Ўтган 7 ойда қарийб 22 минг нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилди
https://t.me/aoka_uzАОКАда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўғилой Ўрозова иштирокида ўтказилган брифингда гендер тенглиги ва аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишидаги ишлар ҳақида маълумот берилди:
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 7 ойида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 21 871 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилди.
Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 18 минг 526 таси ёки 84,7 фоизи оилаларда содир этилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайишга эришилган бўлса-да, кейинги пайтларда содир этилаётган оилавий зўравонликка оид ҳолатлар бу борадаги ишларни, тегишли давлат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш тақозо этмоқда.
Ҳимоя ордери бериш натижасида 9 минг 362 та оилани тиклашга, 11 минг 350 та оилада низоларни бартараф этишга эришилди.
Расмийлаштирилган 5 минг 495 та ҳимоя ордерлари бўйича маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан зўравонлик такроран содир этилишининг олдини олиш ҳамда зўравонликдан жабрланганларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравон хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтказиш ишлари назоратга олинган.
Шу билан бирга хотин-қизларга нисбатан тазйиқ
ва зўравонликларнинг олдини олишда асосий эътибор оилалар, айниқса муаммоли оилалардаги муҳитни соғломлаштиришга қаратилган бўлиб, бу борада жойларда манзилли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан жорий йилнинг июль-август ойларида Ўзбекистон психологлари ассоциацияси билан биргаликда 9442 нафар маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига оилалардаги низоли вазиятларнинг олдини олиш, хотин-қизларга ҳуқуқий психологик ёрдамлар кўрсатиш борасида психологик билимларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра таъсис этилган “Ибратли оила” кўкрак нишони тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамасининг 437-сонли Қарори билан тасдиқланди.
Кўкрак нишони билан фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган намунали оилалар тақдирланади.
Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялар билан биргаликда шакллантирилади.
Номзод оилаларни кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар “Ибратли оила” кўкрак нишони учун номзодларни саралаш Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияси томонидан ҳар томонлама ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинади ва Оила ва хотин-қизлар қўмитасига тақдим этилади.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик вакиллари, шунингдек, давлат ва жамоат арбобларидан иборат таркибда кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича Доимий комиссия тузилади.
Мазкур комиссия хулосаси асосида ҳар йили 5 майга қадар Оила ва хотин-қўмитаси раисининг кўкрак нишони билан тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғи расмийлаштирилади.
Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси мукофотланган оилаларга 15 май Халқаро оила куни байрами арафасида тантанали тақдирланади.
Кўкрак нишони билан тақдирланган ибратли оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
650-сонли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари ўртасида грант танлови ўтказилди.
Республика комиссияси томонидан 118 та маҳаллада марказлар фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари томонидан таклиф этилган лойиҳалар кўриб чиқилиб, энг яхши деб топилган 66 та лойиҳа учун жами 3 млрд. 186 млн.сўм давлат гранти ажратилди. Таклиф этилган лойиҳаларга мувофиқ 1 062 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади.