Ўтган ярим йилда Пенсия жамғармаси тизимида 3 292 ҳолатда 5 718,3 млн.сўмлик молиявий хатоликлар ва ортиқча пенсия тўловлари аниқланган

 Ўтган ярим йилда Пенсия жамғармаси тизимида 3 292 ҳолатда 5 718,3 млн.сўмлик молиявий хатоликлар ва ортиқча пенсия тўловлари аниқланган

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Ички аудит ва молиявий назорат бўлими бошлиғи Дилшод Мирсаидов Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ички аудит хизмати томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Пенсия жамғармаси Ижро этувчи аппаратининг Ички аудит хизмати томонидан 2022 йилнинг I ярим йиллигида ўтказилган барча ўрганишлар ва назорат тадбирларида республика бўйича жами 3 292 ҳолатда 5 718,3 млн.сўмлик молиявий хатоликлар ва ортиқча пенсия тўловлари аниқланган. Бу хатоликлар қуйидаги йўналишларда йўл қўйилган:

1. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун маълумотларни хато шаклланиши натижасида 2 194 ҳолатда 3 510,3 млн.сўм;

2. Давлат пенсия ва нафақаларининг нотўғри тайинланиши ва ҳисобланиши натижасида 913 ҳолатда 2 179,7 млн.сўм;

3. Ҳудудларда бухгалтерия ҳисобини юритишда смета-штат ва бюджет интизомининг бузилиши натижасида 185 ҳолатда 28,2 млн.сўм.

Ушбу аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг барчаси ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни мухофаза қилиш идораларига топширилди.

Шунингдек, ортиқча тўловлар юзага келишига сабабчи бўлган 221 нафар ходимларига нисбатан турли интизомий жазо чоралари қўлланилиб, 45 нафар айбдорлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. Шундан

2 нафар ҳудудий бошқарма бошлиқлари, 17 нафар туман (шаҳар) бўлими бошлиқлари.

Ушбу хатоликларнинг бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида Пенсия жамғармаси томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:

1. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали нафақа ва моддий ёрдамлар тайинлашда 16 та вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан 52 турдаги маълумотлар электрон олиниши йўлга қўйилиб, 2022 йилнинг ўтган даврида қўшимча 7 турдаги маълумотлар электрон олиниши ишга туширилиб, бу йўналишларда маҳалла фуқаролар йиғинлари ва аризачилардан маълумот тақдим этиш билан боғлиқ инсон омили аралашувига чек қўйилди;

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 майдаги ПҚ-5102-сон қарорига мувофиқ, Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларидаги Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлари бўлимлари тугатилиб, 14 та ҳудудий бошқармаларда Марказлашган бухгалтерия бўлимлари ва ички аудит шўъбалари ташкил этилди ва бугунги кунда малакали мутахассислар билан тўлдирилди;

3. “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида давлат хизматлари қамрови ва тезкорлигини ошириш, уларнинг кўрсатилишида аҳолининг барча қатламлари манфаатларини инобатга олиниш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 апрелдаги 248-сон қарори билан пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган фуқароларга 7 турдаги нафақалар ҳеч қандай ҳужжатларсиз Давлат хизматлари Агентликлари ёки ЕПИГУ га мурожаат қилиш орқали тайинланиши йўлга қўйилди;

Шунингдек, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа («суюнчи» пули) ва дафн маросими учун нафақа пули учун Пенсия жамғармасига ариза тақдим этмасдан тўғридан тўғри Халқ банки кассалари орқали тўланиши йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 майдаги

ПҚ-5102-сон қарори билан маълумотларни инсон омилисиз электрон ахборот алмашинувидан олиш орқали барча турдаги давлат пенсияларини 2022 йил июль ойидан бошлаб фуқаролардан фақат биргина паспорт ёки ID-карта маълумотлари талаб қилиш орқали тайинлаш тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда;

- фуқаролардан мурожаат қилиш талаб этилмаган ҳолда болаликдан ногиронлик белгиланган болаларга ва парваришлаш нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга "Проактив" усулда нафақа тайинлаш хизматини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.


Report Page