Ўтган икки чорак якунида ўрганилган 4512 та тендер савдосининг 2305 тасида 2511 та рақобатга зид ҳолат аниқланган

Ўтган икки чорак якунида ўрганилган 4512 та тендер савдосининг 2305 тасида 2511 та рақобатга зид ҳолат аниқланган

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Мирзоҳид Комилов давлат харидларини янада либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 75-моддасида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу Қонуннинг ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларининг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини ўз ваколатлари доирасида амалга ошириши белгиланган.

Шунингдек, Давлат харидлари жараёнида рақобатга зид хатти-харакатларнинг олдини олиш мақсадида ушбу қонун билан

иштирокчи ва ижрочиларнинг асосий бенефициар мулкдорлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиши шартлиги;

иштирокчи рақобатга қарши ҳаракатларни содир этса ёки қонун ҳужжатларини бузган ҳолда манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарса, шунингдек аффилланганлик ҳоллари аниқланса Харид комиссияси ёки давлат харидлари электрон тизимининг оператори томонидан иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиши;

Шартномаларнинг ягона реестрига шартномани ижро этиш тўғрисидаги ахборот киритилиши, агар шартномалар тўғрисидаги ахборот Шартномаларнинг ягона реестрига киритилмаган бўлса, ўша шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмаслиги;

инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига давлат харидлари жараёнида ёлғон ёки сохта ҳужжатларни тақдим этган, айни битта лотда иштирок этган аффилланган шахслар ёки манфаатлар тўқнашуви тўғрисида маълумотларни очиб бермаган иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлар киритилиши;

давлат харидлари жараёнига инсон омилининг аралашувини кескин қисқартириш мақсадида давлат харидларини давлат органларининг маълумотлар базалари билан интеграциялашган ҳолда электрон шаклда ўтказилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 февралдаги 81-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарининг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги низомда корхонанинг аффиланган шахслари ва якуний манфаатдор шахслари (бенефициарлари) рўйхати Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида мажбурий жойлаштирилиши кераклиги белгиланди.

Қўмита томонидан http://demoreport.uzex.uz, https://bo.birdarcha.uz/, https://stat.uz, https://orginfo.uz/ тизимлари орқали харидлар ижрочилари тўғрисидаги маълумотларни (харид ғолиби, унинг СТИР рақами, бенифициари ва таъсисчиси ва уларнинг СТИР рақами) доимий мониторинг ишларини амалга ошириш йўлга қўйилди.

Қўмита томонидан бугунги кунда давлат харидларида, хусусан, танлов (тендер) ларни ўтказишда рақобат тўғрисидаги ҳамда давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан белгиланган тартибда назорат ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан:

2022-йилнинг II-чорак якуни бўйича давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан ўтказилган 4 512 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди. Таҳлил натижасида давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан

2 305 та савдолар жараёнида 2 511 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган.

Ушбу аниқланган қонунбузилишлари қуйидагича:

1 823 та ҳолатда савдолар ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш (буюртмачилар ва иштирокчилар томонидан аффилланган шахслари ҳамда бенефициар мулкдор тўғрисидаги маълумотларни жойлаштирмаслик, товар (иш, хизмат) етказиб бериш муддатларини қисқа белгилаш, тўғридан-тўғри мзоланган шартномаларни порталга жойлаштирмасилик, иштирокчилар таклифларини баҳолаш мезонларини бузиш, иштирокчиларнинг аффиланганлигини ўрганмаслик);

419 та  ҳолатда иштирокчилар ўртасида аффилланганлик (иштирокчилар ўзаро келишиб олган ҳолда рақобат муҳитига таъсир этиши);

139 та ҳолатда буюртмачи ва иштирокчи ўртасида манфаатлар тўқнашуви (буюртмачи ўз таъсисчилигидаги ёки ўзаро манфаатдорликка эга бўлган корхона билан шартнома имзолаши);

130 та ҳолатда буюртмачи ва иштирокчи ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатлар (буюртмачилари томонидан савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, иштирокчиларни асоссиз равишда четлаштириш, битта ёки бир нечта иштирокчига имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш).

Жумладан:

Жорий йилнинг шу даврида Қўмита ва худудий бошқармаларга юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат харидлари соҳасида 101 та мурожатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосида ўтказилган таҳлил натижасида 67 та танлов (тендер) савдоларида 92 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган.

Қўмита мутахассислари томонидан ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда 2 406 та харидлар ўрганилган. Ўрганишлар натижасида 1 828 та савдоларда 1 978 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган.

Қўмитанинг белгиланган иш режаларига мувофиқ давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан амалга оширилган 2 005 та танлов (тендер) савдолари ўрганилган. Ўрганиш ишлари натижасида 410 та савдоларда 441 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган.

Аниқланган қонунбузилишларига қуйидагича таъсир чоралари кўрилган:

1 978 та қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ тартибот органларига маълумотномалар киритилган;

533 та ҳолат бўйича Қўмита томонидан 198 та иш қузғатилиб, 185 та буюртмачига кўрсатмалар берилган, 123 та мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шу билан бирга, Қўмита томонидан доимий равишда давлат харидлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, қонунбузилишларини олдини олиш, давлат харидлари субъектларига тенг имкониятлар яратиш, кичик бизнес субъектларини давлат харидлари жараёнига кенг жалб қилиш ҳамда қонунбузилишларига йўл қўйган субъектлар жавобгарлигини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган.

 


Report Page