Ўзбекистон-Ҳиндистон ривожланаётган ҳамкорлик муносабатлари

Ўзбекистон-Ҳиндистон ривожланаётган ҳамкорлик муносабатлари

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Ўзбек ва ҳинд халқларини тарихий ва маданий муштараклик боғлаб туради ва шу билан биргаликда ҳозирги кунда стратегик шерикликни ривожлантириш ва кўплаб йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мустаҳкам пойдевор мавжуддир.

Сўнгги йилларда юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган яхши қўшничилик ва фаол ҳамкорликка қаратилган ташқи сиёсат Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларида ҳам акс этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев  2018-йил 30-сентабр-1-октабр кунлари Ҳиндистон президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан Ҳиндистонга расмий давлат ташрифи келгуси муносабатларини янада ривожлантиришга мустахкам асос бўлиб хизмат қилди. Ташриф давомида илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида тажриба алмашиш, туризм учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва ҳарбий таълим, адлия, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, космик изланишлар каби соҳаларни қамраб олган 17 та давлатлараро шартномалар имзоланди ва ҳарбий таълим, адлия, фармацевтика соҳаларидаги муносабатларни ривожлантиришга доир ўзаро англашув меморандумлари қабул қилинди. Имзоланган ҳужжатлар орасида шунингдек, Ўзбекистон–Ҳиндистон ишбилармонлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим, Андижон вилояти билан Ҳиндистоннинг Гужарат штати, Самарқанд ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик ва шерикликни йўлга қўйиш, Андижон шаҳрида эркин фармацевтика зонасини ташкил этиш тўғрисидаги англашув меморандумлари ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. 2019 йил 17-18 январ кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан «Жўшқин Гужарат – 2019» IХ халқаро инвестиция саммитида иштироки икки давлат иқтисодий ҳамкорлигини янги босқичга кўтарди.

Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик. Ҳиндистон ва Ўзбекистон минтақада хавфсизликни таъминлаш ва барқарорликни мустаҳкамлашда асосий ҳамкорлар ҳисобланади. Терроризм, халқаро жиноятчилик ва миллий хавфсизликка таҳдид солувчи бошқа ҳолатларга қарши курашиш, гиёҳванд моддалар савдосининг олдини олишда ўзаро вазирликлар даражасида ҳамкорликлар йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2019-йил 20-22-ноябр кунлари Ҳиндистонга ташриф буюрди. Ташриф давомида Ҳиндистон томони билан ўзаро маслаҳатлашув учрашувлари ўтказилди ва Ўзбекистон ва Ҳиндистон Ички ишлар вазирликлари трансмиллий уюшган жиноятчилик ва халқаро терроризмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Мазкур битимга кўра шунингдек, кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Икки томонлама мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик 2018-йил 4-7 сентябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазири генерал-майор Абдусалам Азизовнинг ташрифидан сўнг янги даражага кўтарилди. Шу даврдан бошлаб Мудофаа бўйича мунтазам ҳамкорлик олдиндан белгилаб олинган йиллик режалар орқали амалга оширилиб келинмоқда. Мисол сифатида эса 2019-2020-йилларга мўлжалланган режада махсус кучларни биргаликда тайёрлаш, ҳинд мутахассислари томонидан Ўзбекистонлик ҳарбий курсантлар учун ҳарбий муҳандислик бўйича ўқув курсларини ўтказиш ва ҳаво кучлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиб, Ўзбекистонда Қарши авиация мактабини такомиллаштиришда ҳинд тажрибасидан фойдаланишни келтириб ўтилган. Шунингдек, Ҳиндистон Тошкентдаги Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида махсус Ҳиндистон ҳарбий салоҳияти хонасини ташкил этилган.

Cоvid-19 пандемияси даврида ўзаро ҳамкорлик. 2020-йил бутун дунё учун оғир синовли йил бўлди. Cоvid-19 вирусининг дунё бўйлаб кенг тарқалиши натижасида вужудга келган оғир эпидемиологик вазият давлатларни халқаро ҳамкорлик алоқаларида айрим чекловларни жорий этишга мажбур қилди. Чегараларнинг ёпилиши ва кўплаб давлатларда вазиятнинг кескинлашуви туфайли зарур дори-дармонлар ва тиббий ускуналар етишмовчилиги вужудга келди. Ана шундай даврда ҳам Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлангани ва ўзаро  ёрдам бергаликлари таҳсинга сазовордир.

Пандемиянинг илк кунларидан ўз ички эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тиббиёт ускуналари ва дори-дармонлар экспортини чеклаб қўйган Ҳиндистон мазкур соҳадаги асосий ҳомийси ва тиббиёт маҳсулотларининг асосий ҳаридорларидан бири бўлган Ўзбекистон учун алоҳида енгилликлар жорий қилди. Ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари Ҳиндистон томонидан ишлаб чиқилган махсус онлайн платформалар орқали Cоvid-19 га қарши курашиш кўникмаларини ўрганишди ва Ҳиндистонлик ҳамкасблари билан доимий равишда тажриба алмашиб туришни йўлга қўйишди.

2021-йил март ойидан бошлаб Ҳиндистонда кескин эпидемиологик вазият вужудга келди. Кунлик янги касалланишлар сони рекорд даражада ошиб 400 минглик кўрсатгичгача етди. Умумий касалланганлар сони эса ҳозирга 30 млн нафарга яқинлашди. Натижада Ҳиндистонда дори-дармон воситалари ва кунлик истеъмол товарлари етишмовчилиги келиб чиқди. Шундай шароитда яқин дўст ва ҳамкор давлат сифатида Ўзбекистон томонидан Ҳиндистонга коронавирус билан курашиш учун гуманитар ёрдам сифатида «Ремдесивир» препарати, этил спирти, мобил кислород консентратори тўпламлари юборилади.

2021 йил 27-январ куни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов Ҳиндистон кимё саноати, ўғитлар ва фармацевтика давлат вазири Мансух Мандавия билан учрашди. Учрашувда Ҳиндистондаги вакцина ишлаб чиқариш бўйича мавжуд улкан салоҳиятни назарда тутган ҳолда, икки мамлакат тегишли муассасалари ўртасида коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди ва биргаликда иккала давлат ҳудудида ҳам вакцина ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил 15-16 июл кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Конференция доирасида иккала минтақа ўртасидаги алоқани ривожлантиришга қаратилган Жанубий ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтади. Саммитда учта умумий мавзу муҳокама қилинади — иқтисодиётни ривожлантиришда, ўзаро алоқалар кўламини ошириш учун зарурий шарт-шароитларни яратиш ва умумий тинчликка эришиш мақсадида Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш, муштарак маданиятга эга давлатлар сифатида маданий соҳада минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳиндистон Бош Вазири Нарендра Моди, Покистон Бош вазири Имрон Хон билан биргаликда Марказий Осиёнинг тўрт давлати раҳбарлари, шунингдек Россия, Эрон, Хитой, АҚШ ва Европа Иттифоқининг етакчи вакиллари ҳам таклиф қилинган.

Ушбу конференция Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий алоқаларни янгилашга қаратилган. Унинг асосий мақсади стратегик характерга эга бўлган аниқ лойиҳаларни белгилаб берувчи Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликнинг мустаҳкам асосларини яратишдир.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги илмий ҳамкорлик, икки томонлама манфаатли бўлган савдо-иқтисодий, технологик ва инвестицияларни жалб қилиш соҳаларини яхшилаш йўлидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш икки давлат халқлари фаровонлиги ва равнақига ҳисса қўшади. Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Н.Моди иштирокидаги саммитлар ва учрашувлар илм-фан ва технологиялар соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар ва шунингдек, қўшма тадқиқотларга қаратилган лойиҳаларни илгари суришга янги туртки бўлади.

Ўзбекистон бугунги кунда Ҳиндистонни минтақада савдо-иқтисодий муносабатларини янада ривожлантириш, барқарорликни мустаҳкамлашда ўзи учун ишончли бўлган шерик сифатида кўради. Ўз навбатида, Ҳиндистон Ўзбекистон раҳбариятининг янгича ёндашуви ҳамда фаол ҳамкорлик ва яхши қўшничиликка асосланган ички ва ташқи сиёсатини алоҳида эътироф этган ҳолда икки томонлама ҳамкорликка янги босқичларга олиб чиқишга интилмоқда.

 

Ҳилола Мустапова,
Шарқ мамлакатлари сиёсати ва халқаро
муносабатлар кафедраси катта ўқитувчиси

Report Page