“ЎзРТХБ” АЖ да биржа экспортини кенгайтириш бўйича анжуман ўтказилди

“ЎзРТХБ” АЖ да биржа экспортини кенгайтириш бўйича анжуман ўтказилди

пресс служба

2019 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг марказий офисида “Экспорт йўналишида тузилган биржа битимлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ, “Трастбанк” ХАБ ва “Транскапиталбанк” ОАЖ ҳамкорлигида тузилган лойиҳани амалга ошириш” мавзусида анжуман ўтказилди. Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ҳажмларни ошириш, экспорт қилинадиган товарлар номенклатурасини кенгайтиришдан иборат бўлди.

Анжуманда “Трастбанк” ХАБ, “Транскапиталбанк” ОАЖ, “Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси” АЖ, Россия экспорт маркази, Татаристон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикасининг вазирлик ва идоралари, Россия ва Ўзбекистон тадбиркорлари иштирок этдилар. Тадбир доирасида, шунингдек, журналистлар учун брифинг ҳам ўтказилди.

Учрашув аввалида “ЎзРТХБ” АЖ бошқарув раиси Фарохидин Ибрагимов меҳмонларни илиқ кутиб олиб, ташқи савдо йўналишида тузиладиган биржа битимлари бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш соҳасида ўрнатилган ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожланишига умид билдирди.

Анжуманда таъкидланганидек, икки мамлакат раҳбарларининг катта эътибори ва кўмаги билан Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги дўстона муносабатлар барча соҳаларда, шу жумладан савдо-иқтисодий муносабаталар, ҳамда биржалар ва банклараро алоқалар ҳам жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда.

Жорий йилнинг 30 май куни Урганч шаҳрида Россия ва Ўзбекистон Бош вазирлари даражасида ўтказилган қўшма комиссиянинг биринчи йиғилишининг қарорларини амалда ижро этиш доирасида, 2019 йил 26 июнь куни Москва шаҳрида “Трастбанк” ХАБ, “Транскапиталбанк” ОАЖ ва “ЎзРТХБ” АЖ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Имзоланган мазкур ҳужжат биржа савдолари орқали амалга ошириладиган ташқи савдо операциялар бўйича ўтказиладиган ҳисоб-китобларни оптималлаштиришда банкларнинг қушимча воситаларидан фойдаланиш имконини беради, ҳамда транзакция ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнини соддалаштириш ва тезлаштиришга кўмаклашади.

Эришилган келишувлар, авваламбор, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айланмаси ҳажмларини янада ошириш мақсадида биржа савдо механизмларидан кенг фойдаланган ҳолда икки мамлакатнинг экспорт маҳсулотларини кенгайтириш ва янги товар бозорларини ўзлаштиришга йўналтирилгандир.

Бугунги кунда “ЎзРТХБ” АЖ нинг хорижий мижозлари “Трастбанк” ХАБ нинг “Транскапиталбанк” ОАЖ да очилган корреспондентлик ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китобларни доллар, ЕВРО ва Россия рублида амалга ошириш бўйича ягона механизми ишлаб чиқилган ва жорий этилган.

Мазкур механизмдан нафақат Россия Федерациясининг тадбиркорлари, балки Қозоғистон, Афғонистон ва Тожикистоннинг бизнес вакиллари ҳам фойдаланишни бошлаган. Лойиҳа ишга туширилган пайтдан буён ўтган қисқа вақт мобайнида полиэтилен ва суюлтирилган газ бўйича биржада рўйхатга олинган 7 та битимлар бўйича умумий қиймати 2 млн АҚШ долл. атрофида валюта тушумлари қабул қилинди­­­­.

Анжуман давомида “Транскапиталбанк” ОАЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Елена Ширинская икки мамлакат молия ва биржа тузилмалари ўртасидаги шериклик алоқалари янада ривожланишига умид билдириб, Ўзбекистон ва ЕОИИ/МДҲ/ШҲТ мамлакатлари ўртасида ҳисоб-китоб “кўприги” вазифасини бажаришда эришилган ютуқлари тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

Айтиб ўтилганидек, йўлга қўйилган банклараро ҳамкорлик воситаси ташқи савдо операцияларини амалга оширишда Россия ва Ўзбекистон тадбиркорларини биржа механизмидан кенг фойдаланишга ундайди.

Тадбир доирасида биржа савдоларида иштирок этиш учун киритиладиган гаров маблағларини кредитлаш орқали икки мамлакат тадбиркорларининг ташқи савдо фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлари кенг ёритилди. Шунингдек маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатдошлигини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.

Тақдимотлар ва маърузалар давомида “ЎзРТХБ” АЖ вакиллари меҳмонларни биржа фаолияти билан яқиндан таништиришди, биржанинг ҳар бир савдо платформасининг ўзига хос хусусиятлари ва ташқи савдо майдончаларининг ишлаш механизмлари батафсил очиб берилди. Хусусан, UZEX нинг тақдимот видеоролики намойиш этилди ва ташриф буюрганлар биржа савдолари жараёнини бевосита савдо залида кузатиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек ҳисоб-китоб клиринг тартиби ҳам алоҳида ўрганиб чиқилиб, мазкур механизм эвазига биржада тузиладиган битимларнинг баражарилиш даражаси 98% дан ошиши айтиб ўтилди.

Умуман олганда, 2019 йилнинг 8 ойи давомида “ЎзРТХБ” АЖда умумий қиймати 100,0 млн АҚШ долларидан ортиқ экспорт битимлари тузилган бўлиб, бу 2018 йилнинг мос даври билан солиштирганда 30% га кўпдир. Экспорт қилинган товарлар тузилмасида етакчи ўринни, яъни бозорнинг 49% ни пахта толаси эгаллаган. Полиэтиленнинг улуши 30%, нефть маҳсулотлари – 14% ва суюлтирган газ – 7% ни ташкил этган. Биржа экспортининг қолган қисми полипропилен, пахта ёғи ва шроти улушларига тўғри келган.


Report Page