«Ўзбекбалиқсаноати» уюшмасининг 2021 йилдаги фаолияти таҳлили
https://t.me/aoka_uzЎтган 2021 йил давомида балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ етиштириш ҳажмини ошириш, янги инновацион технологияларни жорий этиш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда республикада балиқ турлари хилма-хиллигини оширишга йўналтирилган бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан: Балиқчиликни ривожлантириш мақсадида 364 та балиқчилик лойиҳалари амалга оширилиб, 2310 нафар янги иш ўринлари яратилди.
Мисол учун:
Сурхондарёда 68 та (161 млрд сўм), Жиззах вилоятида 36 та (72,4 млрд сўм), Қорақалпоғистон Республикасида 35 та (65,7 млрд сўм), Андижонда
35 та (70 млрд сўм) ва Қашқадарёда 27 та (50 млрд сўм) лойиҳалар шулар жумласидандир.
Наманган, Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятлардаги 13 та балиқчилик лойиҳаларига 9,4 млн доллар қийматдаги ҳорижий инвестициялар жалб қилинди.
Ушбу лойиҳалар доирасида личинка ишлаб чиқариш қуввати 470 млн. дона бўлган 10 та инкубация цехлари ишга туширилиб, 4,1 млрд дона балиқ личинкалари ишлаб чиқарилди.
Балиқ чавоқларини етиштиришга ихтисослашган 873 гектар майдонда қуввати 52 млн дона бўлган репродуктор ҳавзалар барпо этилди.
Қуввати 15 минг тн бўлган юқори сифатли омухта ем ишлаб чиқарувчи 3 та корхона ҳамда қуввати 4000 тн бўлган балиқни қайта ишловчи 8 та корхона ишга туширилди.
Шунингдек, қуввати 4,5 минг тн бўлган 110 гектар майдонда интенсив сув ҳавзалари барпо этилди. Табиий сув ҳавзаларига 460 та (қуввати 920 тн) қафас мосламалари ўрнатилди. 3220 гектар оддий сунъий сув ҳавзалари интенсивлаштирилиши натижасида бир гектар майдонда балиқ етиштириш ҳосилдорлиги 2-3 тоннадан 10-12 тоннагача оширилди.
Совуқ сув балиқларини етиштиришга ихтисослашган корхоналарнинг қуввати оширилиб, 7 та хўжалик ишга туширилди. Наманган вилоятида "Кинг фиш экспорт" МЧЖ, “Учқўрғон агро экспорт” МЧЖ, Тошкент вилоятида "Шарқ балиғи" МЧЖ, "Салмондае" фх ва Сурхондарё вилоятида "Қандил парвози файз" ФХ шулар жумласидандир.
Ўтган 2021 йилда Бухоро, Жиззах, Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 1 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида 2 тадан жами 9 та балиқ етиштириш қуввати 3100 тн, қайта ишлаш қуввати 1550 тн бўлган балиқчилик кластерлари ташкил этилди.
Мазкур кластерлар барча солиқлардан озод этилиши натижасида
6,5 млрд сўм имтиёзга эга бўлди. 19 та балиқчилик хўжалигига давлат томонидан 3,7 млрд сўм субсидиялар ажратилди.
Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Вьетнам, Эрон ва Тожикистон давлатларига 8,9 млн доллар қийматдаги 2,2 минг тн балиқ ва балиқ маҳсулотлари экспорт қилинди.
Юқоридаги ишларни ташкил этилиши ҳисобига 2021 йилда жами
400 минг тонна балиқ етиштирилди.
Шунингдек, мавжуд сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланган ҳолда балиқ етиштириш ҳажмини ошириш ва юқори даромадларга эришиш мумкинлигини тушунтириш борасида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан ҳудудларда 60 га яқин семинар ва тренинглар ўтказилди.
Шу билан бирга, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан “Аҳоли хонадон томорқаларида интенсив усулда балиқ етиштириш” бўйича қўлланма ишлаб чиқилди. Қўлланма билан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг расмий веб-сайтида танишишингиз мумкин.