар ёки давлатлардан;

- Ташқи капитал бозордан;

- Ички бозордан.

  1. Ҳалқаро молиявий институтлар орқали

Инқироз пайтида давлатларга ёрдам бериши мумкин бўлган иккита институт мавжуд: Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди (ХВФ). Афсуски, мазкур ташкилотларнинг бугунги кундаги бюджети давлатларга катта миқдорда қарз ажратишга йўл қўймайди.

Жаҳон банки

Жаҳон банки вирусга қарши курашиш учун 14 млрд АҚШ доллари ажратишга тайёрлигини билдирган. Бироқ, Жаҳон банкининг Президенти, мазкур қарзларни одатий қарзлар каби маълум шартлар асосида тақдим этилишини маълум қилмоқда.

Жаҳон банки президенти Девид Малпаснинг нутқидан

Яъни, қарз олувчи давлатлар маълум бир ҳаражатларни оптималлаштириши, валюта курсини девалвация қилиши ёки структуравий ўзгаришларни қилиши керак бўлади. Бундай қарзлар эса ҳозирги қийин вазиятда давлатлар учун керак эмас.

Иккинчи усули, Жаҳон банки олдиндан келишилган лойиҳаларга ўзгартириш киритиб, мазкур лойиҳаларга ажратилиши кўзда маблағларни вирусга қарши курашга йўналтиришга рози бўлиши мумкин.

2020 йилда Жаҳон банки ўзининг лойиҳалари бўйича Ўзбекистонга 889 млн доллар ажратиши керак, демак мана шу маблағни вирусга қарши ишлатиш мумкин бўлади, агар лойиҳа пакетларига тегишли ўзгартириш киритилса.

https://www.worldbank.org/en/country/uzbekistan/overview#strategy


Халқаро валюта фонди

ХВЖ фавқулотда ҳолатларда давлатларни тезкор молиялаштириш учун 50 млрд доллар ажратишга тайёр эканлигини маълум қилган. Бунинг 10 млрди – тезкор кредитлаш механизми (Rapid Credit Facility) ва 40 млрд тезкор молиялаштириш инструменти (Rapid Financing Instrument) орқали амалга оширилади. Catastrophe Containment and Relief Trust (CCRT) деб номланувчи яна бир кредитлаш механизми мавжуд, бироқ мазкур кредит линиясининг бюджети бугунги кунда атиги 200 млн долларни ташкил этади, ҳолос.

Юқоридагилардан Ўзбекистон учун 1- кредит линияси (Rapid Credit Facility) тўғри келади. Чунки, бу кредит Ўзбекистон ҳам кирувчи даромади паст давлатлар учун тақдим этилади. Шартлари жуда ҳам қулай:
фоиз ставкаси - 0, имтиёли даври 5 ярим йил ва кредит муддати -
10 йил. 

Бу линия бўйича қанча кредит олишимиз мумкин? Қоида тариқасида давлатлар ХВФдаги квотасининг 50% миқдорида қарз олиши мумкин. Бугунда Ўзбекистоннинг квотаси 551,2 млн СДР ёки 746,7 млн долларни ташкил этади. Демак, Ўзбекистон томонидан максимум олиниши мумкин бўлган сумма 370 млн доллар атрофида бўлади.

Кредитни олиш учун 2та талабга жавоб бериш керак:

  • давлатнинг қарзи барқарор бўлиши;
  • давлатнинг тўлов баланси бўйича муаммоси бўлиши керак.

Биринчи шартга жавоб берамиз - яъни, Ўзбекистоннинг давлат қарзи барқарор. Иккинчи шарт эса тўлиқ бажарилмайди, сабаби тўлов баланси бўйича жуда катта муаммога эга эмасмиз, ҳозирча. Шундай муаммо бўлса ҳам, Ўзбекистон етарлича олтин-валюта заҳирасига эга. Яъни, ХВЖ вакиллари муаммони қарз олмасдан, заҳирани ишлатиш орқали ҳал қилса бўлади деб ҳисоблаши мумкин. Инқироз бўйича ҳавф-хатарларнинг кўламига қараб Ўзбекистон мана шу кредит линиясидан фойдаланиб кўрса бўлади.

****

Даромади паст бўлган давлатлар жалб қилиши мумкин бўлган юқоридаги қарзлар халқаро институтлар томонидан “илмоқли” шартларсиз берилади. Ўзбекистон мазкур ташкилотларнинг бошқа доимий кредит линияларидан фойдаланиш мумкин. Лекин, қайд этилганидек, бундай кредитлар давлатлар учун ноқулайроқ бўлган шартлар асосида берилади. Инқироз шароитида бундай шартлар оғирлик қилиши мумкин.

2. Ташқи капитал бозор орқали

Хабаринглар бор, 2019 йилда катта шов-шувлар билан Евробондлар чиқарган эдик. Афсуски, инқироз пайтида молиявий бозор иштирокчилари “сўнгги уч йил давомида амалга оширилаётган беқиёс ислоҳотларнинг натижалари”га қараб ўтирмади. Глобал инқироз бошланиши арафасида облигацияларимиз нархи тушиб кетиб, 5 йиллик облигацияларимиз фоиз ставкаси 6,67%, 10 йилликни эса 6,628%ни ташкил этмоқда.

Расм Молия вазирлигининг расмий телеграм саҳифасидан олинди

Бу ҳозир евроблигациялар чиқариш жуда-жуда қиммата тушишини англатади. Демак, капитал бозоридан пул жалб қилишни ҳисобдан чиқарсак бўлади. 

3. Ички қарз орқали

Ички қарз масаласида ҳам қўлларимиз анча боғланган. Инфляция ва фоиз ставкаси юқори, бюждетимиз шундоғам дефицит билан молиялаштирилмоқда. Бундай шароитда бюджет дефицитни кўпайтириш инфляция, валюта курси учун қўшимча босим юклайди.   

Таклиф этилаётган яна бир вариант, Марказий банк бирламчи бозордан давлат ғазначилик мажбуриятларини сотиб олиб, бюджетни етарли пул билан таъминлаши мумкин. Бироқ, бу тўғридан тўғри бюджет дефицитини молиялаштириш дегани, бу эса Марказий банк тўғрисидаги қонуннинг 6-моддасига кўра мумкин эмас.

***

Юқоридагилардан кўриш мумкинки, 1 млрд долларни жалб этиш учун энг мақбул усул Халқаро молиявий ташкилотларнинг кредитлари ҳисобланади. Бизга ўхшаган 80 дан зиёд давлат уларнинг эшигини таққилатиб турганда, 5 млрд тугул, 1 млрдни жалб эта олсак ҳам катта гап.

Кўриниб турибдики, инқироз пайтида ҳукумат учун қўшимча пул топиш жуда ҳам оғир, шунинг учун бундай даврда давлатдан ўта оқилона макроиқтисодий сиёсат юритиш талаб этилади.

Report Page