Ўзбек тили байрами Бухорода ҳам муносиб нишонланмоқда
Buxoro.uzТил – давлат тимсоли, мулки, миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи ва тарихидан дарак берувчи воситадир. Шу сабаб уни асраб-авайлаш, ўз она тилимизда мазмунли, равон сўзлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” 2020 йил 10 апрелдаги 615-сон қонунининг 1-моддаси билан 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланиб, ҳар йили байрам сифатида юртимизда кенг нишонланиб келинмоқда.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан вилоят мусиқали драма театрида “Она тили – миллат ғурур” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Театр фойеси мавзуга мос декорациялар, ҳунармандчилик маҳсулотлари билан безатилди. Бир томонда театр қаҳрамонлари, бир томонда мусиқа ижрочилари, яна бир томонда китоблар кўргазмаси....
Асосий байрам тадбирида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос ва тилшунос олимлар, санъаткорлар, журналистлар, ёшлар, педагог ходимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабарлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев вилоят ҳокимининг ўзбек тили байрами куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикда қайд этилганидек, ўзбек халқи ўз тарихи мобайнида она тилида иш юрита олмаган, нутқ сўзлай олмаган даврларни ҳам бошидан ўтказди. Ўзи яшайдиган маҳаллани, туғилган жойни ўз тилида номлай олмаган пайтлар бўлди.
1989 йил 21 октябрда она тилимизга давлат тили мақоми берилди, яъни “Давлат тили ҳақида”ги тарихий қонун қабул қилинди. Бу – фикрни эркин баён қилиш ҳуқуқи ва катта имконият – она тилида гапириш, иш юритиш, ижод қилиш демакдир.
Аммо шундан кейин ҳам 30 йилга яқинроқ вақт ичида мамлакатда ўзбек тили ўзининг давлат тили сифатидаги мақомини тўла эгаллай олмади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 21 октябр куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 30 йил тўлиши муносабати билан имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий Фармон мамлакатда давлат тилини ривожлантириш ишларининг янада жонланишига асос бўлди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари тузилмаларида бевосита соҳа ривожи учун фаолият юритувчи маслаҳатчилар лавозими жорий этилгани, энг муҳими 21 октябрнинг Ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланиши она тилимиз мавқеини ошириш, унинг чинакамига Давлат тили мақомига кўтаришда муҳим дастуриламал бўлди.Бунинг натижасида ўзбек тили бутун дунёдаги тиллар қатори ўз ўрнига, обрў ва мақомига эга бўлди.
Бунга эса яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олий минбарида ҳурматли Президентимизнинг ўз она тилимизда сўзлаган маърузалари мисолида яна бир бор гувоҳ бўлдик. Муҳташам анжуманда тилимизнинг бошқа халқаро тиллар билан бир қаторда жаранг сочгани, тенглар ичида тенг бўлиб, ўз гўзаллигию улуғворлигини акс эттиргани барча миллатдошларимиз қалбига фахр ва ифтихор туйғуларини бағишлади.
Тадбир мазмунан – моҳиятига кўра кенг қамровли, мазмунли бўлиб, бундан 34 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлганлиги, “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратганлиги таъкидланди.
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, миллий давлатчилигимиз ва ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизни ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун ҳамда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан бир гуруҳ фаоллар вилоят ҳокимлиги ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда намойиш этилган бадиий-мусиқий композицион дастур байрам руҳиятини янада оширди.
Ўзбек тили мадҳига бағишланган шеърлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилди.
Айниқса, вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан саҳналаштирилган “Фитрат” номли саҳна намойиши йиғилганларга улкан таассурот қолдирди.
Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбирлар, турли кўрик-танлов ва викториналар давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати