Ўтган йилда Ўзбекистон Республика валюта биржасида савдоларнинг умумий ҳажми рекорд даража - 706,79 трлн. сўмга етди

Ўтган йилда Ўзбекистон Республика валюта биржасида савдоларнинг умумий ҳажми рекорд даража - 706,79 трлн. сўмга етди

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Валюта биржаси ахборот хизмати раҳбари Гулшан Ботирова маълум қилди.

Сизларга мамлакатимизнинг кўп функцияли ва энг йирик биржа платформаси, миллий валютадаги ликвидликнинг маркази бўлган “Ўзбекистон республика валюта биржаси” акциядорлик жамияти тўғрисида ва у томонидан 2022 йил давомида жорий этилган янгиликлар ҳамда амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтмоқчиман.

Айтиш жоизки, бугунги кунда, ЎзРВБ томонидан валюта, пул, давлат қимматли қоғозлари бозорларида ва, 2022 йилдан бошлаб эса, деривативлар бозорида биржа савдолари ташкил этилган бўлиб, унинг хизмат турлари давлат қимматли қоғозларини ҳисобга олиш ва уларни сақлаш бўйича депозитар хизматларни кўрсатиш ҳамда биржа савдолари бўйича ҳисоб-китоб ва клирингни амалга ошириш каби муҳим функцияларни ҳам қамраб олган.

Маълумот учун, 2022 йил якунларига кўра ЎзРВБда савдоларнинг умумий ҳажми рекорд даража - 706,79 трлн. сўмга етиб, ўтган йилнинг мос кўрсаткичига нисбатан ўсиш 81,60 фоизни ташкил этди.

Валюта бозори ҳақида

ЎзРВБ валюта бозорида АҚШ доллари, евро, Россия рубли ва Хитой юани олди-сотдиси бўйича спот операциялари ЎзРВБ томонидан ишлаб чиқилган “Rhombus” платформасида "колл-аукцион" ҳамда икки томонлама узлуксиз аукцион замонавий усуллари орқали амалга оширилади.

2022 йил якунлари бўйича биржа валюта бозоридаги савдоларнинг умумий ҳажми 338,34 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос кўрсаткичига нисбатан 1,5 баробар ошди.

Республика валюта бозорини янада ривожлантириш, биржа савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ЎзРВБда 2022 йил давомида бир қатор стратегик аҳамиятга эга ишлар амалга оширилган, жумладан:

1. Ички валюта бозорида тижорат банкларининг миллий валюта курси шаклланишидаги фаоллигини ошириш мақсадида бозор тамойилларига мувофиқ маркет-мейкерлик фаолияти жорий этилди.

Маркет-мейкерлик институти жорий этилиши бозорда ликвидликнинг кун давомидаги узлуксизлигини таъминланиши, битимлар ҳажми ва кўламининг ортиши ҳамда валюта курси асосида бозор индикаторларининг шаклланиши масалаларини янада такомиллаштириш учун асос бўлди.

2. Бундан ташқари, рискларни самарали бошқариш мақсадида ЎзРВБ валюта бозорида марказий контрагент фаолияти йўлга қўйилди.

Бунда, ушбу фаолиятни юритиш орқали, ЎзРВБ марказий контрагент функциясини бажаради ва валюта бозорида тузилган битимларнинг ижросини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Марказий контрагент фаолияти жорий этилиши билан бирга, ЎзРВБда тузилган битимлар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Кафолат жамғармаси ҳам ташкил этилди.

3. Шунингдек, ЎзРВБ томонидан дефолт-менежментнинг самарали тизими жорий этилган бўлиб, Марказий контрагент фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган ликвидлик провайдерлари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Бунинг оқибатида, рискни бошқариш механизмлар кўлами кенгайтирилди.

Ликвидлик провайдери ҳисобланган тижорат банки валюта олди-сотди операциялари бўйича дефолт ҳолати юзага келганда битим тарафи сифатида қатнашиши ва ЎзРВБ билан миллий ва хорижий валюта олди-сотдиси бўйича битим тузиш мажбуриятини олади.

Бу, ўз навбатида, валюта бозоридаги дефолт менежменти тизимини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш учун муҳим қадам ҳисобланади.

Ҳурматли телетомошабинлар! Юқорида санаб ўтилган маркет-мейкерлик институти, марказий контрагент ва ликвидлик провайдери фаолиятлари, айтиш жоизки, илк бор ЎзРВБ томонидан жорий этилган бўлиб, шубҳасиз, республикамиз молия бозори учун стратегик аҳамиятга моликдир

Пул бозори тўғрисида

Банклараро пул бозорида бугунги кунда ЎзРВБнинг махсус электрон платформаси орқали тижорат банкларининг бўш пул маблағларини 1 кундан бир йилгача бўлган муддатга жалб қилиш ва жойлаштириш бўйича савдолар ўтказилиб, Марказий банкнинг тижорат банклари билан депозит аукционлари ҳам ташкил этилган.

Ушбу бозорда ўтказиладиган савдолар бозор қатнашчиларига қисқа муддатли активларга пул маблағларини тезкор равишда жалб қилиш ва жойлаштириш учун қўшимча имконият яратади. Сўнгги йиллардаги ҳажмлар ижобий динамикаси пул бозори инструментлари жозибадорлиги тўғрисида далолат беради.

2022 йилда ушбу бозордаги савдоларнинг умумий ҳажми рекорд даража - 270,61 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан деярли 93%га ошди.

Давлат қимматли қоғозлари бозори

Ушбу бозорда ЎзРВБнинг электрон савдо-депозитар платформаси орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилик мажбуриятлари ва облигациялари, шунингдек Марказий банкнинг облигациялари бирламчи жойлаштирилиши ва иккиламчи муомаласи бўйича савдолар, шунингдек РЕПО операциялари ташкил этилган.

2022 йилда ушбу бозорда жами 87,29 трлн. сўм қийматида давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилган бўлиб, 2021 йилга нисбатан ушбу кўрсаткич 3,5 баробар ошди.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз капитал бозорининг муҳим қисми бўлган давлат қимматли қоғозлари бозорини такомиллаштириш борасида ҳисобот йили давомида бир қатор долзарб ишлар амалга оширилди.

1. Хусусан, ЎзРВБ аукционларида илк маротаба муомала даври

10 йил бўлган давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилди. Бу молиявий инструментлар қаторини диверсификациялашга, бозорда “бэнчмарк”ни шакллантиришга, шунингдек суғурта компаниялари ва пенсия жамғармаларини жалб қилиш орқали инвесторлар базасини кенгайтиришга имкон беради.


Report Page