ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ФАО қўшма лойиҳасини амалга ошириш натижалари сарҳисоб қилинди

ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ФАО қўшма лойиҳасини амалга ошириш натижалари сарҳисоб қилинди


Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган Қишлоқ хўжалигида билим, инновация ва хизматлар миллий маркази AKISда ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ФАОнинг «Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ва мониторинг қилишда миллий салоҳиятни кучайтириш» қўшма лойиҳасининг якунларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда ФАО экспертлари, ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда соҳага оид вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар сингари 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш борасидаги Кун тартибига амал қилишини тасдиқлади ва Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ)га миллий даражада эришиш шартларини қабул қилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги қарори билан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Ўзбекистонда БРМнинг амалга оширилиши «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси» доирасидаги кенг қамровли ислоҳотларга тўлиқ мос келади. БРМ миллий ва минтақавий ривожланиш дастурларига, хусусан, Ўзбекистонни 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси киритилган.

 «Ушбу лойиҳа озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги секторларининг 2030 йилгача бўлган даврда Кун тартибидаги асосий роли ва улушини ҳисобга олган ҳолда Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришишни тезлаштиришга ўз ҳиссасини қўшди. БРМни соҳаларга оид ривожланиш стратегиялари, дастурлар ва бюджетга интеграциялаш бўйича Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа ихтисослашган муассасаларнинг имкониятлари кенгайтирилди. Бундан ташқари, БРМ кўрсаткичлари бўйича мониторинг ва ҳисобот соҳасидаги миллий салоҳият кучайтирилди», - дейди Ўзбекистондаги ФАО вакилининг ўринбосари Шерзод Умаров.

БРМга эришишда устувор йўналишларни, Озиқ-овқат хавфсизлиги ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурини БРМни бажаришга эътибор қаратган ҳолда амалга оширишнинг гендер жиҳатларини белгилаш йўли билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда давлатнинг роли ҳақидаги маърузалар тақдим этилди.

Бундан ташқари, «2030 йилгача қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси» ҳамда «Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги дастурлари»ни амалга оширишга фермерлар ва деҳқонларни жалб қилиш, шунингдек БРМга эришишда хусусий компанияларнинг ҳиссаси муҳокама қилинди.


ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Мультимедиа маркази




Report Page