Ўзбекистон ҳудудида «Хизб ут-Тахрир» диний экстремистик ташкилоти аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қуйилди

Ўзбекистон ҳудудида «Хизб ут-Тахрир» диний экстремистик ташкилоти аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қуйилди

Ички ишлар вазирлиги

2019 йилнинг 16 октябрь куни Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлариида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти таъқиқланган «Хизб ут-Тахрир» диний-экстремистик ташкилотининг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилди.

Мавжуд маъуломотларга кўра, ушбу шахсларнинг аксарияти муқаддам «Хизб ут-Тахрир» диний-экстремистик ташкилотига аъзо бўлганликлари учун жазо муддатини ўтаб чиққан бўлиб, мамлакатимиз ҳукумати томонидан уларга кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмакка қарамасдан жиноий тил бириктириб аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, «Хизб ут-Тахрир» ДЭТ ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларни содир этганлар. Шунингдек, улар экстремистик ғояларидан воз кечган, муқаддам жазо муддатини ўтаб чиққан ҳамюртларимизни ҳам қайта жиноят содир этиш йўлига чорлаганлар. 

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, «Хизб ут-Тахрир» диний экстремистик ташкилоти 1953 йилда Фаластин давлатида Тақиюддин Набихоний томонидан асос солинган бўлиб, мақсади - дастлаб мусулмон мамлакатларида, кейинчалик эса бутун дунёда ягона Халифалик давлатини ўрнатишдан иборат.

Бугунги кунда ушбу ташкилотнинг фаолияти Россия Федерацияси, Германия, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари ва яна бир қатор мамлакатлар ҳудудида таъқиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан «Хизб ут-Тахрир» диний экстремистик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.   

Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Minjust.uz” номли веб сайтида экстремистик ва террористик ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар эълон қилиб борилаётганлигини маълум қиламиз.

ИИВ Ахборот хизмати