Ўзбекистон қурилиш бозорларида нарх-наво қандай? 

Ўзбекистон қурилиш бозорларида нарх-наво қандай? 

«Расмий хабарлар»

АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси бошқарма бошлиғи Ботир Хожабеков қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар салоҳияти ва маҳсулотлар нархлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.

 “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан 2021 йилда қуйидаги ишлар амалга оширилади:

2021 йил учун белгиланган соҳа бўйича қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини 24,2 трлн сўмга, шу жумладан, уюшма таркибидаги корхоналар бўйича 9,1 трлн сўмга етказиш режалаштирилган.

Жумладан, 500 минг дона санитар-техник буюмлар (2 баравар), 16,4 млн тонна цемент (131 фоиз), 2,6 млн ўрам обой (1,3 баравар), 23 млн кв м керамик плитка (110 фоиз), 62 млн кв м гипсокартон (ўсиш 102 фоиз) каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади.

2021-2022 йилларда қиймати 5,1 миллиард доллар бўлган 1005 та, шундан жорий йилда 2,3 млрд доллар ва 2022-23 йилларда 1,5 ва 1,3 млрд долларликлик лойиҳалар ўз вақтида ишга туширилади.

Ислоҳотларни амалга оширилиши натижасида 2022 йилда 27 трлн сўм ва 2023 йилда 30,6 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.

Cоҳа корхоналари экспортини 2021 йилда 450 млн долларга, 2023 йилда эса 1,07 млрд. долларга етказиш режалаштирилмоқда. 

Жорий йилда қиймати 905 миллиард сўмлик 17 турдаги маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши таъминланади.

Шундан, Инвестиция дастури доирасида Уюшма бўйича жорий йилда 31 та лойиҳа бўйича 327,6 млн доллар, шундан 215 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция маблағлари ўзлаштирилади ва қиймати 90,7 млн долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилади.

Дастур амалга оширилиши натижасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йилда 2020 йилга нисбатан 139 фоизга ўсиб 30,6 трлн сўмни, экспорт 4,2 бараварга ошиб 1,07 млрд долларни, импорт ўрнини босиш 3,9 бараварга ошиб 302 млн долларни ташкил этади. Шунингдек, ташкил этиладиган янги иш ўринлари ҳисобига соҳада ишловчилар сони 121 фоизга ёки 30 минг кишига ошиб 170 минг нафарни ташкил этади.

Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 8600 дан ортиқ саноат корхоналари мавжуд бўлиб, улар томонидан 165 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда.

Хусусан, Республикамизда цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган 30 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Энг йирик цемент заводлари бу йиллик қуввати 4,2 млн. тонна бўлган “Оҳангаронцемент” АЖ, йиллик қуввати 3,5 млн тонна бўлган “Қизилқумцемент” АЖ ва йилига 1,6 млн. тонна тонна цемент ишлаб чиқариш имкониятига эга “Бекободцемент” АЖ ҳисобланади. 2021 йилда цемент ишлаб чиқариш прогнози 16,4 млн тонна кутилмоқда ва йил давомида жами қувватлари

8,6 млн. тоннага тенг умумий лойиҳа қиймати 738,4 млн доллар бўлган 11 та (Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида) янги цемент ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, йил охирида цемент ишлаб чиқариш қувватлари 25,3 млн.тоннага етказилиши кутилмоқда. Ўтган ҳафта давомида биржа савдоларига ўртача кунлик 51,7 минг тоннадан цемент қўйилиб, бир тоннаси ўртача 569,0 минг сўмга сотилган.

Газобетон ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимизда жами йиллик қуввати 1,71 млн куб метр бўлган 9 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Ушбу йўналишда энг йирик қувватлар Тошкент вилоятидаги "East mining invest" МЧЖ ҚК (Оҳангарон – 500 минг м3), "Алижон" МЧЖ (Оҳангарон - 300 минг м3), "Mega Block Investment" МЧЖ (Оҳангарон - 200 минг м3), "Тошкент Темир Бетон" УК (Ўрта чирчиқ - 200) ва “Артон” МЧЖлар (Оҳангарон - 200) ҳисобланади. Ҳозирда бир метр куб газобетоннинг ўртача бозор нархи 700 минг сўмни ташкил этади.

2021 йилда янги қувватларни ишга тушириш режаси – 6 та лойиҳа, умумий йиллик қуввати 900 минг куб м.

Иссиқлик сақловчи материаллари ишлаб чиқариш бўйича жами йиллик қуввати 115 минг тонна бўлган 10 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Энг йирик қувватлар сони 6 та бўлиб, улар Basalt Composite Group (базальт, Жиззах в. – 32 минг тонна), "Ecoclimat" МЧЖ (Минерал момиқ, Жиззах в. – 16,5 минг тонна), "Қибрай-Якка Чинор" МЧЖ (Минерал момиқ, Тошкент вилояти – 15 минг тонна), O'zbekiston ko'zi ojizlar jamiyatiga qarashli "Namangan o'quv ishlab chiqarish korxonasi" МЧЖ (минерал момиқ, Наманган в. – 13,6 минг тонна),  "Elektroizolit" Ўзбек-Британия қўшма корхонаси (базальт, Тошкент ш. – 13,5 минг тонна) ва "O'zmetkombinat" АЖлар (базальт – 12,2 минг тонна) ҳисобланади. Ҳозирда бир метр куб иссиқлик сақловчи материалларининг ўртача бозор нархи 800-900 минг сўмни ташкил этади. 2021 йилда умумий йиллик қуввати 127 минг тонна бўлган 4 та янги инвест лойиҳа ишга туширилади.

Керамик плиталар ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимизда жами йиллик қуввати 41,2 млн кв.метр бўлган 40 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Ушбу йўналишда энг йирик қувватлар Тошкент вилояти - 14,85 млн. метр квадрат, Сирдарё вилояти қуввати - 13 млн м. кв., Фарғона вилояти - 4,631 млн.м.кв. ва Тошкент шаҳрида (4,7 млн м. кв) жойлашган. Ҳозирда бир метр кв. керамик плитканинг ўртача бозор нархи 35 минг сўмни ташкил этади.

Қурилишда энг кўп ишлатиладиган материаллардан бири гипсокартон тайёрлашга ихтисослашган корхоналар сони Республика бўйича 36 та бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 77,8 метр кв.ни ташкил этади. Ушбу йўналишда энг йирик қувватлар Бухоро (40 млн. м.кв), Самарқанд (10 млн м.кв.), Тошкент (3,1 млн. м.кв.) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (11,5 млн м.кв.) яратилган. Ҳозирда гипсакартоннинг бозордаги ўртача нархи 38 минг сўмни ташкил этади.

Шунингдек, мамлакатимизда санитар техник буюмлар ишлаб чиқариш ҳажми ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Маҳаллий маҳсулотларга нафақат ички балки ташқи бозорда ҳам талаб юқори. Республикада ушбу йўналишда йиллик қуввати 2,4 млн. дона бўлган 32 та корхона фаолият юритмоқда. Энг йирик ишлаб чиқарувчилар "Central Asia Sanitaryware" МЧЖ (Ангрен ш. - 600 минг дона), “Эко керама” МЧЖ (Фарғона ш. - 500 минг), “Great Wall Ceramic Industries” МЧЖ ҚК (Ангрен – 400 минг), "Vita Ceramics" МЧЖ (Ангрен ш. – 319 минг) ва "Angren Elite Ceramic" МЧЖ лар (Ангрен ш. – 100 минг дона) ҳисобланади. Ҳозирда санитар техник буюмларнинг бозордаги ўртача нархи 350 минг сўмни ташкил этмоқда.


Report Page