Ўтган 9 ойда 16200дан ортиқ ташқи фаолият қатнашчисига божхона тўловларидан 39 трлн сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар қўлланилди

Ўтган 9 ойда 16200дан ортиқ ташқи фаолият қатнашчисига божхона тўловларидан 39 трлн сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар қўлланилди

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов маълум қилди.

Давлатимиз Раҳбарининг жорий йил 29 август куни Божхона қўмитасининг “Божхона расмийлаштируви маркази”га ташрифлари чоғида берилган топшириқлар:

 божхона соҳасини очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан холи тизимга айлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Хусусан, божхона органлари фаолиятини фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан онлайн тарзда баҳолаш ҳамда натижаларни ҳар ой якунлари бўйича қўмита расмий веб сайтида эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида  замонавий андозалар асосида “Ғишткўприк”, Навоий, “Довут ота” ҳамда “Ойбек” чегара божхона постларини реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Соҳани рақамлаштириш йўналишида 12 та дастурий таъминот, 3 та мобиль иловалар ишлаб чиқилди ва тадбиркорларимиз учун ушбу ахборот тизимларидан туну-кун самарали фойдаланиш имконияти яратилди. 

          Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 16 минг 200 дан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига божхона тўловларидан 39 трлн сўм миқдорида имтиёз ва преференциялар қўлланилди.

6,2 трлн сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.

Давлат бюджетига 40,3 трлн сўм миқдорида маблағ ўтказилди.

Хавфларни бошқариш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишида 780 млрд. сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Мамлакатимизда аҳоли соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жами 8 минг 935 килограммга яқин гиёҳвандлик воситалари, 619 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 4 млн 800 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси фош этилди.

  Халқаро ҳамкорлик йўналишида 8 та халқаро ҳужжат имзоланди. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида  5,3 млн доллар грант маблағлари жалб қилинди.

Шунингдек, божхона органлари томонидан республикамиз ҳудудларидаги жами 5 та “Саховат” ва “Мурувват” уйларида мукаммал таъмирлаш ҳамда реконструкция ишлари давом эттирилмоқда.

Республикамиз миқёсида қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилишини таъминлаш мақсадида жами 56 846 та бино ва иншоотларга шу кунга қадар умумий қуввати 387 МВтни ташкил этувчи қуёш панеллари ўрнатилди.

Ушбу йўналишдаги ишлар доимий мониторинг қилиниб, божхона органларининг “Яшил энергия” ахборот тизимида ҳаққоний маълумотлар қайд этиб борилмоқда.

          Республикамизнинг барча ҳудудларида 5 минг нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирокида  ўтказилган сайёр учрашувларда юртимизга олиб келинаётган хом ашё товарларини божхона ҳудудида қайта ишлаш режими имтиёзларидан фойдаланган ҳолда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтириш ҳақида батафсил тушунтиришлар берилмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар натижасида мазкур режимга жами 478 млн. АҚШ долларига тенг товарлар жойлаштирилиб, бу борадаги кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ёки 242 млн. АҚШ долларига ортди.

Шунингдек, илгари хом-ашё маҳсулотлари импортини амалга ошириб келган кўплаб тадбиркорларимиз эндиликда божхона тўловларидан озод қилинган ҳудуд имкониятлардан самарали фойдаланишни бошлади.

Улар томонидан 66 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, хорижга умумий қиймати 429 млн АҚШ долларини ташкил этувчи товарлар экспорт қилинди.

   Шу ўринда фуқароларимиз божхона соҳасига доир саволлар юзасидан қўмитанинг bojxona.uz расмий веб-сайти ҳамда туну-кун фаолият кўрсатувчи 11-08 ишонч телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.


Report Page