Ўтган йилда 606,3 млн доллар миқдорида қурилиш материаллари ва хизматлари экспорти қилинди

Ўтган йилда 606,3 млн доллар миқдорида қурилиш материаллари ва хизматлари экспорти қилинди

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов маълум қилди:

2022 йилда соҳа бўйича жами 600 млн доллар миқдорда қурилиш материаллари ва хизматларини экспорт қилиш режалаштирилган эди. 

Ўтган 2022 йил якуни бўйича олинган тезкор маълумотларга кўра тармоқ корхоналари томонидан 606,3 млн доллар миқдорида қурилиш материаллари ва хизматлари экспорти амалга оширилиб, белгиланган режа 101 фоизга бажарилди. Бу 2021 йилга нисбатан 138 фоизни ташкил қилди ёки 168 млн долларга кўп қурилиш материали экспорт қилинди.

Юқоридаги экспорт кўрсаткичларга 92 млн долларлик керамик плитка ва керамика буюмлари, 40 млн долларлик алюмин профил ва панеллар, 82 млн долларлик ПВХ профил, труба ва фитинглар, 9 млн долларлик цемент, 44 млн долларлик қуруқ қурилиш қоришмалари, 38 млн долларлик гулқоғоз, 19 млн долларлик таббий пардозбоп тошлар каби қурилиш материаллар экспорт қилиш ҳисобига эришилди.

Эътиборли жиҳати, аксарият қурилиш материаллар бўйича тармоқда янги қувватларни яратилиши ва модернизация қилиниши, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда янги корхоналарни экспортга жалб қилиниши ҳисобига баъзи турдаги қурилиш материаллари экспортини 2021 йил шу даврига нисбатан бир неча баробарга оширишга муваффақ бўлинди. Мисол учун, 2021 йилга нисбатан керамик плиткалар 1,4 баробарга, гулқоғоз 2,4 баробарга, табиий пардозбоп тошлар 1,3 баробарга, ойна маҳсулотлари 1,3 баробарга кўп экспорт қилинди.

Жорий йилнинг ўтган ҳисобот даврида қурилиш материаллари экспорти географияси анъанавий ҳисобланган бозорлар яъни Қозоғистон, Россия Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистондан каби давлатлардан ташқари, Таиланд, Бельгия, Фиджи, Исроил, Испания, Франция, Хорватия, Ироқ, Бразилия давлатлари ҳисобига кенгайтирилди.

Қурилиш материалларининг асосий экспорт бозорлари бу қўшни республикалар ҳисобланиб, ушбу давлатларнинг умумий экспортдаги улуши қарийб 71 фоизни ташкил этмоқда. Хусусан, давлатлар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, Қозоғистонга – 177 млн долларлик, Қирғизистонга – 89 млн долларлик, Тожикистонга – 65 млн долларлик, Туркманистонга – 21 млн долларлик, Афғонистонга – 2 млн долларлик, Россияга – 63 млн долларлик, Литвага – 17 млн долларлик, Туркияга – 9 млн долларлик, Украинага – 3 млн долларлик, Озарбайжонга – 8 млн долларлик қурилиш материаллари экспорти амалга оширилган.


Report Page